Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:49

"Ўзбекистон"нинг ҳам, "Ўқитувчи"нинг ҳам келажагига ишонмаётган ношир билан OzodSuhbat


Ўзбек ноширларининг Германиядаги кўргазмада тақдим этган китоблари -2019 йил
Ўзбек ноширларининг Германиядаги кўргазмада тақдим этган китоблари -2019 йил

Ўзбекистон Республикаси президенти 27 октябрда имзолаган фармонга биноан давлатга қарашли 109 та газета, журнал ва нашриётлар хусусий секторга сотиладиган бўлди.

Фармонга биноан акция пакетлари хусусийлаштириладиган 274 та йирик корхона ва хўжалик бирлашмалари рўйхати мавжуд, лекин хусусийлаштириладиган газета, журнал ва нашриётлар рўйхати ҳозирча маълум эмас.

Фармонга 4- иловада сотувга қўйиладиган газета, журнал ва нашриётлар рўйхати Давлат мулкини сотишда тендер савдоларини ўтказиш бўйича давлат комиссияси раиси томонидан тасдиқланажаги айтилган.

Шундай бўлса-да, баъзи бир йирик нашриётларнинг сотувга қўйилиши ҳақида рўйхат эълон қилинмай туриб ҳам гапириш мумкин. Гап шундаки, жорий йилнинг 16 мартида президент Мирзиёев “Ноширлик ва матбаа соҳасини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилган ва ўша ҳужжатда “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи”, “Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи” ва “Ўқитувчи” матбаа уйи” давлат корхоналари хусусийлаштирилиши айтилган.

Ҳужжатда 2020 йилнинг 1 июлидан ноширлик фаолиятини лицензиялаш ҳамда матбаа фаолиятини амалга ошириш учун рухсат бериш тартиблари бекор қилиниши, ноширлик ва матбаа фаолиятини бошлаганлик ҳақида ваколатли органни хабардор этиш тизими жорий этилиши белгилаб қўйилган.

Шундай қилиб, Ўзбекистон президентининг 16 мартдаги қарори ҳамда 27 октябрдаги фармони билан яқин бир неча ой ичида мамлакатдаги энг йирик нашриётлар оз сонли хусусий нашриётлар қаторига қўшилиши мумкин.

Хўш, “Ўзбекистон”ни, “Ғафур Ғулом”ни ёки “Ўқитувчи”ни ким сотиб олади? Шу кунда ўзбекистонлик хусусий нашриёт эгаси қандай нафас оляпти, унинг нашриёти қандай ишлаяпти? Фойда борми ўзи бундай фаолиятдан? Бу нашриётлар чиқараётган маҳсулотни биров ўқияптими?

Шу ва шунга ўхшаш саволларни OzodSuhbat эшиттириши Ўзбекистондаги мустақил ноширлардан бирига берди. Ношир саволларимизга жавоб беришга фақат бир шарт билан - исми ва нашриёти номи айтилмаслиги шарти билан розилик берди.

Қуйида ношир билан суҳбатни ўқишингиз мумкин.

***

- Нашриётингиз тўлиқ хусусийми?

- Ҳа, меники, тўлиқ хусусий.

- Қандай адабиётларга ихтисослашган?

- Бадиий китобларга. Фақат китоб. Адабий, илмий, санъат йўналишларида.

- Босмахонангиз ҳам борми?

- Ҳа, бор.

- Бир йилда неча номда китоб чиқарасиз? Умумий тиражи қанча?

- Бир йилда бир юз эллик-икки юз номга яқин китоб чиқарамиз. Тиражи ҳақида маълумот айтиш қийин. Чунки аксар қисмини 30, 50, 100 талаб чиқадиган китоблар ташкил этади. 1000, 2000, 3000 та ададда чиқадиганлари анча камайган.

- 1000, 2000, 3000 та чиқадиганлари камайганининг сабаби нимада?

Бугунги кунда битта яхши тушлик 50 минг сўм атрофида. Битта яхши катта ҳажмли китоб эса, ундан арзонроқ.

