Линклар

Шошилинч хабар
17 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:37

ҲАМАС - Исроил уруши. Ғазо сектори жанубида жанглар бормоқда

7 октябрь куни эрта тонгда Фаластиннинг радикал ҲАМАС гуруҳи Исроил ҳудудига кутилмаганда кенг кўламли ҳужумни амалга оширди.

ҲАМАС қуролли отрядлари Исроил ҳудудига ўтиб, бир неча аҳоли пунктларини назорат остига олди.

Исроил ҳудуди ўнлаб оммавий ракета ҳужумлари амалга оширилди.

17:56 29.10.2023

Исроил ҳарбийлари Ғазо секторига ҳужумларни давом эттирмоқда

Исроил мудофаа кучлари Ғазо секторида исроил ҳарбийлари ҳаракатланаётгани акс этган видеони эълон қилди.

Шунингдек, Ғазога қилинган ҳаво ҳужумлари видеоси ҳам эълон қилинди.

Исроил армияси ўтган кун давомида ҲАМАСнинг Ғазо секторидаги 450 дан ортиқ ҳарбий нишонларига зарба берганини маълум қилди.

Тинимсиз бомбардимонлар оқибатида узилган интернет ва телефон алоқаси якшанба куни тикланди. Исроил ҳарбийлари қамалдаги Ғазо анклавига қуруқликдан, ҳаводан ва денгиздан зарбаларни кучайтирмоқда.

Исроил ҳарбийлари Ҳамаснинг 150 дан ортиқ ер ости нишонларига зарба берганини билдирди.

Можаро ҲАМАС жангарилари 7 октябр куни Исроил шаҳарларига бостириб кириб, кўплаб одамларни ўлдиргани ва гаровга олганидан кейин бошланди.

Исроил бунга жавобан Ғазони озиқ-овқат, ёқилғи ва бошқа таъминотдан узиб қўйиб, тинимсиз бомбардимон қилмоқда.

Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳозиргача 7700 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлгани маълум қилди. Бу 2014 йилда олти ҳафта давом этган Ғазо урушида ҳалок бўлганлардан уч баравар кўп.

Исроилнинг ишғол қилинган Ғарбий Соҳилда 100 дан ортиқ фаластинликнинг ўлимига сабаб бўлган рейдларидан сўнг Ҳамас Исроил шаҳарларига бостириб кирди.

АП Фаластиндан қурбонлар сонини мустақил равишда тасдиқлай олмади.

Исроил расмийларига кўра, ҲАМАСнинг дастлабки ҳужумида 1400 дан ортиқ одам ҳалок бўлган.

Исроил ҳарбийлари Ғазода 222 киши гаровда сақланаётганини айтмоқда.

Ҳозиргача гаровга олинган тўрт киши озод этилган.

12:24 31.10.2023

Исроил бош вазири Ғазога ҳужумнинг учинчи босқичи бошланганини билдирди

Бош вазир Бинямин Нетаняҳу Исроил ҲАМАСнинг ҳарбий ва сиёсий потенциалини барбод қилишда собит қадам ташламоқда, деб билдирди.

Унга кўра, биринчи босқичда ҲАМАС ҳужумларини тўхтатиш, иккинчи босқичда ҳаводан зарбалар бериш назарда тутилган эди. “Учинчи босқичда эса Ғазода ер усти амалиётини кенгайтирилган тарзда амалга ошириш режалаштирилган”, -деди Нетаняҳу матбуот анжуманида.

Нетаняҳунинг мазкур билдирувидан сўнг ЦАХАЛ расмий вакили Ғазога қўшимча кучлар киритилишини ва бўлгадаги ер усти амалиёти масштаблари кенгайтирилишини маълум қилди.

Шунингдек, Исроил армияси Ливандаги Хизбуллоҳ ҳаракати инфраструктурасига зарба берилганини хабар қилди. Бундан ташқари Исроил армияси Рамаллоҳ яқинидаги Арура шаҳарчасида ҲАМАС расмий вакили Солиҳ ал Арурига тегишли уйни бузиб ташлади.

12:52 31.10.2023

Исроилнинг БМТдаги дипломатлари сариқ юлдуз тақди

Исроилнинг БМТдаги ваколатхонаси ходимлари кийимларига сариқ юлдуз тақдилар. Иккинчи жаҳон уруши даврида нацистлар яҳудийларни бошқалардан ажралиб туриши учун мана шундай белги тақишга мажбурлаган эди.

Хабарда айтилишича, ваколатхона ходимлари ташкилот ҳалигача ҲАМАСга қарши резолюцияни қабул қилмаганига норозилик сифатида мана шундай қадамга борганлар.

БМТдаги Исроил элчиси Гилад Эрдан Хавфсизлик кенгаши ҲАМАС қораланган резолюцияни қабул қилмагунига қадар ваколатхона ходимлари юлдузларини ечмаслигини айтди.

“Айримларингиз бу орган нима учун ташкил этилганини эсдан чиқарганга ўхшайсизлар. Сизларга эслатиб қўймоқчиман. Шу кундан бошлаб, ҳар сафар, менга кўзингиз тушганида, сизлар ёвузлик олдида сукут сақлаш қандай оқибатларга олиб келганини эслайсиз. Менинг боболарим, бувиларим ва бошқа миллионлаб яҳудийларнинг боболари ва бувилари каби айни дамдан бошлаб мен ва командам сариқ юлдуз тақиб юради”,- деди Эрдан.

БМТ Яқин Шарқдаги вазиятга оид резолюцияни қабул қилиш учун 21 октябрдан бошлаб бир неча марта йиғилиш ўтказди. Аммо дипломатлар мазкур резолюция юзасидан муросага кела олмаяпти.

11:23 1.11.2023

Байден фақат Исроилга ҳарбий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қонунга вето қўяди

АҚШ президенти Жо Байден республикачилар томонидан таклиф қилинаётган Исроилга шошилинч ҳарбий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси Конгресснинг ҳар икки палатаси томонидан тасдиқланган тақдирда унга вето қўяди. Бу ҳақда Оқ Уй маълум қилди. Баёнотда таъкидланишича, мазкур қонунда Украина манфаатлари ҳисобга олинмаган ва фақат Исроилга ёрдам кўрсатилиши ҳақида гап боради.

Оқ Уйнинг бошқарув ва бюджет бюроси Исроил ва Украинага ҳарбий ёрдам бир пайтнинг ўзида бир пакет доирасида берилиши лозим, ҳарбий ёрдамни алоҳида-алоҳида ажратиш амалиёти миллий хавфсизлик учун глобал миқёсда салбий таъсир кўрсатиши мумкин, деб ҳисоблайди.

30 октябрда Конгресснинг Вакиллар палатасидаги ресбуликачилар АҚШ солиқ хизматини молиялаштиришни қисқартириш эвазига Исроилга 14,3 миллиард долларлик ёрдам ажратиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тақдим қилган эди.

Вакиллар палатасининг янги раиси Майк Жонсон Киевга қўшимча ёрдам ажратишга қарши чиқаётганлардан биридир. У дастлаб Исроилга шошилинч ёрдам кўрсатиш масаласини ҳал этишни, Украинага кўрсатиладиган ёрдам миқдорини эса кейинроқ муҳокама қилишни таклиф этмоқда.

Президент Байден аввлароқ Конгрессга бирданига 106 миллиард доллар ёрдам ажратишни, ундан ярмидан кўпроғини Украинага, қолганини эса Исроил ва Тайванга, ҳамда АҚШ-Мексика чегарасини қўриқлашга беришни таклиф қилганди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG