8 июль куни Озодлик учинчи муддат президентликка сайланаётган Шавкат Мирзиëев бошқарувидаги непотизмга бағишланган видеосуриштирувни эълон қилди. “Мирзиëевлар амирлиги” деб номланган суриштирув Мирзиёев 2016 йилда ҳокимиятга келганидан буён 20 га яқин қариндошларини ҳукуматнинг юқори лавозимларига тайинлаши баробарида биринчи оила мансублари Ўзбекистон иқтисодиётининг бутун бошли соҳаларини ўз назоратига олганини ўртага чиқарди. Қуйида суриштирувнинг тўлиқ матнини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Хотин - кадрлар масаласи бўйича норасмий маслаҳатчи. Халқаро жамоат фонди раиси. Миллион-миллион долларлик лойиҳалар тепасида ўтиради. Пул қайдан келиб¸ қайга кетиши ҳақида ҳеч кимга ҳисоб бермайди.
Тўнғич қизнинг ваколати Бош вазирдан қолишмайди – ахборот сиëсатидан то ахборот технологиялари¸ асори-атиқалардан миллатнинг энг ноëб санъат намуналарига қадар норасмий хўжайин у. Катта қизнинг расмий ваколати қаерда бошланиб, қаерда тугайди¸буни ҳам биров билмайди.
Тўнғич куëв бир кечада президент администрацияси раҳбарига ўринбосар¸ яна бир уйғониб эса мамлакатнинг энг олди бизнесмени. Банк тўлов тизимлари ва ID карталар бизнеси орқали миллионларга оид шахсий маълумотлар ҳовучида, истаганини қилади. У ҳам ҳисоб беришдан йироқ.
Кичик қиз яқинларгача мамлакатнинг бош боғча опаси эди – ўзбекнинг миллионлаб боласи қачон¸ қайси ҳарфни танишидан¸ нима еб нима ичишига қадар белгилаш ваколати унда эди. Ўтган ой бу ваколат янада кенгайди – энди у бош камбағалпарвар - миллионлаб ўзбекнинг ижтимоий муҳофазаси унинг қўлида.
Кичик куëвнинг мақоми бўйи-бастидан ҳам баланд. Президент қўриқчиларининг де-факто бошлиғи¸ Биринчи танага энг яқин тана соҳиби. Давлат хизматчиси¸ лекин миллиард доллардан каттароқ кўланкадаги бизнес эгаси ҳам.
Ягона ўғил ҳозирча мактабда. Лекин ижтимоий тармоқдаги хос ишқибозлар уни “шаҳзода¸ бўлғуси қирол” деб атайди. Дарвоқе¸ ҳақиқий шаҳзодалар даврасида ҳам тез-тез кўриниб туради.
Бу ҳукмрон оиланинг энг тепасидагилар. Унга сони геометрик прогрессияда ошиб бораëтган жиянлар¸ жиян куëвлар¸ қуда-андалар кирмайди.
Битта жиян амалда мамлакат Ички ишлар вазирлигини бошқаради, яна бири Марказий Банкни.
Битта қуда мамлакатнинг қудратли Хавфсизлик хизмати раҳбари. Бошқаси давлат ғазнасини¸ яна биттаси эса бутун қишлоқ хўжалиги соҳасини назорат қилади. Божхона раиси ҳам қуда. Ташқи сиëсатда ҳам шулар етакчи.
Жиян куëвлардан бири Бош прокуратура¸ яна биттаси Ўзавтосаноатда “хўжайин” мақомида. Банкирларининг сон-саноғи йўқ. Жиян келин ижтимоий фикрни шакллантиришга бош-қош.
Давлат бошқаруви билан бирга унга чатишган Оила бизнеси ҳам тармоқлашиб бормоқда.
Мамлакатга кириш дарвозаларидаги барча божхона терминалларидан то энг йирик улгуржи бозорга қадар¸ водийдан воҳага қадар юзлаб километр йўллардаги заправкалардан ахлатни қайта ишлашга қадар улар қўлида.
Ўзбекистондаги энг унумдор минглаб гектар ер Оиланики¸ энг йирик пахта¸ пилла ва ғалла кластерлари ҳам шуларда.
Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспорти¸ технология импорти шуларнинг хусусий бизнеси. Банк¸ тўлов тизимлари¸ ID карталар¸ хусусий авиакомпаниялар ҳам шуларники. Ўзбекларни қақшатиб келаëтган энергетика соҳасидаги Оила улуши ҳам кенгаймоқда. Кейинги 7 йил ичида очилиб¸ яшин тезлигида бойиб кетган қайсики бизнес бор¸ ичидан ë жиян ë қудалардан бирини топасиз.
Кўрган кадрлардан гап қайсидир бир араб подшоси ë султони ҳақида эмас¸ балки сиëсий каръерасини совет комсорглигидан бошлаган Шавкат Мирзиëев ва унинг оиласи ҳақида кетаëтганини тушунгандирсиз.
Бу уруғ-аймоқнинг мислсиз юксалиши Шавкат Мирзиëев 2016 йил сентябрида президентликка келиши билан бошланди.
9 июль куни Мирзиëев яна 7 йил президентликда қолди. Зотан¸ махсус уюштирилган ноллаштириш референдуми унинг нафақат 7¸ балки амалда умрбод ҳокимиятда қолишига йўл очди. Демак¸ у билан бирга уруғ-аймоғининг ҳам.
Мирзиëевлар на жуғрофий¸ на давлат ҳокимиятидаги амал ëхуд нуфузига кўра монолит клан эмас.
Унинг бир бутоғи Жиззахнинг Зоминидан бўлса¸ бошқаси Қўқондан. Бу орага қуда-андаларни қўшсангиз¸ клан жуғрофияси деярли бутун мамлакатни қамраб олади.
Клан аъзоларини бир-бирига Мирзиëев билан қон ëки қудачиликдан бошқа яна иқтисодий-молиявий ришталар ҳам боғлайди. Уларнинг айримлари ўзаро бизнес шерик бўлса¸ айримлари зимдан рақобатчи.
Озодлик бу ришталарни очиқлаш мақсадида президент қариндош ва қудаларини бевосита билган ўндан ошиқ манба билан гаплашди. Суҳбатдошлар¸ қўлида бутун бошли давлат машинаси марказлашган Оила ҳақида гапириш оқибатидан чўчиб¸ шахслари очиқланмаслигини сўради. Улар ҳикоялари¸ қолаверса¸ очиқ маълумотлар¸ корпоратив ҳужжатлар асосида бу клан назоратидаги сиëсий-молиявий харитани чизишга уриндик.
Бугун сизга ана шу харита¸ ëхуд шажараи Олийни тақдим этамиз.
Биринчи оила таг замини - Зомин
9 ëшида онасиз қолган Шавкат Миромоновичга ўзидан 3 ëш катта Инобат опаси оналик қилган.
Шавкат Мирмоновични ўзи емай едириб¸ киймай кийдириб катта қилган опанинг мартабаси бугун президент ука кўзида баланд - айтгани айтган¸ дегани деган. 2013 йили келини Зироат ва қудалари билан Ҳажга борган Инобат Мирзиëевани “ҳожи она” деб чақиришади.
Озодлик манбалари иддаосича ¸ Инобат Мирзиëева воҳа кадрларининг “крестний онаси”¸ унинг “дуосини олмай” туриб ҳеч ким¸ Жиззах¸ Сирдарë¸ Самарқанд томонларда раҳбарликка келолмайди. Ҳожи она дуосини олишнинг эса¸ ўз нозик шарт-шароити борлиги айтилади.
Инобат Мирзиëеванинг иккинчи эри Тўра Ярлакапов воҳа томонларда Тўрабой ëки Бойтўра бува лақаби билан танилган. Улоқ ва кўпкари мухлиси бўлган Тўрабойнинг отхонасию у катта-катта соврин берадиган мусобақалар чавандозлар орасида машҳур.
Жиззахликларга кўра¸ Тўрабойнинг яна бир номи “заправкалар қироли”. Негалигига бироздан сўнг қайтамиз.
Инобат ҳожи онанинг биринчи эридан Гулноза¸ Юлдуз ва Умида исмли қизлари
бор.