- Сабаби кўп. Авваламбор, ҳамманинг қўлида планшет, телефон, компьютер. қолаверса, халқимизда китоб ўқишга қизиқиш ҳам олдингидек эмас. одамлар ҳазми осон, тез тугайдиган, кайфиятни кўтарадиган маҳсулотларга ўч бўлиб боряпти. Ва энг муҳими, ўқишли китоблар ҳам кўп эмас. янги яхши асарлар кўп ёзилаётгани йўқ. Бугунги кунда битта яхши тушлик 50 минг сўм атрофида. Битта яхши катта ҳажмли китоб эса, ундан арзонроқ. аммо бир ойда битта шунақа китобга пул харжлаш одамларга негадир оғирлик қилади. Балки нархи оғирлик қилмас, аммо уни ўқиш керак-ку олгандан кейин. Ўқимас экан, олиб нима қилади? Хуллас, одамларда шунақа кайфият...

- Балки китоб - қоғоз китоб - цивилизациянинг бир ҳодисаси сифатида ўз умрини яшаб бўлгандир?

Жиддий мунозарали мавзуларни олиб ташлаймиз, қисқартирамиз, ўзгартирамиз...

- Шунақа ваҳималарим ҳам йўқ эмас. Аммо яна ўйлаб қоламан, балки бу ўтиш давридир , деб.

- Сиз нашр қиладиган китобларнинг, советча таъбир билан айтганда, "ғоявий-бадиий" қимматини ким белгилайди?

- Муаллифлар "ғоя"ни энг олдин бозордан олади. Китоби сотилишини назарда тутиб ёзади. Кейин нашриётлар - биз белгилаймиз. Шахсан мен аҳлоқ-одоб, эътиқодий, сиёсий томонларига эътибор бераман. Жиддий мунозарали мавзуларни олиб ташлаймиз, қисқартирамиз, ўзгартирамиз... хуллас, шунақа.

- Цензура? Давлатнинг қандайдир идораси томонидан назоратни назарда тутяпман...

Ҳақиқатни айтишга, ёзишга қўрқаётганимиз рост.

- Олдингидек жиддий цензура йўқ. Аммо юқори ташкилотлар нашриётлар нималарни нашр этаётганини кузатиб бориши, керак бўлганда, огоҳлантиришлар, чеклашлар бўлиши - ҳақиқат. Шахсан мен, қандай тушунасиз, билмадим, тўла, мутлақ эркинликка қаршиман. Биз эркинликни суиистеъмол қилиб юборамиз. Бизга ҳар бир соҳада адолатли қаттиққўл раҳбарлар керак. Қоғозда йўқ, аммо амалда бўлиб турган цензура бор. Ҳақиқатни айтишга, ёзишга қўрқаётганимиз рост. Аммо одамларнинг оғзини очиб қўйилса ҳам, бир бало... чунки ҳали баҳс, мунозара, ҳақгўйлик борасида маданиятдан анча узоқмиз. оддий Фэйсбук тармоғини кузатиб, шунга амин бўламан.

- Неча йил бўлди нашриётингиз иш бошлаганига?

- 2008 йил эди, адашмасам, нашриётга лицензия олганимиз.

- Ишни биринчи президент даврида бошлаган экансиз. Ўшандан бери нима ўзгарди сизнинг ишингизда?

- Биз бошлаган пайтлар нашриётга рухсат олиш жуда қийин эди. Икки йиллар деганда олганмиз рухсатни. Рухсатни олиб бўлиб ҳам нафас олиш енгиллашмасди. Балки масъулият жуда катта эди. Тўғри, цензура биз ноширликни бошлаган пайтда йўқ эди, аммо у энди ҳар биримизнинг ичимиздайди. Озгина хатолик билан йиллар мобайнида эришилган нашриёт ёпиб ташланиши мумкин эди. Шунинг-чун ҳамма қўрқиб нашр қиларди. Ҳозир эса, Худога шукурлар бўлсин, анча яхши-ку. рухсат олиш бемалол. Ишни юритиб биладиган кишилар бемалол очиши мумкин. Тўғри, биз кечроқ етишдик бу эркинликка. Масалан, Қозоғистонда 20 йиллар олдин шунақа қилиб қўйилганди.

- Жумлани давом эттиринг: Ўзбекистонда хусусий нашриёт эгаси бўлиш осон, чунки...

- ...рухсат олишда ҳеч қандай тўсқинлик йўқ.

- Шу холосми?..

- Энг асосий муаммо шу эди. Қолган майда-чуйда жиҳатлари ҳам бордир, аммо ҳозир эсимга келмаяпти.

