Икки кунда икки оиланинг 8 аъзоси ис газидан вафот этди
Газ тақчиллиги сабаб Тошкентда айрим туманлардаги уйлар иситилмаяпти
Тошкентни иссиқлик билан таъминлаш тизимини бошқарувчи Veolia Energy Tashkent ширкати айрим уйлар иситилмаётганига табиий газнинг етишмаётгани сабаб бўлаётганини билдирди. Ширкатнинг 5 декабрда маълум қилишича, айрим туманлардаги истиш тизими қозонхоналари газ етишмаётгани сабабли етарли даражадаги иссиқликни ишлаб чиқара олмаяпти.
Расман билдирилишича, пойтахтни 90 фоиз иссиқлик билан «Тошиссиқлик маркази» ва «Тошкент ТЭЦ”и таъминлайди. Қолган 10 фоиз иссиқлик Veolia Energy Tashkent ширкатига қарашли локал қозонхоналарда ишлаб чиқарилади.
Хабарда Veolia Energy Tashkent ширкатининг техник ходимлари кучайтирилган тартибда ишлаётгани ва муаммони ҳал қилиш учун барча имкониятлар ишга солинаётгани таъкидланади.
Аввалроқ Тошкент шаҳар ҳокимияти мавжуд газ заҳирасини барча истеъмолчилар ўртасида тенг бўлиштиришга ҳаракат қилаётгани, аммо у ҳаммага етмаётгани тоғрисида билдирган эди. Бунинг ортидан Тошкентда автомобилларга газ қуйиш шохобчалари вақтинча ёпиб қўйилди.
Яна қиш, яна энергетик коллапс
Ҳар йилгидек, Ўзбекистонга совуқ кутилмаганда келди. Унинг кутилмаганлиги табиат инжиқлиги эмас, балки мамлакат энергетика тизимидаги муаммолар билан боғлиқ. Биринчи қордан кейиноқ мамлакат энергетик коллапсга гувоҳ бўлмоқда.
Ўтган йиллардаги каби яна бутун Ўзбекистон бўйлаб электр ва газ тақчиллиги кузатилмоқда. Аммо афтидан, вазият бу йил олдингидан ҳам ёмон. Бу йил энергетика инқирози пойтахтгача етиб келди. Тошкент ўтган йилларда, асосан вилоятларда кузатилган газ босими пасайишларию метан газга навбатларга дуч келмоқда. Аммо бу ҳали бошланиши… ҳаво янада совиши кутилмоқда.
"Ўзгидромет" хабарига кўра, ҳафта давомида ҳаво ҳарорати мамлакатнинг шимолий ҳудудларида кечаси 13-15даража совуқ, баъзи жойларда 20 даражагача совуқ бўлади.
Озодлик ўзбекистонликларнинг энергетик бўҳронга оид вазият акс этган хабарларини ZIMISTON-UZ блогига жамламоқда. Сиз яшаётган худудда вазият қандай? Қандай қишлаяпсиз? Газ ва свет борми? Хабарларингизни Озодликка Телеграм орқали + 420 724971539 рақамига йўлланг. Вазиятни биргаликда кузатамиз!
Транспорт вазирлиги қарорини ўзгартирди: Вилоятларга кетадиган автобуслар тўхтамайди
Вазирлик куннинг биринчи ярмида Тошкент автовокзалидан шаҳарлараро қатновлар тўхтатилганини маълум қилган эди.
Энди айни дамда Тошкент автовокзалидан шаҳарлараро автобуслар ҳаракати белгиланган жадвал асосида амалга оширилаётгани ҳақида хабар берди.
«Об-ҳаво ноқулайликлари туфайли автобуслар ҳаракати тўхтаб қолмаслиги учун барча чоралар кўрилмоқда», дейилади унда.