АҚШда намойишлар бўлди
19 январь куни АҚШ пойтахтида Дональд Трамп тарафдорларининг митинги бўлиб ўтган. Айни пайтда шу куни Вашингтон ва бошқа шаҳарларда Трампга қарши бўлганлар ҳам митинглар уюштиришган.
Улар аборт ҳуқуқини дастаклаб чиқишлар қилишган, Трампнинг иқлим ўзгариши ва иммиграция муаммоларига оид қарашларини танқид қилишган.
“Америка овози” рус хизматининг қайдича, кечаги норозилик чиқишлари Трамп илк бор президентлик лавозимига киришган 2017 йилдаги митингларчалик кенг кўламли бўлган эмас.
Ўша пайтда Вашингтондаги “Аёллар маршига 100 мингдан зиёд одам йиғилган эди, бу сафар эса акцияда бир неча минг киши қатнашган, холос.
Инаугурация маросими
Инаугурация маросимида қатор давлат раҳбарлари иштирок этиши кутиляпти.
Маҳаллий ОАВ хабарларига кўра, Трамп маросимга Хитой раҳбари Си Цзиньпинни ҳам чақирган, бироқ маросимда ХХРни Сининг ўринбосари Хань Чжэн тамсил этади.
Бу аввалда кўрилмаган ҳолат, чунки олдинлари инаугурация маросимида фақат хитойлик элчилар иштирок этарди.
АҚШ президентини қасамёдга келтириш маросимида Россиядан ҳеч бир юқори лавозимли мулозим иштирок этмайди.
АҚШнинг энг ёши катта президенти
Республикачилар партияси номзоди бўлган Дональд Трамп ўтган йилнинг 5 ноябрида бўлиб ўтган сайловда демократлар номзоди Камала Ҳаррис устидан ғалаба қозонган.
78 ёшли Трамп лавозимга киришган пайтда АҚШнинг энг ёши катта президентига айланади. Амалдаги президент Жо Байден ҳам лавозимга киришган пайтда 78 ёшда бўлган, бироқ у ноябрь ойида туғилган, Трамп эса июнь ойида дунёга келган.