Ўзбекистонлик блогер Абдуқодир Мўминов қамоққа олиниши арафасида уни обрўсизлантириш мақсадида ишлаб чиқилган кампания режаси Озодликка келиб тушди. Ҳужжат рус тилида тузилган бўлиб, "Чора-тадбирлар режаси" деб номланади. Унда блогерни жамоатчилик олдида обрўсизлантириш учун махсус хизматлар ишлаб чиққан режаларнинг эҳтимолий сценарийлари мавжуд. Озодлик бир ой давомидаги суриштируви орқали бу каби схема Ўзбекистондаги кўплаб блогер, журналист ва фаолларга нисбатан қўлланилганини аниқлади.
Мирзиёев ва оиласининг ашаддий танқидчиси
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва биринчи оила аъзоларининг ашаддий танқидчиси, 247 минг обуначига эга "Ko‘zgu" Youtube канали муаллифи, блогер Абдуқодир Мўминов 2023 йил 8 февраль куни эрта тонгда бедарак йўқолган. Ўша куни унинг Тошкент шаҳар ИИББ тергов ҳибсхонасида сақланаётганлиги маълум бўлди.
Унга кўплаб айбловлар қўйилди, жумладан, товламачилик, фирибгарлик ва пора беришда иштирок этганлик каби айбловлар.
Абдуқодир Мўминов ҳибсга олингандан кейин унга қарши гувоҳлар сони кун сайин кўпайиб борди. Иш бўйича 14 киши жабрланувчи бўлган, етказилган зарар миқдори 903,4 млн сўм (77 минг доллардан ортиқ) деб баҳоланган.
Орадан ярим йил ўтиб, 2023 йил 4 август куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод туман суди Абдуқодир Мўминовни 3 йил давомида журналистлик фаолиятини тақиқлаб, 7 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилди. Суд уни Жиноят кодексининг жами 6 та моддаси бўйича айбдор деб топди.
Абдуқодир Мўминов унга қўйилган айбловлар бўйича ўзини айбдор деб топганми ёки йўқ – ҳануз маълум эмас. Суд бошлангунга қадар блогер 5 нафар адвокат хизматидан воз кечган.
Апелляция судида Абдуқодир Мўминов тергов жараёнида орган ходимлари унга нисбатан шафқатсиз қийноқлар қўллагани, жумладан, электр токи ва резина таёқ билан зарба бергани, тепкилагани ва қовурғасини синдиргани ҳақида гапирган.
Деярли икки йил давомида блогер Навоий шаҳридаги колонияда сақланади. Халқаро инсон ҳуқуқлари ва матбуот Мўминовга нисбатан чиқарилган ҳукмни адолатсиз деб топиб, уни озод қилишни бир неча бор талаб қилган.
Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Абдуқодир Мўминовга нисбатан шафқатсиз қийноқ қўллангани ҳақидаги иддаоларни текширишга чақирган.
Блогерни обрўсизлантириш бўйича чора-тадбирлар режаси
Бир ой олдин Озодликка блогер Абдуқодир Мўминовни обрўсизлантиришга қаратилган чора-тадбирлар батафсил ёзилган ҳужжат келиб тушди. Ҳужжат рус тилида ёзилган бўлиб, "Интернет-блогер («Кўзгу» Youtube канали муҳаррири) Абдуқодир Мўминовга нисбатан чора-тадбирлар режаси" деб номланган.
Бу "схема" нима учун керак бўлган? Ушбу саволга жавобни ҳужжатнинг ўзида топиш мумкин:
"2022 йил март, июнь, июль, декабрь ва 2023 йил январь ойларида А.Мўминов ўзининг Youtube каналида давлат раҳбари ва бошқа Қўриқланаётган шахсларни жамоатчилик олдида обрўсизлантиришга қаратилган туҳмат ва ёлғон маълумотларни бир неча бор эълон қилган, шунингдек, 2022 йил декабрь ойидан бошлаб янги мустақил сиёсий партия тузиш зарурлиги ҳақида шиорларни илгари сурган, агар унинг бундай фаолиятига чек қўйилмаса, вақт ўтиши билан бир қатор салбий оқибатларга олиб келиши мумкин."
Ушбу "салбий оқибатлар"ни бартараф этиш учун Абдуқодир Мўминовга нисбатан комплекс чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, уларни амалга ошириш учун ўнлаб вазирлик, идора ва давлат муассасалари, жумладан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ҳатто мактаб ва боғчалар жалб этилган.
Бу "чора-тадбирлар режаси" қачон ишлаб чиқилгани ва ким томонидан маъқуллангани номаълум. Унда аниқ сана ва ишларнинг бажарилиш вақти кўрсатилмаган. Бироқ Ўзбекистон ҳукумати ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларидаги бир-биридан мустақил манбаларнинг хабар беришича, ушбу "схема" президент давлат хавфсизлик хизмати (ПДХХ) ва Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) томонидан блогер Абдуқодир Мўминовни обрўсизлантириш учун ишлаб чиқилган.
