Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:27

OzodTahlilchi: Ўзбекистонда мажбурий меҳнат миқёси кенгаймоқда


Президентнинг 2020 йил апрель ойидаги қарори ортидан¸ аҳолининг ўз томорқасига нима экишини белгилаш ва назорат қилиш ИИВ¸ прокуратура ва солиқ ходимларига топширилди.
Президентнинг 2020 йил апрель ойидаги қарори ортидан¸ аҳолининг ўз томорқасига нима экишини белгилаш ва назорат қилиш ИИВ¸ прокуратура ва солиқ ходимларига топширилди.

Олдин хабар қилинганидай, 16 апрелда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг Cotton Campaign халқаро коалицияси ҳамда Ўзбекистонда мажбурий меҳнатнинг давлат тизими бекор қилиниши учун курашаётган компаниялар уюшмаларига мурожаати эълон қилинди.

У коалицияни ўзбек пахтасини бойкот қилиш даъватини қайтариб олишга чақирди. Ушбу даъватни маҳсулот ишлаб чиқариш учун пахтадан тўқилган мато сотиб оладиган 300 дан ошиқ чет эл компанияси қўллаб-қувватлаган эди.

Кўп ўтмай¸ вазирнинг юқорида зикр этилган мурожаати вазирлик сайтидан олиб ташланди ва бунинг ўзига яраша сабаби бор.

Гап шундаки, Cotton Campaign вазирнинг мурожаатига хушмуомалалик билан рад жавобини берди ва бойкотни бекор қилиш учун Ўзбекистонда мажбурий меҳнат амалиётига чек қўйилганига исботлар кераклигини айтди. Коалиция жавобида ҳар йили кузда ҳам Ўзбекистоннинг Инсон ҳуқуқи ҳимояси форуми, ҳам Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ўтказган мониторинг маълумотларига ҳавола берилди. Гарчи ХМТ Ўзбекистон ҳукуматининг бойкотни бекор қилиш даъватини қўллаб-қувватлаётган бўлса-да, ўтган мавсумда камида 100 минг Ўзбекистон ватандоши пахта теримига мажбуран жалб этилганини тан олмоқда.

Нега Ўзбекистон ҳукумати мамлакатнинг етакчи экспорт товарларидан бири бўлган пахтаси бойкотини бу қадар қатъият билан бекор қилишга интилмоқда? Сабаби оддий - пахта хомашёсидан тайёрланган тўқимачилик маҳсулотларини сотиш пахта толасини сотгандан кўра кўпроқ фойда келтиради. Ҳозирги кунда пахтани Ўзбекистондан, асосан, Бангладеш билан Хитой сотиб олиб, йигирилган ип, мато ва кийим ишлаб чиқариб, кейинчалик уларни Ғарб мамлакатларига экспорт қилиш орқали мўмай фойда кўрмоқда. У ҳолда нега пахта толасини жойида қайта ишлашни кенгайтириб ва тўқимачилик маҳсулотларини Ғарб бозорларига сотиб, ўзимиз энг кўп фойда олишимиз мумкин эмас? Бу яхши ғоя ва у пишиб етилганига анча бўлган. Муаммо шундаки, бир қатор Ғарб мамлакатларида мажбурий меҳнат билан ишлаб чиқарилган товарларни сотиб олишни тақиқловчи қонунлар мавжуд. Бундан ташқари, компаниялар инсон ҳуқуқига дахл қилинган ҳолда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни харид қилмаслик мажбуриятини зиммасига олади. Қонуннинг бундай талаблари мажбурий меҳнат блан териб олинган пахтадан ишлаб чиқарилган газмолларни экспорт қилиш истиқболини муаммоли қилиб қўяди.

Сўнгги бир неча йилда Ўзбекистон ҳокимияти мажбурий меҳнат амалиётини сақлаб қолиш билан мамлакати манфаатлари ва иқтисодий тараққиётига халақит бераётганини тушуна бошлади ҳамда бундай амалиёт миқёсини камайтириш сари қадамлар қўйди. Дастлаб Cotton Campaign, бошқа халқаро ташкилотлар ва ҳукуматлар босими натижасида ҳокимият идоралари болаларни, сўнгра ОТМ ва коллеж талабаларини ва ниҳоят шифокор ва ўқитувчиларни пахтага жўнатишни бас қилди, бироқ одамларни мажбурий тарзда пахта теримига жалб қилишдай эски одатидан ҳамон ҳеч қутула олмаяпти. Барибир ушбу амалиётни давом эттириш учун улар энди иш берувчиларни қўрқитиб, пул ундиришга мажбурлаш ва мардикор ёллаш учун ўз ходимлари пулини тортиб олиш сингари найрангларни қўллашга ўтди. Айни амалиётни ҳам мажбурий меҳнат шакли деб таснифлаш керак бўлади.

Хўш, гап нимада ўзи? Нега ҳукумат ҳалигача фермерлар ва маҳаллий ҳокимият идораларига пахта етиштириш ва топшириш мажбурий бўлган режаларни туширмоқда? Нега ҳалигача пахта етиштиришга фермерлар мажбурланмоқда ва нега ерига нима экиш ихтиёри уларнинг ўзига берилмаяпти? Сабаби оддий: ҳукумат бир вақтда иккита стулда ўтирмоқчи: бир тарафдан, тўқимачилик маҳсулотларини маҳаллий ишлаб чиқаришга туртки бермоқчи, бошқа тарафдан эса, олдингидай пахта толаси экспортидан тушадиган пировард қаттиқ валютани ўзи назорат қилмоқчи.

Шунинг учун Cotton Campaign ҳукуматга "Йўл харитаси"ни таклиф этди. Унга риоя этилса, Ўзбекистон олдинги Каримов режимидан, унгача эса Брежнев-Сталин давридан қолган шармандали амалиётдан қутулиши мумкин бўлади. Ушбу "Йўл харитаси"да пахта етиштириш соҳасини ислоҳ қилиш - пахта топшириш бўйича мажбурий режани бекор этиш, фермерларга ери ва етиштирган маҳсулотинини тасарруф қилиш ихтиёрини бериш, ҳокимларни пахта етиштиришга масъул қилишдан воз кечиш кўзда тутилган. Хуллас, у буйруқбозлик иқтисодиётидан воз кечиб, ниҳоят, ишлаб чиқариш ва савдо амалиётлари иштирокчилари ўртасидаги эркин муносабатлар ҳукмронлик қиладиган бозор моделига тўлиқ ўтишни назарда тутади.

Бу таклифлар ортидан¸2020 йилнинг 3 мартида президент Мирзиёев пахта етиштириш ва топшириш бўйича мажбурий давлат буюртмасини бекор қилиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бир қарашда фермер хўжаликлари ва ишлаб чиқарувчиларни ҳукумати зуғумидан озод этиш учун қадам ташлангандай эди. Лекин чучварани хом санаган эканмиз.

Президент фармони чиққандан бери орадан бир ойдан кўпроқ вақт ўтгандан сўнг ҳам Sulton Teks Group тўқимачилик кластери раҳбари маҳаллий ҳокимият маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга буйруқ бериб келаётгани, компаниянинг ихтисослашув соҳасига алоқаси бўлмаган мақсадлар учун қўрқитиб, пул ундираётганидан шикоят қилди. Sulton Teks ўзига тегишли бўлмаган нарсалар учун пул тўлашни рад этгани учун маҳаллий ҳокимият маҳаллий фермерларга ушбу кластер билан тузилган шартномаларни бекор қилишни буюрди, бош вазир ўринбосари Ўктам Барноев эса компанияни кластерлар рўйхатидан чиқариб ташлади. Ҳокимият бундай қарорини оқлаш учун кластер директори ҳокимият идоралари ўтказаётган селектор мажлисларида қатнашмаётганини баҳона қилди. Маълумки, деярли ҳар куни ярим кечагача ўтказиладиган бундай мажлисларда маҳаллий фермерлар ҳокимликлар олдида режа бўйича топшириқлар қандай бажарилаётгани ҳақида ҳисобот беради. Бу билан ҳокимият фермерлар, энди эса кластерларга буйруқ беришдай эски амалиёт давом этаётганини ўзи тан олди. Демак, президент фармони қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ишларга заррача таъсир қилмаган. Ҳаммаси эскича давом этяпти: ҳоким – бошлиқ, фермерлар эса – унга бўйсунувчилар.

Балки иқтисодиётнинг ушбу соҳасида нималар бўлаётганидан президент бехабардир. Бўлиши мумкин эмас. Чунки ўзи ўша “ислоҳотчилик” фармонидан сўнг ҳам фермерларга ва уй хўжаликлари нима билан шуғулланишига оид эскича буйруқ ва тўғридан-тўғри кўрсатмалар беришни давом эттирмоқда. Масалан, у агросектор ишларига бағишланган селектор мажлисида уй хўжаликларига томорқасида маҳсулот етиштириш ва уни топшириш бўйича топшириқлардан бўйин товлайдиганларга нисбатан маъмурий чоралар қўллаш тўғрисида кўрсатма берди. Бунақаси ҳали бўлмаган. Фермер хўжаликларидан фарқли ўлароқ, яқин-яқингача томорқалар жами ер ресурсларининг ундан қандай фойдаланишни, нима экишни ва бирор нарса экиш кераклиги ёки йўқлигини эгалари ўзи ҳал қилиб келаётган қисми эди. Кимдир томорқасига (ўз истаги билан!) бозорда сотиш ёки истеъмол қилиш учун экин экади, кимдир боғ ўстиради, яна кимдир баҳра олиш учун гул парвариш қилади. Энди ернинг чекланган қисмидаги бундай нисбий эркинлик ҳам барҳам топадиган кўринади. Энди уй хўжаликлари ҳам томорқалари билан бирга буйруқбозлик ва мажбурлаш объектига айланмоқда.

Агар маҳаллий ҳокимият идоралари президентнинг ушбу кўрсатмаларини бажариб, уй хўжаликларини шахсий томорқаларида истагига зид равишда қишлоқ хўжалик экинларини экишга мажбур қилса, бундай меҳнатни мажбурий меҳнатнинг бир тури сифатида таснифлаш керак бўлади. Энди уй хўжаликлари ҳам яна бир мажбурлаш ва мажбурий меҳнат ҳудуди ўлароқ фермер хўжаликлари қаторига қўшилмоқда. Агар чиндан ҳам шундай бўлса, демакки, ҳукуматнинг мажбурий меҳнатга барҳам бериш хусусидаги баёнотларига қарамай, мажбурий меҳнат соҳаси торайиш ўрнига кенгайиб бормоқда.

Олинаётган хабарларга қараганда, ҳокимият идоралари президент кўрсатмаларини бажариш йўлида томорқаларида қишлоқ хўжалик маҳсулотларни етиштиришдан бўйин товлаётганларга қарши жазо чораларини қўллашга тайёр турибди. Ҳокимият буюрганидан бошқа экинларни экадиган уй хўжаликлари ҳам жазога тортилади.

Матбуот “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилгани ҳақида хабар берди. Айтилишича, “томорқага ўз танлови асосида бирон-бир қишлоқ хўжалик экини экмаган фуқаролар аввал огоҳлантирилади. Кейин базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солинади. Агар мазкур ҳолат маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса, бу қиймат уч бараваридан беш бараваригача миқдорда бўлиши белгиланмоқда”.

Бундан ташқари, мажбурий меҳнат соҳаси ўқитувчиларни оммавий тарзда ижтимоий тармоқларда троллар ўлароқ постлар қўйишга мажбурлаш ҳисобига ҳам кенгаймоқда. Бундай тролл фабрикаларини ташкил этиш ва ишлатиш амалиёти Евроосиёдаги авторитар режимлар учун янгилик эмас. Лекин Россияда бунинг учун пул тўланса, Ўзбекистонда шусиз ҳам ҳуқуқсиз ўқитувчилар мажбуран шуғулланмоқда, бу улар юқоридан берилган буйруқни бажариш учун ўқитувчиликдан бўш вақтларида шуғулланадиган ишлари рўйхатига қўшилади. Ушбу троллар сифатидаги ишни ҳам мажбурий меҳнат тоифасига киритиш шарт.

Нима учун ушбу мажбурлаш амалиёти камайиш ўрнига кўпайиб бормоқда? Назаримда, Ўзбекистоннинг давлат идораларида илдиз отиб кетган бошқарувнинг авторитар усулидан иборат сиёсий маданият кучини кўрсатмоқда. Мирзиёев ҳам ҳукуматдаги юқори лавозимли бошқа амалдорлар сингари дастлаб шўролар шароитида, кейинчалик эса Каримов режими даврида ўсиб шаклланган. Ўша шароитларда у ва унга ўхшаш амалдорлар юқоридан буйруқ бериш ва микроменежментдан иборат бошқарув усулларини ўзлаштирган эди. Улар бошқарув тафаккурининг бундай эскириб кетган туридан қутула олмаяпти. Шунинг учун ҳам улар бугун тараққиётни ёқловчи фармонга қўл қўяди, аммо эртага одатий маъмурий-буйруқбозлик усулларига қайтаверади. Бундай усулларнинг негизида иқтисодий рағбатлантириш эмас, маъмурий мажбурлаш ётади. Шунинг учун ҳам чет эллик кузатувчилар Ўзбекистон раҳбарияти қабул қилаётган расмий қарорларга унчалик ишонмайди. Ўзбекистондаги ҳокимият қабул қилаётган у ёки бу қонуний қарор қанчалик тараққийпарвар бўлмасин, бажарилишига ҳеч қандай кафолат йўқ.

Алишер Илҳомов, Лондондаги Шарқ ва Африка тадқиқотлари институти таҳлилчиси.

***

OzodTahlilchi - Озодликнинг янги рукни. Унда турли соҳа мутахассислари, экспертлар, публицист, журналист ва блогерларнинг Озодлик ўқувчилари учун ёзган таҳлилий мақолалари эълон қилиб борилади.

OzodTahlilchiда, шунингдек, Озодлик форматида бўлмаган луқмалар, шарҳлар, чизгиларга, бир сўз билан айтганда, муаллифларнинг кундалик воқеа-ҳодисаларга муносабатлари акс этган матнларга ўрин берилади.

OzodTahlilchiда эълон қилинадиган материал муаллифи қарашлари Озодлик қарашлари ифодаси сифатида қабул қилинмаслиги керак.

XS
SM
MD
LG