Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:42

ИИВ Академияси ўқитувчиси кириш имтиҳонларидаги ҳийлалар ва порахўрлик ҳақида айтиб берди


ИИВ Академиясига минглаб талабгорлар ҳужжат топширди
ИИВ Академиясига минглаб талабгорлар ҳужжат топширди

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Академиясининг ўқитувчиси ўқув юрти қабул комиссияси аъзоларини 2018-2019 ўқув йили учун кириш имтиҳонлари пайтида турли ҳийлалардан фойдаланганлик ва порахўрликда айблади.

Исмини сир сақлаш ва овозини ўзгартириш шарти билан Озодликка гапирган ўқитувчининг иддао қилишича, июнь ойида бўлиб ўтган кириш синовлари пайтида таниш-билишчилик, порахўрлик ва натижаларни сохталаштириш ҳолатларига гувоҳ бўлган.​

Академия ўқитувчисининг иддаоларига ўхшаш маълумотларни Озодликка бир-биридан мустақил равишда алоқага чиққан абитуриентлар ва уларнинг яқинлари ҳам айтиб берди.

Озодлик бу иддаолар юзасидан Ўзбекистон ИИВ Академияси қабул комиссиясидан муносабат ололмади.

Ўзбекистон ҳуқуқ тизими мулозимидан олинган норасмий маълумотга кўра¸ бу вазият бўйича ҳозирда текширув ўтказилмоқда.

Ўқитувчи билан ўтказилган суҳбатни қуйида тингланг. Овози унинг талаби билан ўзгартирилган:

ИИВ Академияси ўқитувчиси ўз ҳамкасбларини порахўрликда айблади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:14:26 0:00
Бевосита линк

Кўп босқичли синовлар

Якуний натижаларни абитуриентлар уч кун давомида кутишди
Якуний натижаларни абитуриентлар уч кун давомида кутишди

Кундузги таълимга кириш шартларига кўра, ИИВ Академиясига кириш орзусида бўлган минглаб абитуриентлар июнь ойи бошида дастлаб тиббий кўрикдан ўтиб, сўнгра психология, жисмоний тайёргарлик, рус ва инглиз тилларидан имтиҳон топширди.

Ҳар бир фандан максимум 30 балл - тўрт фандан жами 120 баллнинг 50 фоизини тўплаган абитуриентлар иккинчи босқичда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Якуний босқичда учта гуруҳга бўлинган давлат комиссияси аъзолари абитуриентларни ҳуқуқшунослик, тарих, адабиёт, миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари фанлари бўйича оғзаки суҳбатдан ўтказди.

Озодлик суҳбатлашган абитуриентлар барча имтиҳонлар кузатув камералари назоратида бўлиб ўтгани қайд этишди.

"Клиентларга махсус турниклар ва либослар"

Талабалар рўйхати 9 июлда эълон қилинди
Талабалар рўйхати 9 июлда эълон қилинди

Озодликка суҳбат берган ўқитувчининг ИИВ Академияси раҳбарига йўллаган мактуби нусхаси аввалроқ келган эди.

Ўқитувчининг ёзишича, Академия мураббийлари билан тил бириктирган "клиентлар"га алоҳида эътибор кўрсатилган, махсус шароитлар яратилган. Хусусан, жисмоний тайёргарлик бўйича синов тўғрисида ўқитувчи бундай ёзган:

"Турниклардан биттаси видео камерага олинмади, гаплашилган клиентлар айнан шу турникда тортилтирилди. Юз метр ва 3 км масофага югуришда натижалар сохталаштирилди. Гарчи бу синовга махсус инспекция ходимлари масъул сифатида жалб этилган бўлса-да, 3 км масофага югуриш машқларида 7 круг югуриш урнига айрим номзодлар 5-6 круг югурди, аммо уларга биринчи келган номзодлар каби катта баҳо қўйилди. Клиентларни таниб олиш учун уларга махсус кийимлар бир кун олдин бериб қўйилди ёки кечқурун имтиҳонга масъул ўқитувчига клиентни олиб бориб, таништириш каби усуллардан фойдаланишди," деб ёзади у.

Унинг қўшимча қилишича, психологик текширув натижалари ҳам сохталаштирилган.

"Психологик текширувда текширувчиларнинг ўзи натижаларни сохталаштиришди. Номзоднинг Ф.И.О. ва гуруҳини олиб, натижалари қандай бўлишидан қатъи назар, баҳолари кўтариб қўйилди. Ҳатто номзод ўзи "паст балл олдим," деб чиқса-да, якунда уларнинг баллари баланд чиқди," дея иддао қилди у.

"Порахўрлик ҳиди"

Адолат йўқ! Академияга 95 балл билан кирган абитуриентлар бор. Аммо, 150-155 балл олганлар ўқишга кира олишмади. Адолат қани?!

Ўқитувчининг иддао қилишича, якуний суҳбат бошланган куннинг ўзида порахўрликнинг ҳиди келаётганини сезиш қийин эмасди:

"Суҳбатни ўтказиш тартибига қаранг: номзод саволлар билетини олгач, алоҳида хонага кириб, у ерда 5-6 номзод 20 минут давомида тайёрланмоқда. Кейин навбат билан суҳбат ўтказиладиган хонага киритилмоқда. Хонада эса, фақат ўқитувчилар бор, холос. Қайси номзод қандай жавоб берганини ўқитувчилардан бошқа ҳеч ким билмайди..Чунки савол-жавоб вақтида номзодлар бир-бирининг қандай жавоб берганини билиб қолсалар, эртага мандат вақтида норозиликлар пайдо бўлишининг олдини олиб шундай қилишган... Бу ерда атайлаб порахўрлик учун шароит яратилди," дея иддао қилади ўқитувчи.