Озодлик бу "схема" юзасидан Ўзбекистон бош прокуратураси матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов ва АОКА директори биринчи ўринбосари Дилшод Сайиджоновнинг электрон почтасига мактуб йўллади, аммо ҳозирча улардан жавоб ололгани йўқ.
"Схема" тепасида тургани айтилаётган Президент давлат хавфсизлик хизмати ва ДХХдан эса бирор расмий маълумот олиш имкони йўқ. Ўзбекистондаги энг қудратли тузилма бўлган ДХХ Каримов давридан буён ёпиқ идоралигича қолмоқда.
Тўрт босқичли "схема"
Схемага кўра, тадбирлар тўрт босқичда амалга оширилган. Дастлаб Абдуқодир Мўминовнинг қариндошлари ва яқинлари аниқланиб, уларнинг ҳар бири тўғрисида батафсил маълумот тўпланган.
"А.Мўминов, унинг ПДХХ, ДХХ, ИИВ тезкор ҳисоблари бўйича қариндошлари ва яқин алоқалари, шунингдек ПДХХ, ДХХ, ИИВ тегишли бўлинмаларининг мавжуд тезкор имкониятлари орқали текширилсин, унга қарши эҳтимолий обрўсизлантирувчи материаллар тўпланиши амалга оширилсин," дейилади ҳужжатда.
Сўнг тўпланган барча маълумотлардан қариндошлари ва яқинлари орқали Абдуқодир Мўминовни блогерлик фаолиятидан воз кечишга мажбурлаш мақсадида фойдаланиш режаланган.
Махсус хизматларнинг асосий мақсади "объект"ни "синдириш"
39 ёшли Отабек Аҳмадов, Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизматининг собиқ ходими. Икки йил аввал Абдуқодир Мўминовга берган интервьюсида у 19 ёшидан бери махсус хизматлар билан ҳамкорлик қилганини, Қирғизистон, Украина ва Туркиядаги махсус операцияларда иштирок этганини тан олган.
Отабек Аҳмадовнинг бу иқрорини ДХХ шу пайтгача инкор қилган эмас.
Кейинчалик Аҳмадов Ўзбекистондан қочган ва ҳозирда хорижда яшириниб юрибди.
2023 йилда товламачиликда айбланган Аҳмадов судда айбларни инкор этган ва ДХХга ишлагани ҳақида кўрсатма берган. Уй қамоғига ҳукм қилинган Аҳмадов кейинроқ Ўзбекистондан қочиб кетган ва ўзининг сўзларига кўра, ҳозирда хорижда яширинган.
Озодлик Отабек Аҳмадовни топиб, блогер Абдуқодир Мўминовга қарши "схема" механизмини аниқлаш учун у билан мулоқот қилишга муваффақ бўлди.
"Бундай тадбирлар махсус хизматлар томонидан ҳар доим ўтказилган ва бундан кейин ҳам ўтказилади. Чунки махсус хизматлар бу журналистлар, блогерлар ва фаоллар кимлар билан алоқада эканлигини назорат қилиш ва билишни истайди. Бу кейинги ҳаракатлар тактикасини олдиндан ишлаб чиқиш учун амалга оширилади. Агар журналистлар, блогерлар ёки фаоллар қаршилик кўрсата бошласалар, махсус хизматлар уларга ноқонуний нарсаларни, масалан, гиёҳванд моддаларни ташлашади. Натижада, "итоатсиз"лар қамоққа олинади. Улар ўзларини душман деб ҳисоблайдиган одамларни "объект" деб аташади. Махсус хизматларнинг асосий мақсади – бу "объект"ни "синдириш", – дейди собиқ чекист.
2022 йилнинг 23 декабрь куни Абдуқодир Мўминовга қилинган ҳужум эсингиздами?
Абдуқодирнинг ўзи Озодлик билан суҳбатда бу ҳужумни ўзига қилинган “суиқасд” деб атаганди.
Собиқ ДХХ ходими Отабек Аҳмадовнинг иддаосича, икки йил олдин Абдуқодир Мўминовга қилинган ўша ҳужум ҳам, ушбу "схема" асосида амалга оширилган.
Ўша пайтда Тошкент шаҳар ИИББ ҳодиса юзасидан ЖКнинг 164-моддаси (“талончилик”) бўйича жиноят иши очгани ҳақида хабар берган, аммо унинг натижаси ҳақида жамоатчиликка ҳеч қандай маълумот берилмаган.
"ОИТСга текшириш"
Абдуқодир Мўминовга қарши "чора-тадбирлар режаси"да уни ишлаб чиқувчилар турли тиббиёт муассасаларига алоҳида ўрин берган. Пойтахтдаги деярли барча тиббий диспансерлар бу "схема"ни амалга оширишда иштирок этган, деган хулосага келиш мумкин.
"Тери-таносил касалликлари диспансери позициясидан келиб чиқиб, А.Мўминовнинг турмуш ўртоғи, шунингдек, унинг аёл жинсидаги айрим қариндошлари ва яқинлари, гўёки уларнинг ОИВ ёки ОИТС билан касалланганлиги ҳақида маълумотга эга эканликларига асосланиб, текширилсин. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати нуқтаи назаридан А.Мўминов, унинг қариндошлари ва яқинларига нисбатан хавфли эпидемиялар ва бошқа юқумли касалликлар юқтирганлигини баҳона қилиб, уларга нисбатан тиббий йўсиндаги чоралар кўрилсин," дейилади ҳужжатда.
"Гей қилиб кўрсатиш"
Ўзбекистон махсус хизматлари Абдуқодир Мўминовнинг аудиториясини қисқартириш ва аҳолида унга нисбатан ишончсизлик уйғотиш мақсадида уни интернет маконида аниқ йўналтирилган тарзда обрўсизлантириш режалаган.
"А.Мўминовнинг ноанъанавий жинсий ориентацияси (ўзига жуда ўхшаш шахсдан фойдаланган ҳолда), унинг эркаклар билан интим алоқалари, парикдан фойдаланган ҳолда аёл қиёфасига кириши, шунингдек, А.Мўминовнинг гомосексуал характерини аниқ кўрсатувчи бошқа ҳолатларни акс эттирувчи видеоларни тайёрлаш ва интернет тармоғида (шу жумладан турли мессенжерлар орқали) тарқатиш", дейилади ҳужжатда.
Озодлик бир ой давомида ўндан ортиқ ўзбекистонлик блогерлар билан суҳбатлашиб, таҳририят ихтиёридаги "схема" уларнинг кўпчилигига қўлланганини аниқлади. Хусусан, махсус хизматлар режим танқидчиларини жим бўлишга мажбур қилиш учун кўпинча сохта порно-видеолардан фойдаланган. Бундай сохта компромат нишонига айланган ўзбекистонлик журналист махсус хизматлар томонидан унинг иштирокидаги сохта порнографик видеони тарқатиш билан таҳдид қилингандан сўнг, ижтимоий тармоқлардаги баъзи постларини ўчириб ташлашга мажбур бўлганини тан олди.
Ўзбекистон ҳукумати ўз мухолифлари ва танқидчиларига қарши ноқонуний усуллардан фойдаланаётгани янгилик эмас. Ўзбекистон махсус хизматлари томонидан сохта компроматлардан фойдаланиш далиллари кўплаб суд жараёнларида тингланди ва адвокатлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан ҳужжатлаштирилди. Расмийлар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари ҳеч қачон бу баёнотларга изоҳ бермайди. Аммо шундай ҳолатлар ҳам бўлганки, расмийлар журналистларни қўрқитиш учун бундай шантаж усулларидан фойдаланганликларини тан олишган.
2019 йил ноябрда Ўзбекистон ижтимоий тармоқларида Тошкент шаҳрининг ўша пайтдаги ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев маҳаллий журналистларни гей деб атаб, уларни шарманда қилиш билан таҳдид қилгани акс этган аудиолавҳа тарқалди.
"Мен шундай қилишим мумкинки, бутун маҳалла сизлардан юз ўгиради, қўни-қўшниларингиз сиз билан саломлашишдан ор қилади. Буни олти сонияда амалга ошира оламан. Ишонмаяпсизми? Сизларни осонгина гей қилиб кўрсатишим мумкин. Бу жуда осон! Бизда сўз эркинлиги бор-ку. Сизларни гейнинг таксисига ўтқазиб, суратга оламан. Тамом. Гей бўласиз қоласиз," дея таҳдид қилганди Ортиқхўжаев журналистларга.
Кейинчалик ҳоким журналистлардан узр сўради, бироқ Ўзбекистон суди ҳам, прокуратураси ҳам ижро ҳокимиятининг юқори лавозимли амалдорининг бу каби таҳдидларига ҳуқуқий баҳо бергани йўқ.
"Схема" тепасида "Офис" турганми?
"Озодлик" ўтказган суриштирув давомида Абдуқодир Мўминовни обрўсизлантириш кампаниясига унинг ҳамкасблари ҳам жалб этилгани аниқланди. Ҳужжатда жалб қилинган блогерларнинг исмлари ошкор қилинмаган.
Озодлик ўз суриштируви жараёнида, Абдуқодир Мўминовга қарши фейк компроматларни тарқатишда иштирок этган блогерлар ҳақидаги маълумотнинг бир учи Дархондаги норасмий “офис”га бориб тақалишини аниқлади.
Ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларга кўра, президентнинг Давлат хавфсизлик хизмати раҳбари ўринбосари лавозимида ишлаган, Шавкат Мирзиёевнинг кенжа куёви Отабек Умаровнинг кўрсатмасига биноан фаолият юритган, деб тахмин қилинаётган Тошкентдаги нуфузли "офис" ёлланма блогерлар хизматидан кенг фойдаланган.
Ҳукуматдаги манбалар блогерларни қўрқитиш ва қалам ҳақи эвазига ишлатилган ушбу "схема" тепасида ҳам айнан Отабек Умаров турганини иддао қилмоқда.
Озодлик тасарруфида бу иддаога илова қилинган скриншотлар мавжуд, аммо ҳозирча ушбу скриншотларнинг ҳаққонийлигини текшириш имкони йўқ.
Озодлик видеосуриштирувининг тўлиқ версияси билан мана бу ҳавола орқали танишишингиз мумкин.
Форум