Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:29
 Сирдарёда икки қаватли уй портлашдан сўнг.
Сирдарёда икки қаватли уй портлашдан сўнг.

ZIMISTON-UZ: Газ портлашида Сурхондарёда икки, Сирдарёда ҳам икки киши ҳалок бўлди

📌Ҳар йилгидек, Ўзбекистонга совуқ кутилмаганда келди. Унинг кутилмаганлиги табиат инжиқлиги эмас, балки мамлакат энергетика тизимидаги муаммолар билан боғлиқ. Биринчи қордан кейиноқ мамлакат энергетик коллапсга гувоҳ бўлмоқда.

Ўтган йиллардаги каби яна бутун Ўзбекистон бўйлаб электр ва газ тақчиллиги кузатилмоқда. Аммо афтидан, вазият бу йил олдингидан ҳам ёмон. Бу йил энергетика инқирози пойтахтгача етиб келди. Тошкент ўтган йилларда, асосан вилоятларда кузатилган газ босими пасайишларию метан газга навбатларга дуч келмоқда. Аммо бу ҳали бошланиши… ҳаво янада совиши кутилмоқда.

Озодлик ўзбекистонликларнинг энергетик бўҳронга оид вазият акс этган хабарларини ZIMISTON-UZ блогига жамламоқда.

Сиз яшаётган худудда вазият қандай?

Қандай қишлаяпсиз?

Газ ва свет борми?

Хабарларингизни Озодликка Телеграм орқали + 420 724971539 рақамига йўлланг. Вазиятни биргаликда кузатамиз!

16:26 6.1.2023

Наманган ва Андижон аэропортлари туман сабаб вақтинча ёпилди

Бугун қуюқ туман сабаб Наманган ва Андижон халқаро аэропортлари фаолияти вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабар берди.

Наманган аэропортида кўриниш чегарасининг 700 метргача пасайиб кетиши сабабли Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Оренбург–Наманган–Иркутск ва Иркутск–Наманган–Тошкент йўналишлари бўйича рейслари ўзгартирилди.

Air Arabia авиакомпаниясининг Шаржа–Наманган–Шаржа, шунингдек, Red Wings авиакомпаниясининг Москва–Наманган–Москва рейслари Тошкент халқаро аэропортига кўчирилди.

Ноқулай об-ҳаво шароити сабабли (кўриш масофаси 900 метр) Андижон аэропортининг фаолияти ҳам чекланди. Тошкент–Фарғона, Фарғона–Самарқанд, Самарқанд–Фарғона ва Фарғона–Тошкент рейслари ўзгартирилган йўналиш бўйича амалга оширилиши кўзда тутилган.

Қалин туман сабабли 2022 йил 30 декабрь куни ҳам Тошкент ва Андижон халқаро аэропортлари фаолияти чекланган, парвозлар ўзгартирилган жадвалга мувофиқ амалга оширилган эди.

15:02 9.1.2023

Наманганда 8 яшар бола вафот этди. Ўлимга ис гази сабаб бўлиши мумкин

Наманган вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси чустлик 8 яшар бола ўлимига шу фотони илова қилган.
Наманган вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси чустлик 8 яшар бола ўлимига шу фотони илова қилган.

8 январь куни Наманган вилояти Чуст тумани «Ёрқишлоқ» МФЙда 8 ёшли бола вафот этди.

Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабарига кўра, якшанба куни «Ёрқишлоқ» маҳалласидаги хонадонлардан бирида 8 ва 3 ёшдаги ака-ука соғлиги ёмонлашгани сабаб шифохонага ётқизилган. Болаларнинг каттаси Тиббиёт бирлашмасида биринчи ёрдам кўрсатилишига қарамасдан вафот этган. Унинг укасининг аҳволи борасида маълумот берилмаган.

Ҳозирда ҳодиса бўйича терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ўлим сабаби аниқланаётгани таъкидлаган, бироқ ўлимга ис гази сабаб бўлганига ишора қилиб, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилишга чақирган. Шунингдек, бошқарма хабарига хонадонлардан биридаги печка сурати илова қилинган. Суратнинг вафот этган бола ўлимига алоқаси бор-йўқлиги очиқланмаган.

  • Агар Чустдаги 8 яшар бола ўлимига ҳам энергетик муаммолар сабаб бўлгани тасдиқланса, жорий йилда совуқ бошланганидан бери энергия инқирозидан қурбон бўлган болалар сони 19 нафарга етади, ўлган болаларнинг ёши 3 ойликдан 15 ёшгача.

Бухорода 4 бола

Жиззахда 4 бола

Андижон 3 бола

Қашқадарёда 2 бола

Хоразмда 2 бола

Наманганда 2 бола

Тошкент вилоятида 1 бола

Самарқандда 1 бола

15:50 9.1.2023

ССВ: Аномал совуқда кексалар ва болалар кўчага чиқмасин

Бугундан бошлаб Ўзбекистонга Волгабўйи ҳудудларидан совуқ ҳаво массаси кириб келиши бошланди.

Гидрометеорология хизмати маълумотларига кўра, бунинг натижада 10-15 январь кунлари Ўзбекистонада аномал совуқ кузатилади. Мамлакат жанубида ҳаво ҳарорати кечалари -12-17 даража совуқ бўлади. Шимолда эса вазият жиддийроқ: кечаси -17-22 даража, Устюрт ва чўл ҳудудларининг баъзи жойларида эса -25-27 даража совуқ бўлиши кутиляпти.

Соғлиқни сақлаш вазирилиги совуқдан сақланиш бўйича тавсияларни эълон қилди.

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Баситханова аномал совуқда оч юрмасликни таъкидлаб, алкоголь ва тамаки истеъмол қилмасликка чақирди. Унга кўра, ичиш ва чекиш қон томирларини кескин торайтириб, қўл ва оёқнинг қисқа муддатда музлашига сабаб бўлиши мумкин.

Аномал совуқ кунлари очиқ ҳавода камроқ бўлиш, болалар ва кексаларнинг кўчага чиқмаслиги тавсия этилди.

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Баситханова:

— Қаттиқ совуқда кўпинча қон томирларининг кескин торайиши кузатилади. Айниқса, гипертония, бош мия қон томирлари атеросклерози, инсульт ва инфарктдан кейинги ҳолат, стенокардия каби касалликлар билан оғриган беморларга бундай ноқулай об-ҳаво салбий таъсир кўрсатади. Уларни бош ва юрак соҳасидаги оғриқлар безовта қилади. Шунингдек, бронх ва ўпка хасталиклари, хусусан, бронхиал астмага чалинган беморларда касалликнинг фаол давридаги асоратлар зўраяди. Яъни уйдан кўчага чиққанда, бронхоспазм ёки стенокардиянинг хуруж қилиш хавфи ортади. Шу сабабли бундай инсонлар шифокор тавсияси билан ёнида доимий ичиб юрадиган дориларини олиб юриши шарт.

16:34 9.1.2023

Фарғонада трансформатор ёниб кетди

Кеча, 8 январь куни Фарғона вилоятининг Қўштепа туманида трансформатор ёниб кетди.

Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабарига кўра, ҳодиса якшанба куни кечқурин Қўштепа тумани «Ўқчи» МФЙ ҳудудида содир бўлган.

Ўт ўчирувчилар ёнғинни ўчиришга муваффақ бўлган. Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқлиги айтилди.

Дастлабки тахминларга кўра, трансформатор ортиқча кучланишни кўтара олмай ёниб кетган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG