Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:57
 Сирдарёда икки қаватли уй портлашдан сўнг.
Сирдарёда икки қаватли уй портлашдан сўнг.

ZIMISTON-UZ: Газ портлашида Сурхондарёда икки, Сирдарёда ҳам икки киши ҳалок бўлди

📌Ҳар йилгидек, Ўзбекистонга совуқ кутилмаганда келди. Унинг кутилмаганлиги табиат инжиқлиги эмас, балки мамлакат энергетика тизимидаги муаммолар билан боғлиқ. Биринчи қордан кейиноқ мамлакат энергетик коллапсга гувоҳ бўлмоқда.

Ўтган йиллардаги каби яна бутун Ўзбекистон бўйлаб электр ва газ тақчиллиги кузатилмоқда. Аммо афтидан, вазият бу йил олдингидан ҳам ёмон. Бу йил энергетика инқирози пойтахтгача етиб келди. Тошкент ўтган йилларда, асосан вилоятларда кузатилган газ босими пасайишларию метан газга навбатларга дуч келмоқда. Аммо бу ҳали бошланиши… ҳаво янада совиши кутилмоқда.

Озодлик ўзбекистонликларнинг энергетик бўҳронга оид вазият акс этган хабарларини ZIMISTON-UZ блогига жамламоқда.

Сиз яшаётган худудда вазият қандай?

Қандай қишлаяпсиз?

Газ ва свет борми?

Хабарларингизни Озодликка Телеграм орқали + 420 724971539 рақамига йўлланг. Вазиятни биргаликда кузатамиз!

21:42 22.12.2022

Газ экспорти бўйича статистика: Қай бири тўғри?

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, жорий йил ноябрида Хитойга 39,6 млн.долларлик газ экспорт қилинган.

Бироқ Хитой томони эълон қилган рақамлар бундан кескин фарқ қилади. Хитой ўтган ой Ўзбекистондан 114,2 млн.долларлик газ импорт қилганини билдирган.

Ўтган 11 ойдаги газ экспортига оид рақамлар ҳам Хитой томони статистикасидан фарқ қилади.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитасига кўра, Ўзбекистон 11 ой давомида жами 910,8 млн долларлик газ экспорт қилган.

Хитой статистик маълумотларига кўра, жорий йилда Ўзбекистондан 1,03 млрд долларлик газ импорт қилинган. Бу Ўзбекистон томони эълон қилган рақамлардан 13 фоизга кўпдир.

«Газета.uz» жорий йилнинг октябрида ҳам газ экспортига оид рақамларда катта фарқ бўлгани ҳақида хабар берган: Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси октябрда жами 91 млн долларга газ экспорт қилинганини айтган бўлса, Хитой томони 148,5 млн долларлик ўзбек гази импорт қилинганини маълум қилган.

Давлат статистика қўмитаси ҳисоботларини шубҳа остига олиб келадиган ққтисодчи Отабек Бакиров статистик рақамларга ишонмаслигини айтади:

"Менинг ўзбек статистикасига муносабатим ишораларни илғаш билан боғлиқ холос. Чунки эълон қилинаётган рақамлар тепадагиларнинг ва бенефициарларнинг кўп хоҳиш ва иродаларини ифодалайди, реалликни эмас.

Шу маънода жиддий қарорлар қабул қилишда ҳукумат ҳам, халқаро институтлар ҳам ўзбек статистикасини жиддий қабул қилмасликлари керак. Тавтология учун узр!"

Ўзбекистон расмийлари жорий йилда газ экспорти тўхтатилганини бир неча марта эълон қилишган.

Дастлаб, жорий йилнинг 16 ноябрида Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев Хитойга газ экспорти деярли тўхтатилганини маълум қилди.

Декабрь бошида эса “Ўзтрансгаз” компанияси бошқаруви раиси Беҳзод Норматов Хитойга газ экспорти 100 фоизга тўхтатилганини эълон қилди.

Иккала мулозим ҳам ўз баёнотларига бирор ҳужжат тақдим қилганича йўқ.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси ўз рақамларининг Хитойникидан фарқ қилишига изоҳ бераркан, эълон қилган статистикаси дастлабки рақамлар экани ва улар кейинчалик яна ўзгаришини таъкидлаган. Қўмитага кўра, рақамларнинг бу каби ўзгариши Божхона низомларида қайд қилинган бўлиб, ҳаммаси қонуний ҳисобланади.

22:05 22.12.2022

Журналист Раҳматуллаев: Шуми инсонга ваъда қилинаётган муносиб ҳаёт?!

