Москвада мигрантлар ўзбек, тожик ва қирғиз тилларида рус армиясига қўшилишга тарғиб қилинмоқда
Ички ишлар вазирлиги таркибига кирувчи Москва жанубидаги “Сахарово” миграция маркази жамоат транспортида мигрантларни Россия армиясида хизмат қилишга тарғиб этувчи рекламаларни ўзбек, қирғиз ва тожик тилларида жойлаштирган.
Озодлик радиоси рус хизматининг ёзишича, уларда рус армиясида хизмат ўтаган меҳнат муҳожирларига соддалаштирилган тарзда Россия фуқаролиги берилиши қайд этилган.
Мазкур эълонлар фотосуратлари ижтимоий тармоқларда декабрь ойида пайдо бўлди. “Мосгортранс” матбуот хизмати РБКга бу каби эълонлар жамоат транспортига икки ойдан бери ёпиштириб келинаётганини тасдиқлаган. Хабарда билдирилишича, бу эълонлар учун “Сахарово” миграция маркази буюртма берган.
"Мосгортранс" айни пайтда мазкур эълонлар жамоат транспортидан олиб ташланганини маълум қилди.
Кузда Давлат думаси Россия армияси билан бир йиллик шартнома имзолаган хорижликларга соддалаштирилган тартибда Россия фуқаролигини бериш тўғрисидаги қонунни қабул қилган эди.
Бир неча ой олдин Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистоннинг Москвадаги элчихоналари ўз фуқароларини хориж давлатларидаги жанговар ҳаракатларда иштирок этиш жиноят экани тўғрисида огоҳлантирган ва мигрантларни ҳеч қандай ҳарбий амалиётларда иштирок этмасликка чақирган эди.
Бу огоҳлантирувлар Москва мэри Сергей Собянин “Сахарово” марказида мигрантларни ҳарбий хизматга қабул қилиш пункти очилишини эълон қилгани ортидан пайдо бўлди.
Байден: Украина ҳаводан мудофаа тизимини кучайтириш АҚШнинг биринчи галдаги вазифаси
Украина ҳаводан мудофаа тизимини кучайтириш Киевга ҳарбий ёрдам кўрсатиш жараёнида АҚШ учун биринчи галдаги вазифадир. Бу ҳақда АҚШ президенти Жо Байден Украина президенти Владимир Зеленский билан телефон орқали қилган мулоқоти чоғида билдирди.
Оқ Уйнинг билдиришича, АҚШ президенти Украина энергетика инфратузилмасини қўллаб-қувватлаш учун 53 миллион доллар ажратганини таъкидлади ва келгусида ҳам иқтисодий, гуманитар ёрдам беришда давом этишини ҳамда “агрессия учун барча ҳаражатларни Россия зиммасига юклашга ҳаракат қилиши”ни айтди.
Зеленский телеграм каналида мулоқот чоғида Байденга “Украинага ҳарбий ва молиявий кўмак кўрсатаётгани учун” миннатдорчилик билдирганини айтди.
Зеленский, шунингдек, Киев “Катта еттилик” саммити арафасида Вашингтон билан “ўз позициясини мувофиқлаштириб олгани”ни билдирди. “Катта еттилик” саммити 12 декабрда онлайн форматда ўтади. Зеленскийга кўра, саммит якунлари бўйича “янгиликлар”ни кутиш мумкин.
2022 йилнинг октябридан Россия армияси систематик равишда Украина энерготизимини ракеталар ва дронлар билан бомбардимон қилмоқда. Бунинг оқибатида миллионлаб украин иссиқликсиз ва электрсиз қолмоқда. Украинага ҳаводан мудофаа тизимини етказиб беришни Германия, Британия, АҚШ ва бошқа давлатлар ваъда қилган.