Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:11
 Сирдарёда икки қаватли уй портлашдан сўнг.
Сирдарёда икки қаватли уй портлашдан сўнг.

ZIMISTON-UZ: Газ портлашида Сурхондарёда икки, Сирдарёда ҳам икки киши ҳалок бўлди

📌Ҳар йилгидек, Ўзбекистонга совуқ кутилмаганда келди. Унинг кутилмаганлиги табиат инжиқлиги эмас, балки мамлакат энергетика тизимидаги муаммолар билан боғлиқ. Биринчи қордан кейиноқ мамлакат энергетик коллапсга гувоҳ бўлмоқда.

Ўтган йиллардаги каби яна бутун Ўзбекистон бўйлаб электр ва газ тақчиллиги кузатилмоқда. Аммо афтидан, вазият бу йил олдингидан ҳам ёмон. Бу йил энергетика инқирози пойтахтгача етиб келди. Тошкент ўтган йилларда, асосан вилоятларда кузатилган газ босими пасайишларию метан газга навбатларга дуч келмоқда. Аммо бу ҳали бошланиши… ҳаво янада совиши кутилмоқда.

Озодлик ўзбекистонликларнинг энергетик бўҳронга оид вазият акс этган хабарларини ZIMISTON-UZ блогига жамламоқда.

Сиз яшаётган худудда вазият қандай?

Қандай қишлаяпсиз?

Газ ва свет борми?

Хабарларингизни Озодликка Телеграм орқали + 420 724971539 рақамига йўлланг. Вазиятни биргаликда кузатамиз!

17:00 10.1.2023

“Ипподром” бозорида навес қулади. Сотувчилар эвакуация қилинди

10 январь куни қор кўп ёққани сабаб Тошкентдаги собиқ “Ипподром” ҳозирги «Чилонзор буюм савдо комплекси» ҳудудидаги соябонлар қулаб тушди.

Ички ишлар бошқармаси хабарига кўра, бозор ҳудудидаги 3-4 айвонлар ён томони ва 5-6 айвонлар орқа томонида йўлакларда ўрнатилган соябонлар (навес) қор қалин ёққанлиги сабабли оғирликни кўтара олмай қулаб тушган.

Шу ҳудуддаги фуқаролар ва тадбиркорлар уларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида эвакуация қилинган. Ушбу савдо дўконлари вақтинчалик ёпилган. Ҳодиса натижасида тан жароҳати олганлар йўқлиги айтилди.

ИИББ фуқаролардан мустаҳкам бўлмаган тўсин, соябон ва бошқа мосламалар остида юрмасликни сўраган.

16:06 10.1.2023

Қор сабаб ўнлаб авиарейслар бекор қилинди

Ўзбекистонда 10 январь куни кузатилаётган ноқулай об-ҳаво шароити, хусусан, қор ёғиши аэропортлар ишига салбий таъсир кўрсатди, деб хабар берди Uzbekistan Airports ширкати.

Ноқулай об-ҳаво шароити туфайли Ўзбекистоннинг айрим аэропортларида парвозлар бекор қилинди, баъзи рейслар кечиктирилди ёки бошқа аэропортларга йўналтирилди.

Жумладан, Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Андижон–Самарқанд–Андижон ҳамда Бухоро–Наманган–Бухоро йўналишлари бўйича рейслари бекор қилинди.

Тошкент–Андижон–Тошкент, Самарқанд–Москва, Самарқанд–Санкт-Петербург рейслари вақти ўзгартирилди.

Flydubai авиакомпаниясининг Дубай–Самарқанд йўналишидаги учоғи Навоий шаҳридаги муқобил аэродромга қўнди.

“Қанот Шарқ” авиакомпаниясининг Москва–Самарқанд йўналиши бўйича парвоз қилаётган самолёти ҳам аэропортдаги ноқулай об-ҳаво шароити туфайли Тошкентдаги муқобил аэродромга йўналтирилди.

Самарқанд аэропортида учиш-қўниш йўлагини тозалаш ишлари муносабати билан ҳаво кемаларини қабул қилиш/жўнатиш бўйича вақтинчалик чеклов жорий этилди.

Тошкент аэропортида ҳам Сочи, Нукус, Истанбул ва Термиз шаҳарларидан амалга оширилаётган парвозлар кечиктирилди.
Парвозларга доир тезкор маълумотлар Uzbekistan Airports ширкатининг онлайн ресурсларида эълон қилиб борилмоқда.

16:00 10.1.2023

Гидромет: Аномал совуқ бир ҳафта давом этади

9 январдан бошланган аномал совуқ мамлакатдаги энергетик муаммолар кўламини янада кенгайтиришидан хавотирлар бор.

Гидромет хизмати хабарига кўра, Волгабўйи ҳудудларидан кириб келган аномал совуқ Ўзбекистонда бир ҳафта давом этади. Мамлакат шимолида 30 даражагача совуқ бўлиши мумкин.

Гидрометга кўра, Ўзбекистонда ҳозирда кузатилаётган аномал совуқ ҳарорат бундан 15 йил аввал- 2008 йилнинг январь ойида кузатилган.

15:52 10.1.2023

Ўзгарувчан қарор: Талабаларнинг узайтирилган таътили бекор бўлди

Йўлларда музламалар бўлиб, машинада юриш хавфли пайтда талабаларнинг ўқишга чақирилиши ота-оналарни хавотирга солмоқда.
Йўлларда музламалар бўлиб, машинада юриш хавфли пайтда талабаларнинг ўқишга чақирилиши ота-оналарни хавотирга солмоқда.

Ўтган ҳафта совуқ сабаб олийгоҳларда қишки таътил бир ҳафтага узайтирилиб, ўқиш 9 январдан 18 январга кўчирилган эди. Бугун ҳукумат кутилмаганда бу қарорини ўзгартириб, талабаларни 11 январдан олийгоҳларга чақирди.

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли баёни билан олийгоҳлар, техникум, коллеж, касб- ҳунар мактаблари ва академик лицейларда ўқув жараёнини ҳафтанинг ўртаси бўлишига қарамасдан чоршанбадан бошлаш ҳақида топширилди.

Тармоқларда ҳукуматнинг бу қарори норозиликларга сабаб бўлмоқда.

"Ўзбекистон, унинг халқи, мустақиллиги, келажаги учун энг катта ва жиддий хавф аномал совуқ ё иссиқ эмас, балки ҳеч ким ва ҳеч нарсадан қўрқмайдиган аномал ўзбек чиновниклари ҳамда улар қабул қиладиган аномал қарорлардир", дея ёзди журналист ва блогер Муҳрим Аъзамхўжаев.

Йўлларда музламалар бўлиб, машина ва автобусда юриш хавфли бўлаётган, авиарейслар бекор қилинаётган бир пайтда талабаларнинг ўқишга чақирилиши ота-оналарни хавотирга солмоқда.

Расмий хабарда талабаларни бу каби шошилинч чақириш сабабларига ойдинлик киритилмаган.

Телеграмдаги “Platforma” канали буни “тез ўзгарувчан қарор” деб атар экан, таътил узайтирилгач, авиа ва темир йўл чипталарини алмаштирган талабалар энди мушкул аҳволда қолишига эътибор қаратди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG