Тошкентдан вилоятларга автобуслар қатнови тўхтатилди
2022 йилнинг 5 декабридан бошлаб, Тошкент автовокзалидан амалга ошириладиган барча шаҳарлараро автобуслар ҳаракати вақтинчалик бекор қилинди.
Бу ҳақда хабар қилган Ўзбекистон Транспорт вазирлиги Ахборот хизматига кўра, мамлакатда кузатилаётган ноқулай об-ҳаво шароитида йўлларда юзага келган музламалар сабабли йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида бу чеклов амалга оширилган.
Намангандаги газ “заправка”ларида турнақаторлар навбатлар юзага келди
Effect.uz нашри мухбирлари Наманганнинг Чуст туманидаги йўл ёқасида жойлашган газ қуйиш шохобчаларида юзага келган турнақатор навбатларни тасвирга олди.
Кучли қор туфайли “Самарқанд” аэропорти фаолияти вақтинча чекланди
Uzbekistan Airports хабарига кўра, бугун маҳаллий вақт билан эрталаб соат 4: 20 дан об-ҳаво шароити ёмонлашгани сабабли Самарқанд халқаро аэропортида учоқларни қабул қилиш ва жўнатишга вақтинчалик чеклов жорий этилди.
Шу сабабли, “Аэрофлот”нинг Москва-Самарқанд йўналиши бўйича СУ-1874 рейси ва Истанбул-Самарқанд йўналиши бўйича Турк Ҳаво Йўлларининг ТК-372 рейси Тошкентдаги муқобил аэропортга йўналтирилди.
Fly Dubai авиакомпаниясининг рейси об-ҳаво ёмонлашгунга қадар — маҳаллий вақт билан 03: 07 да Самарқанд аэропортига қўнишга муваффақ бўлди. Бироқ самолётнинг етиб келиши кечикканлиги сабабли Самарқанддан учиш вақти соат 16: 15 га кечиктирилди.
Хабарда айтилишича, ҳозирда аэропортнинг хизмат кўрсатиш ходимлари барча зарур чораларни кўрмоқда – бир неча соат давомида учиш-қўниш йўлаги ва юриш йўлакларини махсус техника ва кимёвий воситалар ёрдамида тозалаш ишлари олиб борилади.
"Чилонзорда чақолоғи бор оила уйини исита олмаяпти"
Телеграмдаги MILITSIYA TV канали Тошкент шаҳрининг Чилонзор тумани, Наққошлик- 3 кўчасида яшовчи оила газ камлиги учун уйини исита олмаётгани ҳақида ёзди.
Хабарда айтилишича, уйда ногирон қария аёл ва бир ёшга тўлмаган гўдак бор.