Бишкекда фаластинликларни қўллаб-қувватлаш учун митинг йиғилди
28 октябр куни Бишкекдаги Максим Горкий боғида Ғазо секторидаги фаластинликларни қўллаб-қувватлаш учун 300 га яқин одам ўз митингини давом эттирди.
Улар “Фаластинга озодлик” ва “Қирғинни тўхтатинг” деган ёзувларни кўтариб олдилар.
ҲАМАС Москвада: "ҲАМАС гаровдагиларни исроилликлар деб ҳисоблайди"
Москвага келган ҲАМАС делегацияси раҳбари Муса Абу Марзук Кремлнинг Ғазо бўлгасида гаровда сақланаётган Россия фуқаролигига эга шахсларни озод қилиш сўровига гуруҳ томонидан “нисбатан ижобий ва эътибор билан” қаралаётганини айтди.
Бу ҳақда РИА Новости хабар қилмоқда.
“Аксар исроилликлар бир неча мамлакат фуқаролари, Ғазо бўлгасида тутиб турилган ўз фуқаролари масаласида бизга кўплаб мамлакатлар илтимос билан чиқишди. Жумладан, рус дўстларимиз ҳам. Россия билан алоқаларимиз табиатидан келиб чиқиб, биз Россия сўровига нисбатан ижобийроқ ва эътибор билан қараяпмиз”, деди Абу Марзук.
Айни чоғда РИА Новости гуруҳ вакили ҲАМАС гаровдагиларни биринчи галда исроилликлар деб ҳисоблашини урғулагани ҳақида ёзмоқда.
“Биз рус, француз, америкалик ёки бошқа бирон ажнабийни тутганимиз йўқ. Босиб олинганларнинг барчаси биз учун – исроилликлар, гарчи қутқариш илинжида уларнинг асосий фуқаролиги пеш қилинаётган бўлса-да”, дея ҲАМАС делегацияси раҳбаридан иқтибос келтиради агентлик.
Исроил ТИВ маълумотига кўра, ҲАМАСнинг Исроилга ҳужуми натижасида Россия фуқаролигига эга 23 киши ҳалок бўлган. 26 октябрда Россиянинг Исроилдаги элчиси Анатолий Викторов РФнинг муҳтамалан яна уч фуқароси Ғазо бўлгасида гаровда ушлаб турилганини маълум қилди. ҲАМАС гуруҳи жами 220 дан ортиқ кишини гаровга олгани айтилади.
26 октябр куни ҲАМАС делегацияси Яқин Шарқда уруш бошланганидан бери илк бор Москвага келди. Кейинроқ Россия ТИВ учрашувда “Ғазо бўлгаси ҳудудида қолаётган чет эллик тутқунларни озод этиш” муҳокама қилинганини, шунингдек “Фаластин анклави ҳудудидан россияликлар ва бошқа чет эл фуқаролари эвакуация қилинишини таъминлаш билан боғлиқ масалалар” кўтарилганини билдирди. ҲАМАС жангарилари гаровга олганлар орасида Россия фуқаролари ҳам борлиги тўғрисида вазирликбаёнотида ҳеч нима дейилмаган.
Тутқунларни Қатар воситачилигида озод қилиш бўйича музокаралардан натижа бўлмади. ҲАМАС “рус дўстларимизнинг илтимосларига қулоқ солишга тайёрмиз”, дея баёнот берганига қарамай ҳатто Россия паспортига эга тутқунларни ҳам озодликка чиқаргани йўқ.
Сиднейда фаластинликлар билан бирдамлик намойиши бўлиб ўтди
Дунё шаҳарларида Исроилдан ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилишини талаб қилиб ва Фаластинни қўллаб-қувватлаб норозилик намойишлари ўтказилмоқда.
Турли жамолардан йиғилган минглаб одам Сиднейда Фаластинни қўллаб-қувватлаб норозилик намойиши ўтказди.
«Яҳудийлар ишғолга қарши» деб ёзилган баннерларни кўтариб олган намойишчилар «Исроилга уят» ва «Фаластин ҳеч қачон ўлмайди» дея ҳайқирди.
"Ғазода ва босиб олинган ҳудудларда апартеид давлатни йўқ қилинг ва Исроил содир этаётган уруш жиноятларини тўхтатинг. Буни яҳудий жамияти номидан эмас, ўз номимиздан айтяпмиз”, дейди намойишчи Дори.
Намойишчи Эмад Австралия ҳукуматини «Ғазодаги Фаластин халқига қарши геноцид»га «шерик»ликда айблади:
«Биз Австралиядаги яҳудий жамоалари билан биргаликда бегуноҳ фуқаролар, болалар, аёлларнинг ўлимига, инфратузилмани бомбардимон қилишга чек қўйишга чақириш учун йиғилдик»
Намойиш Сиднейдаги Белмор боғидаги катта митинг билан якунланди.
Марсел ва Бруклинда ҳам юзлаб одам фаластинликларни қўллаб-қувватлаб намойиш ўтказди
Франция шаҳри Марселда намойишчилар Фаластин байроқларини кўтариб, Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатларини тугатишга чақирди.
“Бугун Фаластин халқини қўллаб-қувватлашимиз ва улар учун борлигимизни айтиш учун тўпландик. Биз уларнинг овозимиз. Бугун Ғазода интернет алоқаси йўқ ва улар биз билан энди гаплаша олмайди. Биз уларни эшита олмаяпмиз”, дейди намойишчи Мария Мбек.
АҚШнинг Бруклин шаҳрида ҳам Фаластин тарафдорлари намойиш ўтказди.
Намойишчилар Бруклин кўпригида тўпланиб, Манхеттенга транспорт ҳаракатини тўхтатиб қўйишди. Исроил Ғазода интернет ва алоқани узиб қўйиб бомбардимонларни кучайтирганидан сўнг, дунё шаҳарлари бўйлаб намойишлар бўлиб ўтмоқда.