Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:29

7 апрел - Жаҳон саломатлик куни


7 апрел Жаҳон саломатлик куни сифатида нишонланади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан 1948 йилдан бери нишонланадиган сана ҳар йили одам саломатлигига оид долзарб муаммога диққат қаратишни ўз олдига мақсад қилиб қўяди. Бу йилги саломатлик кунининг мавзуси "Микробларга қарши дори воситаларига чидамлилик ва унинг жаҳонда тарқалиши" деб номланди.


Бугунги кунда одамларнинг ўз саломатлиги йўлида антибиотикларга ружу қўйигани соҳа мутаҳасисларининг жиддий хавотирларига сабаб бўлиб келмоқда. Ўзбекистонда ҳам бундай хавотирларга асос бўлувчи вазият мавжуд, дейди мутахассислар.

Тошкентлик Нигор опани танишлари “аптекачи” аёл деб чақиришади. Бу унинг касби билан боғлиқ эмас. Нигор опанинг касби ўқитувчи бўлиб, лекин у ҳар доим ёнида турли хил антибиотиклар солинган сумкача олиб юради. Ҳамкасблари орасида кимнидир бирор жойи оғриса, барча унга мурожаат қилади ва Нигор опа антибиотикларини улар билан баҳам кўради.

Нигор опа қайси антибиотик қайси дардга шифо эканлигини жуда яхши билишини айтади.

- Шамоллаган пайтимда ëки грипп бўлган пайтимда ампициллин ишлатишим мумкин. Пенициллин ишлатмайман. Пенициллин менга таъсир қилмайди. Сал кучли гентомецин ишлатишим мумкин. Тетрациклин ишлатишим мумкин. Қорним оғриб қолса, левомецитин ишлатишим мумкин. Шамоллашнинг биринчи босқичи бўлса, албатта простамоллар билан ëки аспиринлар билан даволаниш мумкину, лекин сал ўтгандан кейин антибиотик ичмаса бўлмайди.

Нигор опа антибиотикларни танлаш ёки сотиб олишдан аввал шифокор билан "маслаҳатлашиб ўтирмаман, ўзим олавераман", дейди.

Ўзбекистон аптекаларида антибиотиклар шифокорнинг рецептисиз сотилади. Бу Нигор опа сингари антибиотиклар кундалик ҳаётининг бир қисмига айланган одамлар учун "қулайлик" туғдиради.

Андижонлик табиб Абдуқодир Сатторов катта ёшдаги аксар ўзбекистонликлар ўз дардига антибиотиклар ёрдамида шифо излашини айтар экан, буни собиқ иттифоқ давридан қолган ёмон иллат ўлароқ баҳолайди.

- Совет медицинаси одамларнинг онгига антибиотикни жойлаб қўйганда. Улар врачдан бамаслаҳат иш қилиб юборишади, дейди андижонлик табиб.

Антибиотиклар одам танасидаги турли микроорганизмлар, ҳайвонлар ва ўсимликлар ҳаёт цикли жараёнида ишланиб чиқадиган микробларнинг ўсиши ва ривожланишини тўхтатиб қўядиган воситалар ҳисобланади.

Тошкентлик умумий амалиёт врачи Озодлик билан суҳбатда пиневмония, қорин-ичак касалликлари каби кўп учрайдиган касалликлар ва жарроҳлик муолажаларида антибиотиклар кенг қўлланилишини айтар экан, кейинги пайтларда антибиотикларнинг иккинчи ва учинчи "авлодларини" ишлатишга тўҳри келмоқда дейди.

- Пенициллин уже кучи қолмаган. Бактерия, микроблар кучли бўлганда, олмаяпти. Шунинг учун цефалоспорин каби антибиотиклар ишлатилаяпти,- дейди тошкентлик шифокор.

Антибиотикларни врач назоратисиз қабул қилиш организмнинг ўзига ҳам, даволанаётган касалликка ҳам ёмон таъсир қилиши мумкин, дея қўшимча қилади у.


Антибиотиклардан доимий фойдаланиш турли касаллик қўзғатувчиларда ушбу препаратларга нисбатан чидамлилик ҳосил бўлишига олиб келиши ва вақт ўтиб антибиотик ишлатилишига эҳтиёж туғиладиган вазиятларда бактериялар ўлмайдиган бўлиб қолиши аниқланган.

Мутахассислар тажрибада сурункали истеъмол қилинган антибиотиклар тананинг касалликларга қаршилик кўрсатувчи иммун тизимига салбий таъсир қилишини аниқлаган. Бунга суиистеъмол қилинган антибиотиклар зарарли микроб ва вируслар билан биргаликда уларга қарши курашувчи фойдали микроорганизмларни ҳам қириб ташлаши сабабчидир.

Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда бўлган водийлик ҳамшира ўзи ишлаётган касалхонада болалар орасида инфекцияларнинг тарқалишини олдини олиш учун барча чақалоқларга пенициллин укол қилишади, дея гапириб берди. Бу ҳолат, дея хавотир билдирди ҳамшира, келажакда болалар иммун тизимида акс этмай қолмайди.

Кейинги пайтда Ўзбекистон матбуотида атибиотикларни суиистеъмол қилиш оқибатлари ҳақида материаллар берила бошлагани айтилмоқда. Айрим шифокорлар ўз беморларига антибиотиклар ичишни тақиқлагани ҳақида ҳам хабарлар бор.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, дунё фармацевтика бозорида қўлланилаётган антибиотик дориларнинг қарийб 40 фоизини қалбаки маҳсулотлар ташкил қилади.

Ўзбекистон Олий Мажлиси 2009-йил Фармацевтика тўғрсидаги қонунга ўзгартириш киритиб, ноқонуний дори тайёрлаган, сотган ва сақлаганларга нисбатан жиноий жавобгарликни белгилаб қўйди.

Кейинги йилларда мамлакатда дориларнинг “қора бозори”га қарши турли тадбирлар ўтказилаётгани маълум.

XS
SM
MD
LG