Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:58
 Сирдарёда икки қаватли уй портлашдан сўнг.
Сирдарёда икки қаватли уй портлашдан сўнг.

ZIMISTON-UZ: Газ портлашида Сурхондарёда икки, Сирдарёда ҳам икки киши ҳалок бўлди

📌Ҳар йилгидек, Ўзбекистонга совуқ кутилмаганда келди. Унинг кутилмаганлиги табиат инжиқлиги эмас, балки мамлакат энергетика тизимидаги муаммолар билан боғлиқ. Биринчи қордан кейиноқ мамлакат энергетик коллапсга гувоҳ бўлмоқда.

Ўтган йиллардаги каби яна бутун Ўзбекистон бўйлаб электр ва газ тақчиллиги кузатилмоқда. Аммо афтидан, вазият бу йил олдингидан ҳам ёмон. Бу йил энергетика инқирози пойтахтгача етиб келди. Тошкент ўтган йилларда, асосан вилоятларда кузатилган газ босими пасайишларию метан газга навбатларга дуч келмоқда. Аммо бу ҳали бошланиши… ҳаво янада совиши кутилмоқда.

Озодлик ўзбекистонликларнинг энергетик бўҳронга оид вазият акс этган хабарларини ZIMISTON-UZ блогига жамламоқда.

Сиз яшаётган худудда вазият қандай?

Қандай қишлаяпсиз?

Газ ва свет борми?

Хабарларингизни Озодликка Телеграм орқали + 420 724971539 рақамига йўлланг. Вазиятни биргаликда кузатамиз!

18:53 6.12.2022

Тошкентда метродан фойдаланувчилар сони 258%га ошди

Пойтахтда кеча эрталабдан жамоат транспортида узилишлар кузатилди. Газ "заправка"лари ёпилгани ортидан таксилар ҳам камайгани айтилди.

Шу боис одамлар асосан метродан фойдаланишига тўғри келди. Тармоқларда тарқалган видеоларда метро бекатлари одамлар билан лиқ тўла эканини кўриш мумкин.

"Тошкент метрополитени" ДУК маъмурияти хабарига кўра, кеча 620 минг киши метродан фойдаланган. Бу рақамни олдинги йиллар билан солиштирганда анча катта эканлиги кўринади.

Жумладан, 2020 йилнинг декабрь ойида 1 кунда 240 минг йўловчи метродан фойдаланган. Расмий хабарда, кечаги йўловчилар сони бундан 258%га кўп экани таъкидланган.

«Тошкент метрополитени» йўловчиларга мурожаат билан чиқиб, метрополитендан фойдаланиш қоидаларига амал қилишларини сўрайди:

“Ҳаракатланиш вақтида ўзаро ҳурматни сақлаш, поезд ичидаги йўловчилар чиқиб кетгунига қадар кириш учун вагон эшиклари олдида турмаслик, манзилга келгач поезддан чиқиш учун имкон қадар тезроқ ҳаракат қилиш, вагон эшикларига суянмаслик, шахсий буюмларни вагон ва метро ҳудудида қолдирмаслик талаб этилади”.

08:02 7.12.2022

Энергетика вазири “жиддийроқ талофатларни олдини олиш” учун чекловлар киритилганини айтди

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов газ ва электр энергияси таъминотидаги узилишларни изоҳлар экан: “Шу об-ҳаво шароитида режали чекловлар киритган ҳолда [вазиятдан] чиқиб кетмасак, эртага бундан-да жиддийроқ талафот бўлиши мумкин. Шунинг учун бундай кескин чоралар кўришга мажбурмиз”, – деб айтди. Бу борада Тошкентдаги маҳаллий нашрлар вазирлик матбуот хизматига таянган ҳолда хабар тарқатди.

Вазир Фарғонанинг Ўзбекистон туманидаги “Шўрсув цемент” заводи ишчиларининг инжтимоий тармоқлардаги мурожаатига ҳам жавоб қайтарди. Ишчилар мурожаатларида завод газдан узилгани сабабли ўн мингт ишчи ишсиз қолганини айтган эдилар.

“Фарғонадаги ҳолатга келадиган бўлсак, яна бир бор таъкидлаб ўтамиз, бошқа алтернатив ёқилғида ишлаши мумкин бўлган барча объектлар ҳаво кескин шунақа пайтда тармоқдан узилади. Бу ерда бироз бўрттириб гапирилган, 10 мингта [ишчи ишсиз қоляпти] деб. Бу цемент ишлаб чиқариш корхонасининг 10 мингта эмас, юздан сал ошиқроқ ишчилари бўлган”, - деб иқтибос келтирди вазир сўзларидан "Кун уз".

Энергетика вазирлиги октябрь ойида қишда аҳолига ўтган йилгидан кўпроқ электр беришни ваъда қилган эди.

Энергетика вазирлигининг расмий сайтида куз-қиш масумида ўзбекистонлик истеъмолчиларга 34 млрд 918 млн киловатт-соат электр энергияси етказиб берилиши ва бу ўтган йилнинг мос даврига солиштирганда 2 млрд 540 млн киловатт-соатга кўплиги қайд этилганди. Вазирликка кўра, аҳолига етказиб бериладиган электр энергияси миқдори 10 млрд 938 млн киловатт-соатни ташкил этади.

“Бош вазир ўринбосари, энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 10 октябрда ўтказган йиғилишда куз-қиш даврида истеъмолчиларга жами 30,6 млрд куб метр табиий газ етказиб берилиши қайд этилди. Унинг 10,4 млрд куб метри аҳолига ва 20,2 млрд куб метри иқтисодиёт тармоқларига берилади”, дейилган эди расмий хабарда.

12:59 7.12.2022

Тошкент ортидан Фарғона водийсидаги газ заправкалари ҳам вақтинча ёпилди

«Ўзтрансгаз» Фарғона водийси вилоятларидаги газ заправкалари 7 декабрь куни соат 11:00 дан вақтинча ёпилганини маълум қилди.

Расман билдирилишича, айни пайтда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига газ етказиб бериш биринчи навбатдаги масала бўлиб тургани учун мана шундай қарор қабул қилинди.

Бундан аввал пойтахт Тошкентда ҳам газ заправкалари фаолияти тўхтатиб қўйилган эди. Расман билдирилишича, бунга газ босимининг пасайиб кетгани, “коммунал хизматлар мавжуд газ захирасини барча истеъмолчилар орасида тенг тақсимлашга уринишига қарамай, ресурслар етишмаётгани” сабаб бўлган.

“Иложи борича кўпроқ хонадонларни газ ва иссиқлик билан таъминлаш мақсадида, жамоат транспорт воситаларига хизмат кўрсатадиган шоҳобчалардан ташқари, қолган барча автомобилларга газ қуйиш шоҳобчалари вақтинчалик ёпилмоқда”, дейилади хабарда.

15:49 7.12.2022

Шикоятчиларни қамоқ билан қўрқитган Жамолитдиновнинг депутатлик ваколати тугатилди

Тармоқларда газ ва электр билан боғлиқ муаммоларни ёзаётганларга қамоқ билан таҳдид қилган Наманган вилояти Янги Наманган тумани Халқ депутатлари Кенгаши котибияти мудири Музаффар Жамолитдиновнинг депутатлик ваколати муддатидан аввал тугатилди.

Унинг ўзи Фейсбукдаги “таҳдидли пости” учун кечирим сўради.

6 декабрь куни Фейсбукдаги саҳифасида эълон қилган постида Жамолитдинов тармоқларда газ ва электр муаммосидан шикоят қилаётган шахслар қамалмагани сабаб нолиётганини таъкидлади:

“Шамда ўтирсанг ҳам уйингда ўтир, ИИБни камерасида эмас.

Совуқда ўтирсанг ҳам бола чақангни олдида ўтир, миллий хавфсизлик камерасида эмас.

Метанга навбатга турсанг ҳам майли Уйчи тумани санчастида навбат турма”. (депутат сўзлари таҳрирсиз берилмоқда)

Депутатнинг бу пости тармоқларда катта норозиликка сабаб бўлди. Орадан кўп ўтмай депутат ўз постини ўчириб ташлади. Бироқ Фейсбукнинг ўзбек сигментида Жамолитдинов шу пости билан бир неча соатда трендга чиқди.

Орадан бир кун ўтиб депутат Жамолитдинов Фейсбук саҳифасида “кечирим пости”ни эълон қилди:

“Мендаги асл мақсад халқни қамалиши билан қўрқитиш ёки таҳдид қилиш эмас, балки тинчлик хотиржамликни қадрига етишга қаратилган эди”.

Собиқ депутат айнан қамоқ билан боғлиқ ҳолатга тўхталганига изоҳ берар экан, унинг ўзи бундан 6 йил аввал 10 ой камоқда ўтирганини ёзган.

Музаффар Жамолитдинов Ўзлидеп партияси аъзоси бўлган. У 2019 йил депутатликка сайланган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG