Тошкент шаҳридан Озодликка мурожаат қилган бир неча адвокат улар Адлия вазирлиги томонидан аҳолига ҳуқуқий ёрдам беришда текин ишлашга мажбурланаётганидан шикоят қилди.
Адвокатларнинг айтишича, улар Халқ қабулхоналарига, маҳаллаларга куни билан иш ҳақисиз юридик ёрдам кўрсатишга навбатма-навбат юборилмоқда.
Адлия вазирлиги мулозими адвокатлар иддаоларини рад этди. Унинг айтишича, ташаббус Адвокатлар палатасидан чиққан.
Тошкент шаҳридаги адвокатлик фирмаларидан бирининг исми сир қолишини сўраган раҳбари адвокатлар Адлия вазирлиги томонидан текин ишлашга мажбурланаётганини Озодликка айтркан, бундай деди:
“Адлия вазирлиги Адвокатлар палатасига Халқ қабулхоналарида адвокатларнинг иштирокини таъминлаш графигини тузинглар, деб топшириқ берган. Ҳар куни эрталаб соат 9 дан соат 6 гача битта адвокат Халқ қабулхонасида текин маслаҳат бериш учун ўтиради. Бу ҳақда вазирлик бизнинг Адвокатлар палатаси раисига оғзаки топшириқ берган. Энди, гўёки буни ташаббусчиси биз бўлганмиз. Лекин аслида ундай эмас, бу мажбурий”, дейди адвокатлик идораларидан бирининг раҳбари.
Исми сир қолишини сўраган тошкентлик адвокатлардан яна бирининг айтишича, Тошкентда 11та туман бўйича график тузиб берилган:
“Фақатгина Халқ қабулхоналари эмас, балки пойтахтнинг катта маҳалларига ҳам график бўйича адвокатлардан бири бориб, текин маслаҳат беришга мажбур қилиб қўйилган. Иккинчидан, ҳокимликларнинг “Очиқ эшиклар куни” тадбирларида ҳам 11та туман бўйича адвокатларнинг қатнашиши мажбур қилиб қўйилган. Лекин ҳеч ким бу адвокатларнинг иш куни ҳисобланади, уларга иш ҳақи бериш керак, деб ўйламайди. Фақат текинга ишлатилиб ётибмиз”, дейди адвокатлардан бири.
Унинг айтишича, Адвокатлар палатаси нодавлат – нотижорат ташкилот ҳисобланади ва қонун бўйича уларни давлат ишларига мажбуран жалб қилиш тақиқланган:
“Тошкентда 700 тадан ортиқ адвокатлик идораси бор. Ҳозир адвокатлар ҳайъати билан адвокатлар фирмасига бу вазифа юклатилган. Адвокатлик бюроларида битта одам ишлагани учун уларга тегишмаган. Ҳой инсонлар, бу ерда қонун бор, адвокатларнинг ҳимояси бор, деб ҳеч ким сўрамайди. Ҳаммани ҳимоя қиладиган адвокатларнинг ўзлари бугун ҳимояга муҳтож бўлиб қолди”, дейди адвокат.
Озодлик адвокатларнинг бу иддаоларига муносабат олиш учун Ўзбекистон Адлия вазирлигининг Ҳуқуқий тарғибот ва ахборот бошқармаси бошлиғи Шерзод Рабиев билан боғланди.
Шерзод Рабиевнинг айтишича, Халқ қабулхоналари ва “Очиқ эшиклар куни”ни текин маслаҳат берадиган адвокатлар билан таъминлаш ташаббуси Адвокатлар палатасининг ўзидан чиққан:
- Адвокатура тизими ислоҳ бўлди. Бу бўича май ойида президентимизнинг фармони чиқди. Аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича ҳар бир давлат органи бунга масъул қилиб белгиланган. Ҳаммамиз ишлаяпмиз. Ўша фармонда кам таъминлаган аҳолига бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ҳақида гап кетган. Ҳамма фидойи бўлсин бу борада, дейиляпти. Шунинг учун биз фақат жалб қиламиз, бизда мажбурлаш принципи йўқ. Ҳақиқий фидойи бўлганлар ўша тарғибот гуруҳларида иштирок этади, маҳллаларга боряпмиз, уйма-уй юряпмиз. Шундай тадбирларга жалб қиляпмизда, энди. Агар адвокат бормайман деса, ҳеч ким уни мажбурлай олмайди. Ҳеч қанақа режа қилиб, уни мажбурлаб бўлмайди, у нодавлат тузилма”, деди Ўзбекистон Адлия вазирлигининг Ҳуқуқий тарғибот ва ахборот бошқармаси бошлиғи Шерзод Рабиев.
Кези келганда шуни ҳам эътироф этиб қўйиш керакки, Адлия вазирлиги аҳоли орасида ҳуқуқий билимлар тарғиботи соҳасида бошқаларга улги бўладиган ишларни қилмоқда. Вазирликнинг Телеграм канали фаол ишламоқда.