Ўзбекистонда янги таҳрирдаги конституция кучга кирди. Расмийлар "ноллаштириш" ҳақида сукут сақламоқда
Марказий сайлов комиссияси “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги конституциявий қонуни кучга кирганини эълон қилди.
Аввалроқ Марказий сайлов комиссияси якшанба куни ўтказилган референдумда рўйхатга олинган овоз берувчиларнинг 84,54 фоизи иштирок этгани ҳамда улардан 90,21 фоизи янги таҳрирдаги Конституцияни ёқлаб овоз бергани ҳақида билдирган эди.
65 фоизга ўзгаргани айтилган конституция 65 яшар президент Шавкат Мирзиёевнинг 2040 йилгача ҳокимиятда қолишига йўл очади.
Мирзиёевнинг амалдаги ваколати 2026 йилда тугайди. Тузатишлар, президентлик муддатини беш йилдан етти йилгача узайтиради. Ўзбекистон қонунчиларига кўра, ўзгартиришлар конституциянинг тахминан учдан икки қисмини ўзгартиради.
Таклиф этилган тузатишлар дастлаб мамлакатнинг Қорақалпоғистон Мухтор Республикасининг ажралиб чиқиш ҳуқуқини бекор қилишни ўз ичига олган эди.
Бироқ 2022 йил июл ойи бошида минглаб қорақалпоқлар минтақанинг Ўзбекистондан мустақилликка интилиш ҳуқуқининг йўқ қилинишига қарши норозилик намойиши ўтказгач, Мирзиёев Қорақалпоғистон мақомини ўзгартириш ғоясидан воз кечган.
Ўзбекистон расмийларининг билдиришича, Қорақалпоғистонда хавфсизлик кучлари томонидан намойишлар тарқатиб юборилганида 21 киши ҳалок бўлган. Кейинчалик митингларнинг ўнлаб иштирокчилари конституциявий тузумни бузиш йўли билан ҳокимиятни эгаллашга уринганлик, оммавий тартибсизликлар уюштирганлик, давлат маблағларини ўғирлаш ва пул ювишда айбланиб, қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Референдум мустақил Ўзбекистон тарихидаги учинчи референдумдир.
2016-йилда вафот этган Мирзиёевдан аввалги авторитар биринчи президент Ислом Каримов 1995 ва 2002-йилларда икки марта референдум ўтказган ва бу унга ҳокимиятни сайловларсиз узайтириш имконини берган. Президентлик муддати ҳам ўзгартирилди.