Шу пайтгача ҳукумат энергетик бўҳрондан чиқиш учун бир қанча чораларни эълон қилди. 12 декабрь куни Ашхободга борган президент администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳаммедов билан газ бўйича янги шартнома имзолаган.

Reuters агентлигига кўра, шартномада қиш ўтгунча Ўзбекистонга қўшимча равишда кунига 20 млн куб метр газ бериш кўзда тутилган. Бу жами 1,5 млрд куб.метр газни ташкил қилади.

Шунингдек, расмийлар Қирғизистондан қарзга электр энергияси ҳам олинганини маълум қилишди.

Бироқ Зимистон-уз блогига келаётган мурожаатларга қараганда, мамлакатдаги энергетик вазият яхшиланганича йўқ.

Тармоқлар ҳам норозилик постлари билан тўлган. Жумладан, бугун - 22 декабрь куни самарқандлик журналист ва маҳалла оқсоқоли бўлиб фаолият юритаётган Тошпўлат Раҳматуллаев Фейсбукдаги саҳифасида энергетик муаммоларни танқид қилди.

"Бунақаси бўлмаган эди! Уйимизда, Боғимайдон маҳалласида газ умуман йўқ" дея ёзган Раҳматуллаев музлаб қолмаслик учун "буржуйка”га ўтин ёққанини айтади:

"Қорайган қўлларни совуқ сувда юваётиб, “шуми Конституцияда ваъда қилинган фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлашга интилиш; ўтган кунги Мурожаатда барпо этилажак ижтимоий давлатда одамлар муносиб ҳаёт кечиришига зарур шароитлар яратилиши?” деган саволни ўзимга бериб, жавобини тополмай қолдим".

15:57 23.12.2022

Энергетик муаммоларни ёритган блогернинг апелляция суди бошланди

23 декабрь куни Фарғонада блогер Олимжон Ҳайдаровнинг апелляция суди бошланди.

Ҳайдаров Albus заводи ишчиларининг газ ва электр борасидаги муаммоларини ёритгани сабаб судланган эди.

Дастлаб Albus заводининг норозилик билдирган ишчиларидан 7 нафари Маъмурий жавобгарлик кодексининг ноқонуний митинг уюштириш моддаси бўйича айбдор деб топилиб, 5 суткадан 10 суткагача қамалган эди.

Ҳайдаров ҳам айни модда билан айбланган. Шунингдек, блогерга ёлғон ахборот тарқатиш айблови ҳам қўйилган.

Ҳайдаровнинг апелляция суди 26 декабрь куни давом этади.

Олимжон Ҳайдаров сўнгги пайтларда мамлакатда, хусусан ўзи истиқомат қилувчи Фарғона вилоятида долзарб бўлиб турган электр энергияси ва газ узилиши билан боғлиқ муаммолар хусусида кўп ёзаётган эди.

16:01 23.12.2022

Газ-свет муаммосидан шикоят қилгани учун ижара уйидан ҳайдалган аёл Вазирлар Маҳкамасига борди

Газ-свет муаммосидан шикоят қилгани учун ижара уйидан чиқариб юборилган қашқадарёлик Гулсум Номозова норозилик билдириб, 22 декабрь куни Тошкентга, Вазирлар Маҳкамасига борди.

Гулсум Номозова Қашқадарё вилояти Ғузор тумани Қоракўл маҳалласи Шўртан қўрғончасидаги ёғоч уйда уч ёш фарзанди ва касалманд кекса онаси билан совуқдан қийналиб яшаётганидан шикоят қилган. У Зимистон-уз блогига мурожаатидан сўнг маҳаллий раҳбарлар босимига учраганини айтади. Ижара уйидан ҳайдалган Гулсум норозилик билдириш учун бир қизини олиб Тошкентга йўл олган.

Озодлик мобил мухбири Гулсум Номозова билан учрашганидан сўнг Ғузор туман ҳокимлигидан Номозова билан боғланишган ва унинг Тошкентдан Қашқадарёга қайтиши учун йўл пули беришган. Ғузорга қайтгач, Гулсум билан туман ҳокими суҳбатлашган ва унинг ижара уйида қолишига рухсат берилган. Гулсумнинг ижара уйида ҳали ҳам газ ва свет муаммоси мавжуд.

Гулсум турмушидан ажрашган. У ишсиз. Оила фақат “бола пули” ва онасининг нафақасига кун кўради.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG