Энергетика тармоғининг айрим раҳбарлари қамоққа олинди
«Ҳудудгаз Тошкент» директори Музаффар Алиев, «Янгийўл тумангаз» раҳбари Умид Тўйчиев ва «Гулистон туман электр тармоқлари корхонаси» собиқ раҳбари Фурқат Шодмонқуловга нисбатан жиноят ишлари очилди ва улар эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинди.
Бу ҳақда 11 декабрь куни президент администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов раҳбарлигида аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан мутаносиб таъминлаш масалалари бўйича Республика штабининг навбатдаги йиғилишида Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев маълум қилди.
Бош прокурорга кўра, улар қатор қонунбузарликларда ва масъулиятсизликда айбланмоқда. Бош прокурор улар айнан қандай қонунбузарликларда айбанаётгани тўғрисида маълумот бермади.
“Газета уз”нинг ёзишича, Бош прокурор билдирувидан сўнг Сардор Умурзоқов: “Агар бошқа ҳудудлардаги масъуллар ҳам бундан тўғри хулоса чиқармаса ва қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйса, уларга ҳам албатта худди шундай жиноий иш қўзғатилади”, — деб айтган.
Фарғонада газ узилганига норозилик билдирган Albus заводи ишчилари қамалди
Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани “Шўрсув” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган Albus гипс ишлаб чиқарувчи заводи ишчилари газ узилганига норозилик билдиргани учун қамалди.
Фарғона вилоят ички ишлар бошқармасининг билдиришича, ишчилар “ўзбошимчалик билан жамоат тартибига қарши норозиликларни уюштирган”ликда айбланиб, 5-10суткадан маъмурий қамиоқ жазосига ҳукм қилинди.
Вилоят ИИБга кўра, 29 ноябрь куни Albus заводи аҳолига табиий газни кўпроқ етказиб бериш мақсадида олдиндан тузилган шартнома шартларига асосан газдан узиб қўйилган.
6 декабрь куни Фарғонада газ узиб қўйилгани ортидан ўн минглаб одамлар ишсиз ва даромадсиз қолаётгани оид видео ижтимоий тармоқларда тарқатилган эди.
Фарғона ИИБ расмий билдирувида бу ҳолат “6 декабрь куни заводнинг 20 нафар ишчилари юқоридаги ҳолатни нотўғри талқин қилиб, ўзбошимчалик билан жамоат тартибига қарши нозориликларни уюштирган”, деб талқин қилинган.
“Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон туман ИИБ томонидан заводнинг жами 7 нафар ишчиларига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) ҳамда 201-моддаси (йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш) билан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, суд органига тақдим қилинган.
Жиноят ишлари бўйича Ўзбекистон туман суди 07.12.2022 йил куни ҳуқуқбузарларнинг 1 нафарига 10 сутка, 6 нафарига 5 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинлаган”, дейилади расмий билдирувда.
Вазир: Ўзбекистонда ҳудудларни электр таъминотидан узишнинг мукаммал графиги ишлаб чиқилади
Ўзбекистонда 11 декабргача ҳудудларнинг электр таъминотидан узишнинг мукаммал графиги ишлаб чиқилади ва жамоатчиликка эълон қилинади. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари, энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов «Газета.uz»га берган интервьюсида маълум қилди.
Унга кўра, ҳудудларни эълектр таъминотидан узиш графиги вилоят ва туман ҳокимлари, маҳаллий электр таъминоти корхоналари билан ҳамкорликдла ишлаб чиқилади. Вазирнинг айтишича, айни пайтда ҳам бу каби график мавжуд ва унга амал қилинмаяпти, чунки у мукаммал эмас.
Жўрабек Мирзамаҳмудов ўзи ишлаб чиқараётган электр энергиясидан ташқари Туркманистондан ҳам қўшимча электр сотиб олинаётганини айтган.
“Буларнинг барчасини эҳтиёжни қоплашга сарфлаяпмиз. Биз 20 млн кВт·соат электр энергиясини хориждан сотиб олаяпмиз, бунинг учун кетган валютанинг бир қисмини қоплаш учун 5−6 млн кВт·соатга яқин электр энергиясини Афғонистонга сотаяпмиз”, деди вазир.
