Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:46
 Сирдарёда икки қаватли уй портлашдан сўнг.
Сирдарёда икки қаватли уй портлашдан сўнг.

ZIMISTON-UZ: Газ портлашида Сурхондарёда икки, Сирдарёда ҳам икки киши ҳалок бўлди

📌Ҳар йилгидек, Ўзбекистонга совуқ кутилмаганда келди. Унинг кутилмаганлиги табиат инжиқлиги эмас, балки мамлакат энергетика тизимидаги муаммолар билан боғлиқ. Биринчи қордан кейиноқ мамлакат энергетик коллапсга гувоҳ бўлмоқда.

Ўтган йиллардаги каби яна бутун Ўзбекистон бўйлаб электр ва газ тақчиллиги кузатилмоқда. Аммо афтидан, вазият бу йил олдингидан ҳам ёмон. Бу йил энергетика инқирози пойтахтгача етиб келди. Тошкент ўтган йилларда, асосан вилоятларда кузатилган газ босими пасайишларию метан газга навбатларга дуч келмоқда. Аммо бу ҳали бошланиши… ҳаво янада совиши кутилмоқда.

Озодлик ўзбекистонликларнинг энергетик бўҳронга оид вазият акс этган хабарларини ZIMISTON-UZ блогига жамламоқда.

Сиз яшаётган худудда вазият қандай?

Қандай қишлаяпсиз?

Газ ва свет борми?

Хабарларингизни Озодликка Телеграм орқали + 420 724971539 рақамига йўлланг. Вазиятни биргаликда кузатамиз!

18:58 12.1.2023

Кулги бўлган ҳоким. Шовот ҳокимининг ишламаётган батареяни ушлаб тушган сурати ҳажв бўлди

Хоразм вилояти Шовот тумани ҳокими Одилбек Артиқовнинг ушбу сурати тармоқда трендга чиқди. Суратда ҳоким иссиқлик тармоғидан узилган батареяни текшираётган пайти акс этган.

Расм 10 январь куни Шовот туман ҳокимлигининг Телеграм каналига жойланган. Вазиятдан хабардор шовотлик манбага кўра, туман ҳокимлигининг матбуот хизмати Артиқовнинг аномал совуққа тайёргарликни шахсан назоратга олгани ҳақида фото ҳисобот қилмоқчи бўлган. Бироқ “қовун туширган” яъни суратлардан биридаги батарея тармоқдан узилганига эътибор қилмаган. Сурат тармоқларга тарқаб, муҳокамага сабаб бўлгач, расм ҳокимликнинг Телеграм каналидан ўчириб ташланди. Ҳокимлик расмий муносабат ҳам эълон қилди.

Хоразмдан олинган сўнгги маълумотга кўра, ҳоким суратга тушган 10-сон мактабига вазиятни ўнглаш учун катта қурилиш бригадаси ташланган. Ҳозирда мактабга иситиш қозони ўрнатилган. Ҳокимни суратга олган ва суратни Телеграм каналига жойлаган шахсларга бирор жазо берилган - берилмагани ҳозирча номаълум.

19:07 12.1.2023

Қаршида кўпқаватли уйларни иситувчи қозонхона портлади

Вазирлик воқеа жойидан эълон қилган суратда том бутунлай қулагани акс этган.
Вазирлик воқеа жойидан эълон қилган суратда том бутунлай қулагани акс этган.

Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳридаги қозонхоналардан бирида эса газ портлаши оқибатида том қулаб тушди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарига кўра, ҳодиса 11 январь куни Қарши шаҳри “Гунгон” МФЙ ҳудудида содир бўлган. Ҳодисага қозонхонада газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши сабаб бўлган. Чақнаш натижасида ёнғин содир бўлмаган. Бироқ қозонхонанинг том қисми қулаб тушган.

Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқлиги айтилди.

19:13 12.1.2023

Транспорт вазирлиги Қозоғистонда қорда қолган ватандошларга оид маълумот берди

Ирғиз туманидаги мактабга жойлаштирилган ўзбекистонликлар.
Ирғиз туманидаги мактабга жойлаштирилган ўзбекистонликлар.

Актобе Фавқулодда вазиятлар департаменти хабарига кўра, 11 январь куни иккита автобусда йўлда қолиб кетган жами 69 нафар Ўзбекистон ватандоши эвакуация қилинган.

Ўзбекистон Транспорт вазирлиги автобуслардан фақат бири ҳақида маълумот берди. Афтидан бу Қорабутоқ қишлоғи масжидига жойлаштирилган ўзбекистонликлар ҳақида. Чунки вазирлик хабарида ҳам йўловчилар масжидга жойлаштирилгани айтилган.

Расмий хабарга кўра, бу йўловчилар Тошкентдан Москвага кетаётган пайти шу ҳодиса юз берган ва уларнинг барчаси соғ омон бўлиб, йўллар тозалангач, улар йўлида давом этган.

Вазирлик Ирғиз туманидаги мактабга жойлаштирилган 38 ўзбекистонлик ҳақида бирор маълумот бермаган.

Актобе Фавқулодда вазиятлар департаменти хабарига кўра, 11 январь куни Самара-Чимкент йўлида қолиб кетган автобусдан 38 нафар ўзбекистонлик ва 3 қозоғистонлик эвакуация қилиниб, Ирғиз туманидаги мактаблардан бирига жойлаштирилган.

19:22 12.1.2023

Қуйичирчиқда авария сабаб 5000 хонадон газсиз қолди

11 январь куни Тошкент вилояти Қуйичирчиқ туманида қарийб 5 минг хонадон авария сабаб газсиз қолди.

Буни тасдиқлаган Энергетика вазирлиги Қуйичирчиқда таъмирлаш ишлари олиб борилаётганини билдирган.

Вазирликка кўра, туманнинг «Пахтаобод», «Мевазор», «Жумагул», «Балиқчи», «Юлдуз», «Ўжакент», «Гул», «Дўстлик-1», «Тўқбой» ва «Абай» МФЙларини табиий газ билан таъминловчи газ қувурларида носозлик юзага келган.

Натижада жами 5000 хонадонда табиий газ таъминоти вақтинча тўхтатилган. Таъмирлаш ишлари тугатилгандан сўнг, табиий газ таъминоти қайта тикланиши айтилди.

Сўнгги уч кунда “Ўзбекнефтгаз” ширкатининг сиқув компрессор станцияларидаги газ ҳайдаш агрегатларида ҳам бир қанча авариялар содир бўлган.

Бунда аномал совуқни айблаган “Ўзбекнефтгаз”га кўра, аварияларга электр тизимидаги узилишлар ва шарли кранлар ҳамда қувурларнинг музлаб қолгани сабаб бўлган. Оқибатда сиқув компрессор станцияларидаги газ ҳайдаш агрегатлари аварияли ҳолатда тўхтаб қолган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG