Линклар

Шошилинч хабар
01 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:32

Номаълум уч аёл Андижон вилояти ҳокимининг қизини дўппослаб, кийимини йиртди


Андижон шаҳрининг Янги бозор яқинидаги уйларнинг бузилиши аҳоли норозилигига сабаб бўлган эди.
Андижон шаҳрининг Янги бозор яқинидаги уйларнинг бузилиши аҳоли норозилигига сабаб бўлган эди.

Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг 21 яшар қизи 19 июнь куни кечқурун уч нафар шахси номаълум аёл томонидан дўппослаб кетилди.

Воқеа¸ унинг тафсилотларидаб бевосита хабардор андижонликларга кўра¸ Андижон шаҳрининг Янгибозор ҳудудига яқин жойдаги тор кўчалардан бирида содир бўлган.

Андижон шаҳар ИИБ навбатчиси, вилоят ҳокимининг қизи калтаклангани ҳақида жабрланувчидан ариза тушмаганини айтди.

Озодлик суҳбатлашган андижонликларга кўра, милиция ҳужумчиларни шаҳар марказидаги бузилган уйларига ҳеч қандай товон пули ва уй ололмаган аёллар орасидан қидирмоқда.

Озодликка маълум бўлишича¸ бу воқеа юзасидан ички ишлар олиб бораëтган тергов прокуратура назоратига олинган.

Жабрланган қизнинг бу жанжалдан қандай жароҳат олгани ҳақида маълумот Озодликда йўқ. ​

Андижон вилояти ҳокимининг қизи 19 июнь куни кечга томон номаълум аёллар томонидан калтаклангани ҳақида дастлаб, Андижон шаҳридаги ташкилотлардан бирининг раҳбари Озодликка хабар берди:

Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг қизини шаҳарнинг Янги бозор қисмида номаълум шахслар калтаклаб кетишган. Вилоят ИИБ гумонланувчиларни уйи бузилганлар орасидан қидирмоқда”, - деб ёзди исми ошкор этилмаслигини илтимос қилган ташкилот раҳбари.

Андижон вилояти ҳокимлигидаги мулозимнинг айтишича, ҳокимнинг қизини уч нафар шахси номаълум аёл калтаклаган:

Ҳокимнинг қизини уриб, кўйлакларини йиртиб юборган ва дарҳол воқеа жойидан қочиб кетишган. Бу аёлларнинг сочи сариқ бўлган экан”, деди ҳокимлик мулозими.

Янгибозор яқинидаги уйлари бузилишга тушган аёллар улардан бир неча нафари сўроқ қилинганини тасдиқлади:

Тўғри, бизнинг уйларни бир кун олдин огоҳлантириб, бузишни бошлаганда катта жанжал бўлган эди. Сабаби, уйларни тезда бўшатиб қўйиш талаб қилинган, бир қанча уйлар куч билан бузилган эди. Ҳамма норози эди. Билмадим, ҳокимнинг қизини урганлар шу гапни айтганми, бизнинг кўчадан бир неча аёлни ушлаб олиб кетишди, жумладан мени ҳам”, - дейди исми сир қолишини сўраган андижонлик аёл.

Унинг айтишича, уларни ҳокимнинг қизи калтакланган жойга олиб боришган:

Мен кеча, 20 июнь куни эшигимиз тагида турган эдим. Бир пайт мелисани мошинаси келиб тўхтадида, икки мелиса тушиб, мошинага чиқинг, бир жойга бориб келамиз, деди. Нега, десам, қўрқманг, борамизу қайтамиз, гап бор, деди. Қарасам, маҳалламиздан яна икки қизни мошинага миндириб олишган экан. Кейин чиқдим. Бизни Янгибозор яқинидаги бир тор кўчага олиб боришди ва мошинадан тушинглар, деди. Тушиб икки минутча ўша ерда турдик. Мелисалардан бири бошқа мошина турган жойга бориб келди ва бўлди, кетдик деб, яна қайтариб олиб келиб қўйишди”, деди андижонлик аёл.

Бу аёлнинг тахмин қилишича, ўша ердаги автомобиллардан бирида ҳокимнинг қизи ўтирган бўлган ва гумонланувчилар олиб келиниб, таниш учун унга кўрсатилган.

Андижон шаҳар ички ишлар бўлимининг навбатчиси вилоят ҳокимининг қизи калтаклангани ҳақида жабрланувчидан ариза тушмаганини айтди.

Айни пайтда¸ прокуратура расмийси Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг қизи уч нафар номаълум аёл томонидан жабрланганини тасдиқлади ва воқеанинг "ички ишлар тергови устидан назорат доирасида ўрганилаëтганини" билдирди.

Прокуратура мулозимига кўра¸ воқеанинг жабрланган қизнинг отаси бўлган вилоят ҳокими фаолиятига алоқадор ёки алоқадор эмаслиги ҳам текширилмоқда.

21 яшар З.А.(Озодлик қизнинг тўлиқ исмини билади, лекин тергов сири учун ошкор этмайди - таҳририят) Андижондаги олийгоҳлардан бирининг иккинчи курс талабаси ҳисобланади.

XS
SM
MD
LG