Исроил тарихида биринчи марта бутун бошли шаҳар эвакуация қилинмоқда
Исроил тарихида биринчи марта уруш оқибатида бутун бир бошли шаҳар эвакуация қилинмоқда. The Times of Israel газетасининг ёзишича, Исроил жанубидаги 30 минг аҳоли яшайдиган Сдерот шаҳри кўчирилмоқда.
Шаҳар мэри Элад Калим ҳозиргача аҳолининг учдан икки қисми эвакуация қилинганини билдирди. Яна бир неча минг киши яқин кунларда шаҳардан олиб чиқиб кетилиши лозим.
Сдеротликлар Тель-Авив, Қуддус ва Эйлатга кўчирилмоқда. Мэр шаҳарликларнинг 10 фоизи турли сабаблар туфайли эвакуациядан бош тортиши мумкинлигини айтди.
Сдерот шаҳрига 1950 йилда Негев саҳросини ўзлаштириш лойиҳаси доирасида асос солинган. Мазкур шаҳар Ғазо бўлгаси чегарасидан бир неча километр узоқлида жойлашган.
7 октябрда Сдерот ҲАМАС ва “Ислом жиҳоди” жангарилари томонидан босиб олинган эди. Бироқ шаҳар бир неча соат ичида жангарилардан озод қилинган.
Исроил ТИВ ҲАМАС ҳужумида ҳалок бўлганлар орасида уч ўзбекистонлик борлигини билдиргани айтилмоқда
"Газета уз" нашрининг ёзишича, Исроил Ташқи ишлар вазирлиги 15 октябрда ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумлари оқибатида Ўзбекистоннинг уч нафар фуқароси ҳалок бўлгани ҳақида билдирган. Бундан ташқари тўрт нафар ўзбекистонлик бедарак.
Ҳозиргача Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бу маълумотга муносабат билдирмади.
Исроил Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган маълумотда қайд этилишича, 15 октябрь ҳолатига кўра, ҳужумлар оқибатида 148 нафар чет эл фуқароси ҳалок бўлган, 143 киши бедарак кетган.
11 октябрь куни Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси айрим ОАВларда ҲАМАС гаровга олганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари борлиги тўғрисида тарқатган маълумотлар “тасдиқланмагани”ни таъкидлаган ҳолда, нашрларни ва блогерларни “фақат расман тасдиқланган маълумотларни тарқатиш”га чақирган эди.
Мана шу хабардан кейин элчихона сайтида бошқа бунга доир маълумот чиқмади. Озодлик радиоси элчихона билан кун давомида боғланишга ҳаракат қилмоқда. Лекин ҳозирча элчихона ходимлари Озодлик қўнғироқларига жавоб бермади.
Ғазода ҳалок бўлганлар сони 2750га етди
ҲАМАС назоратидаги Ғазо сектори тун бўйи бомбаланди, аҳоли бу тўққиз кунлик тўқнашувдаги энг даҳшатлиси бўлганини айтмоқда. 16 октябрь, душанба куни Ғазо секторининг жанубий қисми ҳам бомбаланди.
Хон Юнис шаҳарида яшовчи 45 яшар Суҳайл Бакирга кўра, тунги ҳужумда унинг қўшниси болалари билан бирга қурбон бўлган:
“Мен ҳар куни у одамнинг ёнидан ўтиб, у билан сўрашардим, у болалари билан яшарди, тунда уларнинг устига ракета тушди. Биз даҳшатдан уйғониб кетдик, ташқари чиққанимизда уларнинг ҳаммаси бўлак-бўлак бўлиб кетганди. Қутқарувчилар бульдозер билан жасадларни вайроналар остидан зўрға олиб чиқишди".
Душанба куни Исроил Ғазо жанубида ўт очишни тўхтатиш келишувига риоя қилинмаганини айтди. Аммо Мисрдаги хавфсизлик манбалари айтишича, хорижликларнинг Ғазони тарк этиши ва у ерга ёрдам етказилиши учун келишув имзоланган эди.
Исроил 7 октябрь куни Ҳамаснинг мисли кўрилмаган ҳужумига жавобан Ғазони бомбалай бошлаганидан бери минглаб ғазоликлар, жумладан, шифокорлар ва қутқарувчилар ҳалок бўлди.
Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 7 октябрдан бери Исроилнинг Ғазо секторига уюштирган ҳужумларида 2750 фаластинлик ҳалок бўлган, 9700 нафари яраланган.