Инобат Миромоновна 2021 йил январига қадар Зоминдаги 9-давлат боғчаси мудираси бўлган. Айнан унинг даврида Зоминдаги қолган барча боғчани овқат билан таъминлаш ваколати шу боғчага теккан.
Инобат Мирзиëева қизларининг ҳам ўз боғчалари бор. Президент тоғанинг кичик қизи сал кам боғчалар вазири бўлгани ëдингиздадир!
Гулноза Абдуназаровна Оманова тоғаси президент бўлар-бўлмас¸ Мирзо Улуғбек туманидаги 324-боғча директори бўлди. Бу бир оддий боғчадир¸ деб ўйласангиз¸ адашасиз. Экспериментал бу боғча пойтахтдаги энг олди муассаса. Уни Жанубий Корея ҳукумати ва компанияси бепул таъмирлаб¸ жиҳозлаб берган. Бу боғча замминистр жиян Шаҳноза Мирзиëеванинг боғчачилик сиëсатини кўз-кўз қиладиган ўзига хос витринага айланган.
Инобат ҳожи онанинг катта қизи боғчачиликдан бошқа савдо билан ҳам шуғулланади. Тошкентдаги English Home бренди остидаги дўконлар эгаси. Унинг ҳозирги эри Нажим Абдужабборов президент оиласида куëвлар қандай сийланишининг ëрқин намунаси. Абдужабборов президентнинг ҳожи опасига куëв бўлгандан сўнг Абу Сахий бозори ва каргосидаги муҳим шахслардан бирига айланган. Озодлик апрель ойида эълон қилган суриштирувда Абдужабборов номи бу бизнесдаги муҳим шахс сифатида ўртага чиққан эди.
Инобат Мирзиëеванинг иккинчи қизи Юлдуз Абдуназаровна Оманова . Иккинчи қиз опасидан кўра тадбиркорроқ. Зомин марказида қурилган хусусий «Ëрқин юлдуз бойчечак» номли хусусий боғча эгаси. Бу боғча нафақат Зомин¸ балки бутун воҳадаги энг “крутой боғча”.
Аммо президент бу жиянининг бизнес портфолиоси боғчачилик билангина
чекланмайди. Зоминдаги боғчанинг таъсисчи ва мудираси бўлиш баробарида Юлдуз Оманова Тошкентдаги Турон автосалонларининг эгаси ҳам. 2018 йилдан бошлаб у TRUCK AND BUS TRADE GROUP ва TURON AVTO МЖЧларининг ягона мулкдори. Юлдуз Оманованинг бу иккала компаниясига енгил автомобил ва юк машиналари сотиш бўйича эксклюзив дилерлик ваколати берилган. Оманованинг боғчага мудиралик билан бир пайтда машина савдоси билан ҳам шуғулланишидан ажабланмай туринг. Сабаби жўн. Унинг эри Сардор Маҳмуджонов Ўзавтосаноат раҳбарларидан бири. Президентнинг жиян куëви Самарқанднинг Жомбойидаги собиқ MAN AUTO заводи директори. Заводнинг ҳозирги номи UZ TRUCK AND BUS MOTORS қўшма корхонаси. Ўзбекистонда йиғилаëтган MAN ва Sinotruk юк машиналари хўжайини ана шу жиян куëв бўлади.
Юлдуз Оманованинг қайнотаси Ўктам Маҳмуджонов ўғлидан ҳам “крутойроқ”. У Шавкат Мирзиëевнинг эски ҳамкорларидан. Мирзиëев ҳокимлигида Жиззах ИИБ раҳбарига ўринбосар бўлган.
Собиқ мелиса Маҳмуджонов ҳозирда катта тадбиркор. У Жиззах «Сўғдиёна»
футбол клубининг ягона эгаси ва президенти. Президент опасининг қудаси шунингдек BMB Trade Group кузатув кенгаши аъзоси ва раис маслаҳатчиси. Мирзиëев президент бўлишидан тўрт ой ўтиб тузилган BMB Trade Group ҳозирга келиб Ўзбекистонда ўз бизнесини яшин тезлигида кенгайтираëтган қудратли конгломератлардан бири. Бу ҳолдинг озиқ-овқат, мева-сабзавот ва доривор ўсимликлар кластерларини яратиш, девелоперлик¸ транспорт ва логистика объектларини қуришдан, чиқиндиларни қайта ишлашгача бўлган соҳада тармоқланиб кетган. Мирзиëев ташаббус қилган ковракчилик ҳам шуларда¸ заъфарончилик ҳам шуларники! Компанияга Жиззах ва Сирдарëдан минглаб гектар серҳосил ер берилган. Бугун BMB Trade Group ҳолдинги 21 та корхона ва бир миллиард доллардан кўпроқ инвестиция лойиҳаларини бошқаради.
