Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:18
 Сирдарёда икки қаватли уй портлашдан сўнг.
Сирдарёда икки қаватли уй портлашдан сўнг.

ZIMISTON-UZ: Газ портлашида Сурхондарёда икки, Сирдарёда ҳам икки киши ҳалок бўлди

📌Ҳар йилгидек, Ўзбекистонга совуқ кутилмаганда келди. Унинг кутилмаганлиги табиат инжиқлиги эмас, балки мамлакат энергетика тизимидаги муаммолар билан боғлиқ. Биринчи қордан кейиноқ мамлакат энергетик коллапсга гувоҳ бўлмоқда.

Ўтган йиллардаги каби яна бутун Ўзбекистон бўйлаб электр ва газ тақчиллиги кузатилмоқда. Аммо афтидан, вазият бу йил олдингидан ҳам ёмон. Бу йил энергетика инқирози пойтахтгача етиб келди. Тошкент ўтган йилларда, асосан вилоятларда кузатилган газ босими пасайишларию метан газга навбатларга дуч келмоқда. Аммо бу ҳали бошланиши… ҳаво янада совиши кутилмоқда.

Озодлик ўзбекистонликларнинг энергетик бўҳронга оид вазият акс этган хабарларини ZIMISTON-UZ блогига жамламоқда.

Сиз яшаётган худудда вазият қандай?

Қандай қишлаяпсиз?

Газ ва свет борми?

Хабарларингизни Озодликка Телеграм орқали + 420 724971539 рақамига йўлланг. Вазиятни биргаликда кузатамиз!

16:06 10.1.2023

Қор сабаб ўнлаб авиарейслар бекор қилинди

Ўзбекистонда 10 январь куни кузатилаётган ноқулай об-ҳаво шароити, хусусан, қор ёғиши аэропортлар ишига салбий таъсир кўрсатди, деб хабар берди Uzbekistan Airports ширкати.

Ноқулай об-ҳаво шароити туфайли Ўзбекистоннинг айрим аэропортларида парвозлар бекор қилинди, баъзи рейслар кечиктирилди ёки бошқа аэропортларга йўналтирилди.

Жумладан, Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Андижон–Самарқанд–Андижон ҳамда Бухоро–Наманган–Бухоро йўналишлари бўйича рейслари бекор қилинди.

Тошкент–Андижон–Тошкент, Самарқанд–Москва, Самарқанд–Санкт-Петербург рейслари вақти ўзгартирилди.

Flydubai авиакомпаниясининг Дубай–Самарқанд йўналишидаги учоғи Навоий шаҳридаги муқобил аэродромга қўнди.

“Қанот Шарқ” авиакомпаниясининг Москва–Самарқанд йўналиши бўйича парвоз қилаётган самолёти ҳам аэропортдаги ноқулай об-ҳаво шароити туфайли Тошкентдаги муқобил аэродромга йўналтирилди.

Самарқанд аэропортида учиш-қўниш йўлагини тозалаш ишлари муносабати билан ҳаво кемаларини қабул қилиш/жўнатиш бўйича вақтинчалик чеклов жорий этилди.

Тошкент аэропортида ҳам Сочи, Нукус, Истанбул ва Термиз шаҳарларидан амалга оширилаётган парвозлар кечиктирилди.
Парвозларга доир тезкор маълумотлар Uzbekistan Airports ширкатининг онлайн ресурсларида эълон қилиб борилмоқда.

17:00 10.1.2023

“Ипподром” бозорида навес қулади. Сотувчилар эвакуация қилинди

10 январь куни қор кўп ёққани сабаб Тошкентдаги собиқ “Ипподром” ҳозирги «Чилонзор буюм савдо комплекси» ҳудудидаги соябонлар қулаб тушди.

Ички ишлар бошқармаси хабарига кўра, бозор ҳудудидаги 3-4 айвонлар ён томони ва 5-6 айвонлар орқа томонида йўлакларда ўрнатилган соябонлар (навес) қор қалин ёққанлиги сабабли оғирликни кўтара олмай қулаб тушган.

Шу ҳудуддаги фуқаролар ва тадбиркорлар уларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида эвакуация қилинган. Ушбу савдо дўконлари вақтинчалик ёпилган. Ҳодиса натижасида тан жароҳати олганлар йўқлиги айтилди.

ИИББ фуқаролардан мустаҳкам бўлмаган тўсин, соябон ва бошқа мосламалар остида юрмасликни сўраган.

17:33 10.1.2023

Миграция агентлиги Қозоғистон ва Россиядаги ўзбекистонликларни огоҳлантирди

Ҳаво ҳароратининг пасайиб кетиши қўшни Қозоғистонда ҳам кузатилмоқда. Қозоғистоннинг айрим жойларида -31 даража совуқ бўлмоқда.

Сўнгги кунларда Қозоғистон ва Россияда об-ҳавонинг кескин совиши натижасида йўлларда ҳаракатланиш билан боғлиқ ноқулайликлар юзага келмоқда.

Хабарларга кўра, Қозоғистонда қор бўрони туфайли 37 та шаҳарлараро йўл ёпилган.

Ўзбекистон ташқи меҳнат миграцияси агентлиги шу муносабат билан мазкур икки давлатдаги ватандошларни огоҳлантирди.

“Ушбу давлатларда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларидан йўлларда ҳаракатланишда барча хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилишни, зарурат бўлмаганда узоқ масофали йўлларда транспорт воситаларида ҳаракатланмасликни сўраймиз”, дейилади баёнотда.

Агентлик таъкидича, Россия ва Қозоғистонда яқин ҳафталар давомида ҳам совуқ ҳаво сақланиб қолиши кутилмоқда.

17:40 10.1.2023

Тошкентдаги айрим бозорлар вақтинча ёпилди

Маҳаллий матбуотнинг хабар қилишича, Тошкентдаги “Бек барака” савдо комплекси ноқулай об-ҳаво шароити туфайли 3 кунга ўз фаолиятини тўхтатди.

EFFECT.UZ нашрига кўра, “Абу Сахий” савдо маркази ҳам тадбиркорлар ва харидорлар учун ўз иш фаолиятини вақтинча тўхтатган.

Бозорларни вақтинча ёпиш қарорига "Ипподром" бозоридаги ҳодиса сабаб бўлгани айтилмоқда.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабарига кўра, 10 январь куни Тошкентдаги собиқ “Ипподром” ҳозирги «Чилонзор буюм савдо комплекси» ҳудудидаги 3-4 айвонлар ён томони ва 5-6 айвонлар орқа томонида йўлакларда ўрнатилган соябонлар (навес) қор қалин ёққанлиги сабабли оғирликни кўтара олмай қулаб тушган.

Шу ҳудуддаги фуқаролар ва тадбиркорлар уларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида эвакуация қилинган. Ушбу савдо дўконлари вақтинчалик ёпилган. Ҳодиса натижасида тан жароҳати олганлар йўқлиги айтилди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG