Юзлаб одам Мисрга ўтиш учун Рафаҳ ўтиш нуқтасига тўпланди
Пайшанба куни эрталаб Мисрнинг Ғазо билан чегарасидаги Рафаҳ ўтиш нуқтаси олдида .бўлгани тарк этишга шайланган катта сондаги оломон тўпланди.
“Биз уйларимизни ташлаб чиқишга мажбур бўлдик. Ғазода, бутун Фаластинда вазият оғир. Шуни айтмоқчиманки, телевидение орқали кўрсатилаётган тасвирлар биз ҳақиқатда бошдан кечираётган воқеаларнинг атиги беш фоизини ташкил қилади. Биз кўчирилган одамларни, ота-онасини йўқотган болаларни, куйган ва боши кесилган жасадларни кўрдик. Мен уйларини йўқотганлардан бириман, Ғазода эдим ва ҳозир Рафаҳга келдим”, -дейди Шамс Шаат, АҚШ фуқаролигига эга фаластинлик.
Миср фуқароси бўлган Аҳмад Заки: "Биз ҳайвон эмасмиз, Миср фуқароси сифатида менинг ҳам ҳуқуқларим бор. Биз Ғазога бир ҳафталик ташриф учун келгандик, улар чет эл фуқароларини Мисрга ўтказишга рухсат беришди, лекин бизга рухсат беришмаяпти. Хорижий фуқароларнинг Миср чегараси орқали ўтиши ва мисрликларга рухсат бермаслиги қандай мантиққа тўғри келади? Қайси халқаро қонунларга тўғри келади бу? Менга кимдир жавоб беришини хоҳлайман, менинг болаларим Мисрда”, дейди.
Чоршанба куни Исроил, Миср ва ХАМАС ўртасидаги келишувга кўра, 500 нафардан иборат дастлабки рўйхатдаги камида 320 нафар хорижлик фуқаролар, шунингдек, оғир яраланган ўнлаб ғазоликлар Мисрга ўтган.
Австралия, Австрия, Болгария, Чехия, Финляндия, Индонезия, Италия, Япония, Иордания, Буюк Британия ва АҚШ паспорти эгалари эвакуация қилинган.
Ғазо расмийларининг айтишича, Рафаҳ чегара пункти пайшанба куни қайта очилади, бу эса кўпроқ хорижликларнинг чиқиб кетишига имкон беради. Дипломатик манбага кўра, 7500 га яқин хорижий паспорт эгалари Ғазони икки ҳафта ичида тарк этиши кутиляпти.
7 октябрдаги Ҳамаснинг Исроилга ҳужуми ортидан бошланган урушдан кейин Ғазонинг Мисрга туташ Рафаҳ чегара пункти ёпиб қўйилган, фақат инсонпарварлик юкларининг ўтказилишига рухсат берилган эди.
Расмийларга кўра, Рафаҳдан ҳар куни 500 кишининг ўтишига рухсат берилган.
Исроил: Хамас 242 кишини гаровда ушлаб турибди
Кундалик брифингда Исроил мудофаа кучлари матбуот котиби Даниел Ҳагарининг айтишича, ҳарбийлар Ҳамас жангарилари томонидан Ғазо секторида гаровга олинган 242 кишининг оилалари билан боғланган.
Гаровга олинганларнинг охирги сони 239 нафарни ташкил қилган.
Ҳамаснинг айтишича, гаровга олинганлар Ғазо бўйлаб, жумладан туннелларда яширинган.
Хамас ўтган ҳафта Исроил ҳаво ҳужумларида гаровга олинган камида 50 киши ҳалок бўлганини айтган, бу рақамни тасдиқлаш имконсиз.
Кеча Хамас Жабалия қочқинлар лагерига берилган ҳаво ҳужумида гаровга олинган етти киши ҳалок бўлганини айтди.
Блинкен яна Яқин Шарққа йўл олмоқда
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен 3 ноябр, жума куни Исроил ва Иорданияга боради.
Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Мэтю Миллер маълум қилди.
Унинг билдиришича, Блинкен Исроил ҳукумати раҳбарлари, жумладан, Бош вазир Бенямин Нетаняху билан учрашади.
Миллернинг айтишича, Блинкен Исроилни қўллаб-қувватлашини яна бир бор таъкидлаши, унинг ҳарбий кампаниясини "халқаро гуманитар ҳуқуқ ва уруш қонунларига тўлиқ мувофиқ ҳолда ўтказишга ундаши кутиляпти.
Анжелина Жоли: Ғазо оммавий қабрга айланиб бормоқда
Таниқли актриса Анжелина Жоли Исроилнинг анклавни бомбалашини қўллаб-қувватлаётган дунё етакчиларини болалар ўлдирилишида шерикликда айблади.
Актриса ижтимоий тармоқларда Ғазо секторидаги вайрон бўлган ҳудуд тасвирини жойлаштирди ва Исроилнинг ҳаракатларини “қамалиб қолган ва қочадиган жойи йўқ аҳолини атайлаб бомбардимон қилиш” деб атади:
“Ғазо сектори қарийб йигирма йил давомида очиқ қамоқхона бўлиб келган ва оммавий қабрга айланиб бормоқда. Ҳалок бўлганларнинг 40 фоизи бегуноҳ болалардир”, деб ёзди Анжелина Жоли.