Линклар

Шошилинч хабар
07 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:43

Googleнинг янги сунъий интеллект алгоритми юрак хасталикларини башорат қила олади


Google ва унга тегишли Verily тиббиёт ширкати ходимлари кишиларда юрак хасталиги хавфини баҳолашнинг янги услубини аниқлади.

Янги дастур ҳақида 19 февраль куни Biomedical Engineering журнали мақола чоп этгани ҳақда theverge.com сайти хабар қилди. Тадқиқот натижалари ҳақида илк маротаба ўтган йилнинг сентябрида эълон қилинган эди.

Кишиларда юрак хасталиги хавфини баҳоловчи дастур бемор кўзи орқаси сканларини таҳлил қилиб, унинг ёши, қон босими ҳамда чекиш-чекмаслигини аниқлай олади. Ушбу маълумот асосида беморда юрак хуружи содир бўлиши эҳтимолини аниқлаш мумкин. Янги дастур хасталик эҳтимолини аниқлашда ҳозирда қўлланилаётган етук услублардан қолишмайди.

Алгоритм шифокорлар беморнинг юрак-томир хасталигига чалиниши хавфини аниқлашини осонлаштиради. Аммо дастурдан амалда фойдаланишни бошлашдан олдин уни кўпроқ синовдан ўтказиш керак.

Сунъий идрокли дастурни тайёрлаш учун Google ва Verily олимлари 300 мингга яқин бемор касаллик тарихини машина ўрганиши услуби билан таҳлил қилган. Ўрганилган маълумотлар ичида кўз сканлари ҳамда умумий тиббий маълумот бўлган. Сўнгра маълумот ичидаги ўзаро боғланишлар аниқланган. Хусусан, юрак хуружи эҳтимолини аниқлашда лозим бўлган белгилар ва кўз сканлари ўртасидаги алоқа ўрганилган.

Кўзларни таҳлил қилиб киши соғлиғига баҳо бериш ғояси янги эмас. Кўзнинг орқа девори қон томирларига бой бўлиб, улар ёрдамида тананинг умумий соғлиғига баҳо бериш мумкин. Шифокорлар бу томирларни камера ва микроскоп ёрдамида таҳлил қилиб, кишининг қон босими, ёши ва чекиш-чекмаслигини аниқлай олади. Бу маълумот эса юрак-томир тизими хасталикларини башорат қилишда муҳим роль ўйнайди.

XS
SM
MD
LG