Блинкен Рамаллоҳда Маҳмуд Аббос билан учрашди
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Яқин Шарқ бўйлаб сафарда, жума куни Тел-Авивга, шанба куни Амманга ташриф буюрди.
Якшанба куни Америка бош дипломати Фаластин миллий маъмурияти раиси Маҳмуд Аббос билан учрашиш учун Ғарбий Соҳилдаги Фаластин маъмуриятининг пойтахти Рамаллоҳга эълон қилинмаган ташриф билан келди.
Аббос 2005 йилдан бери Фаластин маъмуриятига раҳбарлик қилиб келади ва Ғазо секторини бошқараётган Ҳамас гуруҳининг асосий рақиби Фатҳ сиёсий партияси вакили.
2005 йилда Фатҳ сиёсатчилари ва фаол тарафдорларини ўлдирган ёки Ғарбий Соҳилга қочишга мажбур қилгандан сўнг, Хамас Ғазода ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаб олди.
Ғазода урушдан кейинги тартибга солишнинг мумкин бўлган вариантлари орасида Фатҳ бошқарувини тиклаш ғояси кўриб чиқилмоқда. Бироқ, партиянинг ўзи аввалроқ "Исроил танкларида Ғазога қайтишни" истамаслигини билдирган эди.
Блинкен Рамаллоҳга ташрифидан кейин Туркияга бориш ниятида.
БМТ: Ғазода бир ярим миллион аҳоли ўз уйларини ташлаб чиқишга мажбур бўлган
Ғазо секторининг бир ярим миллион аҳолиси ўз уйларини ташлаб, “кўчирилганлар”га айланди, дея хабар беради БМТнинг гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси.
Уларнинг 710 мингдан ортиғи БМТнинг фаластинлик қочқинлар бўйича агентлиги томонидан бошқариладиган муассасаларда бошпана олган.
Булар мактаблар ва шифохоналар, шунингдек, вақтинчалик лагерлардир. Улар ҳаммани сиғдира олмайди, кўп одамлар тунни кўчада ўтказишга мажбур.
Миср Ғазо секторидан қочқинларни қабул қилишдан бош тортишда давом этмоқда. 3 ноябр куни икки фуқароликка эга бўлган бир неча юз нафар хорижлик ва фаластинлик, шунингдек, оғир жароҳатланганлар Рафаҳ ўтиш жойи орқали Мисрга киритилгач, назорат-ўтказиш пунктининг очилиши ҳақида бошқа хабарлар бўлмади.
Туркияда норозилар АҚШ авиабазасига бостириб киришга ҳаракат қилди
Туркиянинг Адана шаҳрида Ғазодаги ҳарбий амалиётга норозилик билдирганлар АҚШнинг Инжирлик авиабазасига бостириб киришга ҳаракат қилди. Туркиянинг NTV телеканали хабарича, улар авиабазанинг ёпилишини талаб этишган.
Телеканал норозилик намойиши иштирокчиларининг айримлари Аданага Истанбулдан ва бошқа шаҳарлардан келгани ҳақида билдирди. Полиция авиабазага элтувчи шаҳар кўчаларини ёпиб қўйди. Норозилар авибазага далалар орқали ўтмоқчи бўлишганида, полиция уларни тарқатиш учун сув пуркагичлар ва кўздан ёш сиздирувчи газ қўллади.
7 октябрда ҲАМАС-Исроил уруши бошланганидан бери Исроилда 1400 киши ҳалок бўлгани ва 250 киши гаровга олингани билдирилди. Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса 10 минг киши ўлганини, уларнинг 4800 нафари бола эканини айтмоқда.
Фаластин Исроилни Ғазода тинч аҳолини ва фуқаролик инфраструктурасини ўққа тутаётганликда айблади. Исроил армияси эса фақат ҲАМАС манзилларига зарба бераётганини таъкидламоқда.
БМТ ва Ғарб томонларни оташкесимга чақирмоқда. Ҳуқуқ фаоллари Ғазода гуманитар инқироз юзага келганидан ташвиш билдирмоқда.
Исроил армияси Ғазо тўлиқ қамал қилинганини билдирди
Исроил армияси якшанба куни кечқурун Ғазо шаҳри тўлиқ қамал қилинганини билдирди. Армия расмий вакили Даниэль Хагари Ғазонинг қамал қилинишини ҲАМАСга ҳужумларни кучайтириш учун зарур бўлган “жуда муҳим қадам” деб атади. Унга кўра, қамал ортидан Ғазо бўлгаси шимолий ва жанубий ҳудудларга ажралиб қолди. Хагари Ғазо шаҳри аҳолисини яна бир бора бўлганинг жанубига чиқиб кетишга чақирди.
Якшанба куни Исроил тинч аҳоли Ғазонинг жанубидан шимолига ўтиши учун бир неча соатга йўлак очиб берган эди.
The New York Times газетасининг ёзишича, Исроил қатор давлатлар билан уруш пайтида Ғазодан бир неча юз минг фаластинликни Мисрга олиб чиқиб кетиш бўйича ҳозирча сир сақланаётган музокараларни олиб бормоқда. Нашр манбаларига кўра, кўп давлатлар, жумладан, АҚШ ва Британия урушдан сўнг фаластинликлар Ғазога қайтмаслиги ва Мисрдаги вазиятни беқарорлаштириши мумкинлигини назарда тутган ҳолда, бу таклифни рад этган.
Октбярда Миср Ғазо қочқинларини қабул қилишдан бош тортган эди. Миср нуқтаи назарича, Ғазоликларнинг оммавий равишда қўшни давлатга қочиб ўтиши Фаластин давлатини ташкил этишга ҳалақит қилиши мумкин. Ҳозир Миср Рафах чегара пункти орқали фақат чет элликларни ва яраланган фаластинликларни ўтказмоқда.