Озодлик билан телефон орқали суҳбатлашган бир абитуриент овозини ёзиб олмаслик шарти билан қуйидаги ҳолатга эътибор қаратди:

"Адолат йўқ! Академияга 95 балл билан кирган абитуриентлар бор. Аммо, 150-155 балл олганлар ўқишга кира олишмади. Адолат қани?!"

"Камбағаллар ўрнига пулдорлар"

ИИВ Академиясига ўтиш баллари
ИИВ Академиясига ўтиш баллари

Озодликка Telegram oрқали боғланган абитуриентлардан бири "камбағал абитуриентлар йиқитилиб, пулдорлари" қабул қилинганидан шикоят қилди:

"Мен Ўзбекистон Ички ишлар Академиясига кирмоқчи эдим. Барча имтиҳонларимни яхши топширдим, аммо якуний суҳбатдан менга берилиши керак бўлган баллни бошқа абитуриентга беришди. Мени эса “Нотўғри жавоб бердинг”, деб алдашди. Ичкарида коррупция авж олган. Доимгидек билимли, аммо камбағал болалар йиқилиб, билимсиз, аммо пулдорлар ўқишга олинди. Шунча ота-оналар эса имтиҳон адолатли бўлади, дея умид билан кутган эди," деб ёзди у.

Абитуриентлар ота-оналари ИИВ Академияси олдида
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:26 0:00

Яна бир абитуриент яқинларидан бирининг иддао қилишича, ИИВ Академиясига имтиҳон пайти "тизимда ишлайдиган масъулларнинг фарзандларига ён босиш" кузатилган:

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги академиясига имтиҳон пайти милиция тизимида ишлайдиган масъулларнинг фарзандларига ён босиш ҳолатлари кузатилди. Мен фикримга исбот сифатида аниқ исм-фамилияларни айтишим ҳам мумкин. Аммо этика нуқтаи назаридан аниқ шахс номини тилга олмайман. Курсант бўлиш, Ватан ҳимоячиси бўлишни орзу қилган ёшларнинг билими холис ва ҳаққоний баҳоланиши керак. Фикру зикри доллар пирамидасини бунёд этиш билан банд кимсалар даври ўтди," деб ёзди Озодликка Telegram мессенжери орқали боғланган абитурент яқинларидан бири.

Ўз таъбирида у жамоатчиликни "адолатсизлик қурбони бўлган ёшларни” қўллаб-қувватлашга чақирди:

"Жамоатчиликдан илтимос, сизлар ҳам биз каби ўз мустақил фикрига эга, аммо адолатсизлик қурбони бўлаётган ёшларни қўллаб-қувватланглар! Акс ҳолда эртага ўзингиз, фарзандингиз ҳам адолатсизлик қурбони бўлиши мумкин".

Ўтган имтиҳонлардан камерага олинган лавҳаларни кўриб чиқса, барча ҳақиқат очилади, адолат устун бўлади

Озодликнинг яна бир суҳбатдоши - фарзанди ўқишга кира олмаган ота имтиҳон жараёнини видео камераларда қайдга олинган тасвирлар орқали текшириб чиқиш зарурлигини айтади:

"Ўтган имтиҳонлардан камерага олинган лавҳаларни кўриб чиқса, барча ҳақиқат очилади, адолат устун бўлади. Қизиқиш учун болалар топширган ҳужжатларини ўрганиб чиқилса, уларнинг неча нафари ўша Академия, ички ишлар ходимларининг фарзандлари, жиянлари ва ҳоказолиги билинарди," дея арз қилди ўқишга кира олмаган абитуриентнинг отаси.

Озодлик абитуриентлар ва уларнин яқинлари илгари сурган барча иддаоларни ​мустақил манбалар орқали тасдиқлата олгани йўқ.

Озодликка келган шикоятларга муносабат олиш мақсадида ИИВ Академиясининг қабул комиссияси билан боғланиш уринишлари 10 июль куни натижасиз қолди.

Аммо, Ўзбекистон ҳуқуқ тизими мулозимидан Озодлик олган норасмий маълумотга кўра¸ бу вазият бўйича ҳозирда текширув ўтказилмоқда.

2018/2019 ўқув йилига ИИВ Академияси кундузги таълим шаклига номзодларни танлаш ва ўқишга қабул қилишда ўтиш балларини 9 июлда эълон қилди.

Ўқишга кира олмаган абитурентлар ва уларнинг ота-оналари эътирозларига кўра, қабул комиссияси аъзолари уларга апелляция шикоятлари ўқишга кирган талабалар рўйхати эълон қилинмасдан аввал, яъни 5 июлдан 8 июлгача қабул қилинганини билдирганлар.

Имтиҳон натижаларига кўра, жами 600 абитуриент Академия курсантларига айланди.​

Академияга жаъми 15 мингга яқин талабгор ҳужжат топширганди.

XS
SM
MD
LG