5 кунда 10 киши ис газидан ўлди
Бугун Хоразм вилояти Янгибозор тумани Боғолон қишлоғида яшовчи 64 яшар қария ва унинг 13 яшар невараси ис газидан вафот этди.
Бу хабарни Хоразм вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси тасдиқлади.
Хоразм ФВБ маълумотига кўра, воқеа 8 декабрь эрталаб содир бўлган. Боғолондаги хонадонда жами 9 киши бўлган. Улардан 2 нафари ўлган, 7 нафари эса туман шифохонадан биринчи тиббий ёрдамни олгач, уйига қайтган.
Янгибозор тумани прокуротураси воқеа юзасидан тергов олиб бораётгани хабар қилинди.
4 ва 5 декабрь кунлари яна икки оиланинг 8 аъзоси ис газидан вафот этган эди.
5 декабрь куни Бухоро вилоятининг Жондор тумани “Охших” маҳалла фуқаролар йиғини, "Охших" қишлоғида тунда ёнғин оқибатида келиб чиққан ис газидан эр-хотин ва уларнинг 2, 7, 11 ёшдаги уч фарзанди вафот этди. Бу маълумотни вилоят прокуратураси тасдиқлади.
Расман билдирилишича, Охших қишлоғидаги уйлардан бирида 36 ёшли эр, 34 ёшли хотин ва уч боланинг жасади топилган.
Тошкент вилоятининг Чиноз туманида ҳам 4 декабрь куни «Хўжа» маҳалласида 28 ёшли эр, унинг 20 ёшли хотини ва 2022 йилда туғилган боласи ис газидан заҳарланиб вафот этгани қайд этилган эди.
Дастлабки текширув натижасида 3 декабрь куни 7,5 миллион сўм қарздорлиги бор мазкур хонадон газдан узиб қўйилган. Уй эгаси ўзбошимчалик билан газ таъминотига уланиб олгани айтилди.
Ўзбекистонда қиш мавсуми бошланиши билан “ис газидан заҳарланиш” ҳолатлари кўпайишини кузатиш мумкин. Бунинг натижасида мамлакатда ҳар йили юзлаб одам нобуд бўлади.
10 ноябрдан 5 декабргача бўлган даврда маҳаллий матбуотдаги хабарлардан келиб чиқилса, камида 19 киши ис газидан заҳарланиб вафот этган.
Мутахассислар бу каби ҳодисаларга фуқаролар томонидан газ ва муқобил ёқилғи турларидан фойдаланишда хавфсизлик чораларига риоя этмаслик, қўлбола ясалган печлардан фойдаланиш сабаб бўлаётганини билдиришган. Аммо йиллар ўтгани сари бу муаммо бартараф этилиши ўрнига кучайиб бормоқда.
9 февраль куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати бошлиғи ўринбосари Самандар Ҳикматуллаев Ўзбекистонда 2022 йилнинг 1 январидан 8 февралигача ис гази билан боғлиқ 21 ҳолат қайд этилгани, уларда жами 36 киши ҳалок бўлгани ва 19 киши заҳарлангани тўғрисида билдирган.
Вазирлик расмийси ўтган йили ис гази билан боғлиқ жами 74 та ҳолат аниқланганини, ис газидан 128 киши ўлгани ва 67 киши заҳарланганини айтди.
2020 йилнинг 16 декабрида ўтган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев бир йилда 56 та ис газидан заҳарланиш ва 106 та чақнаш ҳолати оқибатида 106 нафар фуқаро вафот этгани, 190 нафари заҳарлангани ва куйиш тан жароҳатини олганини таъкидлаган.
Ўша йиғилишда президент Мирзиёев Бош вазир зиммасига ФВВ Ёнғинга қарши курашиш бошқармаси фаолиятини танқидий кўриб чиқиб, уни тубдан ислоҳ қилиш ва янги тизим яратиш юзасидан таклиф бериш вазифасини юклаган эди.