- Ўзбекистонда хусусий нашриёт эгаси бўлиш қийин, дедингиз...

Нашриётлар ўзини ўзи таъминлай олмайди.

- Чунки нашриётлар ўзини ўзи таъминлай олмайди. Аввало, юқорида айтганимдай, китоб сотиб кун кўриш қийин. Бой бўлиш ҳақида-ку гап-сўз айтиш кулгули... Китобга эҳтиёж кундан -кунга пасайиб бормоқда. Айниқса, ҳозирги пандемия пайтида жуда пасайган. Ҳа, яна бир гап - нашриётлар, таҳририятлар 2020 йилнинг 1 апрелидан ҚҚС тўлайдиган бўлган. Аслида, маҳсулотларнинг адади кўп - 5 минг, 10 мингталаб бўлса, ҚҚС солиғига чидаш мумкин, аммо биздагига ўхшаб 100 та, 500 та чиқадиган бўлса, таннархни кўтариб юборади. таннарх кўтарилса, мижозга ҳам оғирлик қилади.

- Президент Мирзиёевдай китоб ўқишни тарғиб қилиб келади. Ўша китобни нашр қилувчиларга ҳам енгиллик берилса, мантиқли бўлар эди. Сиз бир хусусий ношир сифатида сездингизми енгилликни, қандайдир имтиёзни?

- Президентнинг ҳамма гапи юзада қолиб кетяпти. Ҳамма амаллар сохта.

- Президентнинг ҳамма гапи юзада қолиб кетяпти. Ҳамма амаллар сохта. Фармонларнинг ижроси сохта, кўзбўямачиликдан бошқа нарса эмас. Енгиллик ҳақида юқорида айтгандай бўлдим: ҚҚСдан озод эдик. Ҳозир у енгиллик ҳам кетган. Одамларга китоб ўқигани учун мукофотлар берилди, ҳамма китобга ёпишиб қолди. Бермай қўйишувди, таққа тўхтади. Одамларимизда маърифат бўлса, бунақа хўжакўрсин ҳолатга тушмасдик. Мен истайман - китоблар ойнаи жаҳонда реклама қилинса, текинга! Кўчаларда яхши китобларнинг тарғибот-рекламалари осиб қўйилса. Масалан, баъзи китоб дўконлари қошида кутубхоналар ташкиллаштириляпти, аммо қизиқиб биттасидан сўрадим, юзтача китобдан икки-учтагинаси ўқишга олинган.

- Президентнинг ўтган ҳафтадаги фармони билан бир қатор нашриётлар хусусийлаiтириладиган бўлди. Давлат нега бу чорага қўл урмоқда, деб ўйлайсиз?

Аста-секин давлат мулки қолмаяпти, бўлиб-бўлиб бериляпти ёки бўлиб-бўлиб олиняпти.

- Аста-секин давлат мулки қолмаяпти, бўлиб-бўлиб бериляпти ёки бўлиб-бўлиб олиняпти.Ерлар сотиляпти, боғлар сотиляпти, бойликлар сотиляпти...
Аммо бу фармон керак эди, нашриётлар хусусий бўлгани яхши, чунки бизлар бундан буёғига бемалол рақобатлаша оламиз. Олдин, бир поғона паст турардик давлат нашриётларидан...

- Хусусийлаштириладиган нашриётлар рўйхати президент фармонига иловаларда йўқ. Бироқ жорий йилнинг мартидаёқ "Ўзбекистон нашриёт-матбаа ижодий уйи”, “Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи” ва “Ўқитувчи матбаа уйи” каби монстр нашриётлар хусусийлаштирилиши маълум қилинган. Сиз шулардан бирини сотиб олган бўлармидингиз?..

- Йўқ, маблағим бўлганда бошқа нарса, масалан, ер сотиб олган бўлардим. нашриётларнинг келажаги жудаям порлоқ эмасдек кўриняпти кўзимга.

- Келажаги порлоқ бўлиши учун ҳукумат қандай чоралар кўриши керак?

- Халқнинг маънавияти юксалиши учун барча чораларни кўриши керак. Агар одамларнинг савияси юксалса, нафақат нашриётлар, балки барча соҳалар гуллаб-яшнаб кетади. Аввало, таълимни бутунлай ислоҳ қилиш керак.

XS
SM
MD
LG