Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:08

"Кўча"га қарши рейдлар: Салимбой қамоқда, Ғафурбойга қарши "жиноят иши йўқ"

"Бахти Ташкентский", "Саидазиз медгородок", Салимбой, Ғафурбой...

Одатда Тошкентдаги чойхоналарда кўпроқ эшитиладиган бу номлар охирги кунларда маҳаллий матбуотнинг тилига тушди.

Бунга сабаб, Тошкентда жиноят оламига қарши бошланган кенг кўламдаги рейдлар.

Ўзбек ҳуқуқ-тартибот идоралари бу амалиётни “криминоген вазиятни яхшилаш бўйича тезкор-профилактик тадбирлар” деб атамоқда.

Матбуот эса “кўча"га қарши кураш демоқда.

ДХХ Самарқандда жиноий гуруҳнинг 47 аъзоси қўлга олинганини билдирди

Самарқанддаги амалиёт пайтида қўлга олинганлар. ДХХ фотоси.
Самарқанддаги амалиёт пайтида қўлга олинганлар. ДХХ фотоси.

Ўзбекистонда ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ўтказилаётган “Долзарб 40 кунлик” доирасида Самарқанд вилоятида “47 нафар жиноий гуруҳ аъзоси” қўлга олингани тўғрисида ДХХ матбуот хизмати 6 декабрда хабар берди.

Расман билдирилишича, қўлга олинганларнинг 6 нафарига нисбатан жиноят иши қўзғатилди, 25 нафари маъмурий тартибда қамоққа олинди.

“Рейд тадбирлари давомида, ушбу шахслардан гиёхвандлик ва психотроп воситалар, совуқ қуроллар (кастет, бита ва б.) процессуал тартибда расмийлаштирилиб олинди. Ҳозирда, махсус-рейд тадбирлари давом эттирилмоқда”,- дейилади хабарда.

Ўзбекистонда жиноят олами вакилларига қарши “Долзарб 40 кунлик” тадбири ўтказилаётгани тўғрисида расман декабрь ойи бошларида Тошкент ИИББ билдирувларидан маълум бўлган эди.

Расман: Фарғонада “Бахти Ташкентский”га яқин бўлган Достон Халилов ушланди

Достон Халиловни қўлга олиш пайти. Фарғона ИИБ ахборот хизмати фотоси.
Достон Халиловни қўлга олиш пайти. Фарғона ИИБ ахборот хизмати фотоси.

Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси ДХХ билан ҳамкорликда ўтказган амалиёт пайтида “Бахти Ташкентский” лақабли "Бахтиёр Қудратуллаевга яқин бўлган Достон Халилов” қўлга олинди.

Расман билдирилишича, Фарғона шаҳрида яшовчи, 1992 йилда туғилган, муқаддам Жиноят кодексининг 109-моддаси билан судланган, Достон Халилов қўшни Қирғизистонга қочиб ўтмоқчи бўлганида "Дўстлик" чегара постида қўлга олинди.

Унга нисбатан Фарғона шаҳар ИИО ФМБ томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми (безорилик) билан жиноят иши қўзғатилди. Мазкур айблов асосида у 3 йилдан беш йилгача озодликдан чеклаш ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум этишга ҳукм этилиши мумкин.

Тармоқларда Ғафур Раҳимов қидирувга берилган айтилмоқда

Ғафур Раҳимов ва Отабек Умаров.
Ғафур Раҳимов ва Отабек Умаров.

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси биринчи вице-президенти Ғафур Раҳимов қидирувда экани тўғрисидаги хабарлар тарқалди. Аммо бу хабар ҳозирча расман тасдиқланмади.

Ушбу хабарлардан атиги бир неча кун олдин Ғафур Раҳимов Тошкентдаги халқаро бокс тадбирида президент Шавкат Мирзиёевнинг куёви Отабек Умаров ва ҳатто ўғли, Миралишер Мирзиёев билан бир қаторда ўтирган эди.

Ғафур Раҳимовнинг "Биродарлик халқаси" номли жиноий гуруҳ етакчиси сифатида АҚШда халқаро қидирувга берилгани унинг Ўзбекистондаги фаолияти ва имижига таъсир қилмаган.

Ўзбек матбуоти уни йирик тадбиркор ва меценат деб таърифлайди.

Уч йил аввал Ғофур Раҳимовнинг Халқаро Бокс Ассоцияцияси - AIBA президентлигига сайланиши боксни олимпия ўйинларидан чиқарилиш хавфи остида қолдирганди.

Халқаро Олимпия Қўмитаси агар AIBA ўзининг бошқарувидаги муаммоларни бартараф этмаса, боксни Токио Олимпия ўйинлари дастуридан олиб ташлаши ҳақида огоҳлантирганди.

ХОҚ огоҳлантирувидан бир ҳафта ўтиб Раҳимов AIBA президентлигидан истеъфо берган.

Уч ой ўтиб эса Раҳимовнинг Ўзбекистон профессионал бокс федерациясига вице-президент этиб сайлангани маълум бўлди.

Расман: Салим Абдувалиев ҳибсга олинди

Ўзбекистонда жиноий авторитет сифатида билинган Салим Абдувалиев ҳибсга олинган. Бу ҳақда 5 декабрь куни Тошкент шаҳар ИИББ маълум қилди.

“Салимбой” номи билан билинган ва бунга қадар маҳаллий матбуотда тадбиркор ва меценат деб таърифлаб келинган 73 яшар Салим Абдувалиев ЖКнинг 248-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этишда гумон қилинмоқда.

“1950 й.т. Абдувалиев Салим Киргизбаевич (248-модда 1-қисми, ўқотар қуролни қонунга хилоф равишда сақлаш) гумон қилинувчи тарзида жалб этилиб, процессуал тартибда ушланган”, дейилади Тошкент шаҳар ИИББ хабарида.


Аввалроқ ҳуқуқ-тартибот идоралари Салим Абдувалиевга нисбатан терговга қадар текширув ўтказаётганини билдирган эди.

Абдувалиев 2017 йил январидан Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари ва спорт курашлари ассоциацияси раиси лавозимларида ишлаб келаётганди.

2 декабрда Тошкент шаҳар ИИББ жиноий гуруҳ аъзоларини аниқлаш ва қўлга олиш бўйича кенг кўламли рейдлар ўтказилаётгани тўғрисида хабар берганди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG