АҚШда 71 яшар қария 6 яшар болани пичоқлаб ўлдирди
АҚШнинг Иллинойс штатида 6 ёшли болани пичоқлаб ўлдиришда ва 32 ёшли аёлни оғир жароҳатлашда айбланган 71 ёшли эркак якшанба куни нафрат жиноятида айбланди.
Уилл округи шерифи идорасининг ижтимоий тармоқдаги баёнотига кўра, ҳодиса шанба куни эрталаб Чикагодан 65 километр жануби-ғарбда жойлашган Плейнфилд шаҳарчасида содир бўлган.
Бола касалхонада вафот этган. Экспертиза хулосасига кўра, болага ўнлаб марта пичоқ урилган. Пичоқланган аёлда эса бир нечта жароҳатлар борлиги ва у тирик қолиши мумкинлиги айтилмоқда.
Полициянинг таъкидлашича, 71 яшар эркак аёл ва болага исломий эътиқоди ва Исроил-ҲАМАС уруши сабаб ҳужум қилган.
“Детективлар ушбу шафқатсиз ҳужум қурбонлари мусулмон бўлгани ҳамда Яқин Шарқда ҲАМАС ва исроилликлар ўртасида давом этаётган можаро туфайли нишонга олинганини аниқлашди”, дейилади шериф баёнотида.
Охирги кунларда АҚШ шаҳарлари полицияси ва федерал маъмурият антисемитизм ёки исломофобия сабабли юзага келадиган зўравонликка қарши юқори шай ҳолатга келтирилган.
Байден 18 октябрда Исроилга боради
АҚШ президенти Жо Байден 18 октябрда Исроилга боради, деб билдирди давлат котиби Энтони Блинкен.
Расман билдирилишича, сафардан мақсад “мамлакат тарихидаги энг қонли террор ҳужумидан жабрланган исроилликлар” билан бирдамликни намойиш этишдир. Жо Байден президент сифатида иккинчи марта уруш бораётган мамлакатга бормоқда. Февраль ойида у Киевга сафар қилганди.
Исроилда АҚШ президенти Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва бошқа расмийлар билан учрашади. Блинкеннинг айтишича, Байден мамлакат хавфсизлигини таъминлаш учун қандай ҳаракатлар зарурлигини исроилликларнинг ўзларидан эшитмоқчи.
Байден сафари доирасида Иордания қироли, Миср президенти, Фаластин мухторияти раҳбарлари билан учрашади. Бу учрашувларда Ғазонинг тинч фуқароларига гуманитар кўмак кўрсатиш масаласи муҳокама этилади.
Бундан аввал Жо Байден CBS телеканалига берган интервьюсида “ҲАМАС тўлиқ йўқ қилиниши шарт”, деб билдирди. Шу билан бир қаторда, Байден Исроил томонидан Ғазонинг оккупация қилиниши катта хато бўлишини таъкидлади. Унга кўра, Фаластин давлатини ташкил этиш йўлларини излаш лозим. Шунингдек, АҚШ президенти Эрон ва Ҳизбуллоҳ радикал гуруҳини конфликтга аралашиш оқибатлари ёмон бўлишидан огоҳлантирди.
Ғазода ҲАМАС разведкаси бошлиғи ўлдирилди. Блинкен яна Исроилга борди
ҲАМАС гуруҳининг умумий развдка бошқармаси бошлиғи Ғазо бўлгаси жанубидаги Хон Юнус шаҳрида Исроил армияси берган ракета зарбаси оқибатида ҳалок бўлди. Бу ҳақда Исроил армияси маълум қилди.
Расман билдирилишича, 7 октябрдан бери давом этаётган ҲАМАС-Исроил урушида шу кунгача 1400 исроиллик ҳалок бўлган. Ғазо бўлгасида ўлганлар сони эса уч минг кишига яқинлади.
Хабарларда айтилишича, АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен яна Қуддусга борган. Бу ерда у Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва президент Ицхак Герцог билан музокаралар ўтказмоқда. АҚШ давлат котиби Вашингтон Исроилнинг Ғазода ўтказиладиган ер усти амалиётини қўллаб-қувватлашини билдирган. Блинкен АҚШ Исрои ҳукуматига фуқароларни ҳимоя қилиш учун зарур бўлган барча воситаларни етказиб беришга тайёрлигини айтган. Бундан аввал Блинкен Исроилда 12 октябрда бўлган эди.
Блинкен Иордания,Қатар, Баҳрайн, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари ва Мисрда бўлди, сўнг яна Исроилга қайтиб борди.
ҲАМАС Исроилни Ғазодаги касалхонага ҳужум қилганликда айблади
ҲАМАС Ғазодаги “Ал Ахли” касалхонасига Исроил армияси ҳаводан зарба бергани ҳақида билдирди. ҲАМАС телеграм каналида маълум қилинишича, 600 киши ўлган ва 900 киши яраланган. Касалхонада беморлар ва яраланганлардан ташқари, уйларини ташлаб қочишга мажбур бўлган одамлар ҳам яшаган. “Ал Жазира” телеканали камида 500 киши ўлгани ҳақида хабар берди.
Исроил армияси бу хабарни рад этди ва касалхонага ҳужумда “Ислом жиҳоди” гуруҳини айблади. Исроил разведкасига таяниб тарқатилган хабарда айтилишича, жиҳодчилар мўлжални нотўғри олгани оқибатида, ракета касалхонага келиб тушган. Бу вақтда Исроил ҳудудига касалхонага яқин жойдан туриб зарбалар берилаётган эди.
Фаластин мухторияти раҳбари Маҳмуд Аббос мамлакатда уч кунлик мотам эълон қилди. Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу эса Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида : “Бизнинг болаларимизни аёвсиз ўлдирганлар ўз болаларини ҳам ўлдирмоқда”, деб ёзди.
Нетаняҳунинг маслаҳатчиси Марк Регев Би-би-сига берган интервьюсида ҲАМАС отаётган ракеталарнинг учдан бир қисми Исроил ҳудудига етиб келмай, Ғазода портлаётгани кузатилаётганини айтди.
Ғазодаги касалхонага ҳужум ортидан норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда
Уммондаги Исроил элчихонаси олдида норозилик намойиши бўлиб ўтмоқда. Норозилар касалхонага зарба берилгани тўғрисидаги хабарлардан сўнг элчихона биносига бостириб киришга ҳаракат қилди.
Исроилга қарши намойишлар Теҳрон, Бейрут ва Бағдодда ҳам бўлиб ўтмоқда. Истанбулда норозилар Исроил консулхонасига бостириб кирмоқчи бўлгани ортидан полиция билан тўқнашувлар содир бўлди. Иорданиянинг Ирбид шаҳрида ҳам бир неча минг киши Исроилга қарши митинг ўтказди.
Иордан дарёсининг ғарбий соҳилида касалхонага ракета отилгани ортидан тартибсизликлар бошланиб кетди. Reuters агентлигининг билдиришича, Фаластин мухторияти полицияси ва норозилар ўртасида тўқнашувлар бўлган.
Касалхонага ракета отилганини Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Гебрейесус, Канада бош вазири Жастин Трюдо, Туркия президенти Эрдўғон, Иордания қироли Абдулла II, Саудия Арабистони қоралади.
Россия ва Бирлашган Араб Амирликлари 18 октябрь куни БМТ Хавфсизлик кенгашининг шошилинч йиғилишини ўтказишни таклиф қилди.