Трампнинг илк фармонлари
Президент Доналд Трамп ўз нутқида Байден маъмуриятининг айрим сиёсатларини ўзгартириб, янги қадамлар ташлашини айтди.
Буларга жумладан қуйидагилар киради:
- Трамп собиқ президент Жо Байденнинг сунъий интеллект сиёсати ҳақидаги фармонини бекор қилади.
- У ҳар бир агентликка Байден давридаги "сиёсий таъқиблар"га оид барча ёзувларни сақлашни буюради.
- У ҳукуматни инфляцияни енгишга йўналтиради.
- Вақтинчалик ҳукумат ишига ёллашни музлатади.
- Зудлик билан АҚШни иқлим бўйича Париж келишувидан чиқаради.
- Ҳукумат томонидан цензурани тугатиш тўғрисидаги буйруқни имзолайди.
- Байден давридаги 78 та буйруқ, ҳаракатлар ва меморандумларни бекор қилади.
“Мен аввалги маъмуриятнинг 80 га яқин бузғунчи ва радикал ижро ҳаракатларини бекор қиламан”, деди Трамп Вашингтондаги чиқишида.
Шунингдек у: "Зудлик билан тартибга солишни музлатиб қўяман, бу Байден бюрократларини тўхтатади. Биз фақат Америка жамоатчилигига содиқ бўлган малакали одамларни ишга ёллашимизни таъминлаш учун вақтинчалик ишга ёллашни музлатиш қарорини чиқараман", деди.
Трамп имзолаган фармонлар:
Трамп 6-январдаги ҳужумда 1500 га яқин одамни афв этди. У Адлия департаментига 2021 йилда Капитолийга қилинган ҳужум билан боғлиқ барча кўриб чиқилаётган ишларни тўхтатишни буюрди.
Шунингдек, Трамп ТикТок ижтимоий тармоғига оид фармонни имзолади. Трампнинг айтишича, ижро фармони унга ТикТокни сотиш ёки ёпиш ҳуқуқини беради. У бош прокурорга 75 кун давомида иш бўйича чора кўрмасликни буюрди.
Гренландия масаласида эса: "Халқаро хавфсизлик учун бизга керак бўлган ажойиб жой", деди. "Aммо Гренландия керак. Биз учун емас. Бу халқаро хавфсизлик учун керак. Ҳамма жойда рус қайиқлари бор. Ҳамма жойда Хитой қайиқлари бор", деди Трамп.
Трамп Ғазода Исроил ва ҲAМAС ўртасида ўт очишни тўхтатишга ишончи комил эмаслигини айтди. Унинг қўшимча қилишича, Ғазо катта вайронагарчиликка айланган: "У ҳақиқатан ҳам бошқача тарзда қайта тикланиши керак".
Қайта қуриш ишларида ёрдам бера оласизми, деган саволга: "Бўлиши мумкин. Бу денгиздаги ажойиб жой. Энг яхши об-ҳаво. Ҳаммаси яхши. Гўзал ишларни қилиш мумкин".
Президент Доналд Трамп, Байден маъмуриятининг Кубани терроризмга ҳомийлик қилувчи давлатлар рўйхатидан чиқариб ташлаш буйруғини бекор қилди. Белгиланиш мамлакатлар ва компаниялар учун рўйхатдаги ташкилотлар билан савдо қилиш ва банк операцияларини амалга оширишни қийинлаштиради.
Оқ уйнинг маълум қилишича, Трамп Байден даврида Ғарбий Соҳилдаги фаластинликларга зўравонлик қилган яҳудий кўчманчиларга нисбатан қўйилган санкцияларни бекор қилди.
Президент Байденнинг 2023-йилда Aрктиканинг 16 миллион акр майдонида нефт қазишни тақиқловчи меморандумини ҳам бекор қилди.