Шавкат Мирзиëев қудаси Маҳмуджонов оилавий бизнесини қўллаш баробарида унинг узоқ йиллик садоқатини расман тақдирлашни ҳам унутмаган. 2022 йил Ўзбекистон мустақиллиги арафасида Ўктам Маҳмуджоновни «Содиқ хизматлари учун» медали билан мукофотлаган.
Президентнинг она ўрнидаги опасининг учинчи қизи Умида Абдуназаровна Оманова. Ўзбекистон очиқ корпоратив ҳужжатларида бундай шахсга оид компания кўринмайди. Аммо Инобат Мирзиëеванинг учинчи куëви ва унинг оиласига оид бизнес тармоғи кўламини самарқандликлар ¸ айниқса¸ яхши билади. Умида Оманованинг эри асли каттақўрғонлик Шамсиддин Раззоқов. Раззоқовлар ўзини “президентнинг қудаси” деб атайди ва бундай мақом уларни нафақат Каттақўрғон¸ балки Самарқанднинг энг олди бизнесменларига айлантирган.
Шамсиддин Раззоқов номи фақат битта – INTEKO GAZ OIL МЧЖда расман кўринади. Укаси билан шерикликда тузилган бу МЧЖ Каттақўрғондаги бир эмас¸ бир неча энг олди газ заправкалари эгаси. Самарқанд транспорт бошқармаси 2022 йил январида берган хабар¸ энергетик бўҳрон боис бошқа заправкалар ëпилганда ҳам¸ Раззоқовлар заправкалари тўхтовсиз ишлайверишини тасдиқлайди.
Президентга қуда Раззоқовларга расмийлаштирилган компаниялар жуғрофияси Ўзбекистон бўйлаб ëйилган.
Улар бугун Самарқанддаги ўнга яқин метан заправкаси¸ юзлаб гектар ҳосилдор ер берилган йирик пахтачилик¸ ғаллачилик, сабзавотчилик ва тўқимачилик кластерлари ва ғишт заводидан Тошкентдаги ANOL CONSTRUCTION¸ TOWERS DEVELOP каби қурилиш компаниялари¸ IT клуби ва пойтахтнинг Олой бозоригача эгалик қилади.
Пойтахт Тошкентнинг давлат ичидаги давлатга айлангани сир эмас. Энг қиммат ер ва сердаромад бизнес объектлари айнан Тошкентда. Тошкентдаги қайси давлат мулкини қачон¸ кимга¸ қандай ва қанчага сотишни Давлат активларини бошқариш агентлигининг Тошкент шаҳар бошқармаси ҳал қилади. Раззоқовлардан бири - Аҳад Анварович ана шу бошқарма бошлиғи. Тошкентни, айниқса¸ пул оқиб ëтган бозорларини эгасиз қолдириб бўлардими?
Инобат Мирзиëева ўзининг уч қизи баробарида Тўрабойнинг ўғилларига ҳам она ҳисобида. Унинг икки ўгай ўғли – Алишер Эргашев ва Шерзод Ярлакаповнинг нафақат Зомин¸ балки Жиззах ва Сирдарëдаги нуфуз ва бойлиги ҳожи онанинг қизлари ва куëвлариникидан қолишмайди.
Бойтўранинг катта ўғли Алишер Эргашев Тўраевич ўтмишда қоғозда бор¸ амалда йўқ Гулистон-2009 футбол клубининг эгаси бўлган. У ҳозирда Тошкентдаги қурилиш компанияси мулкдори. Аммо унинг бойлик ва қудрат манбаси шугина эмас. Алишер Тўраевич Зомин¸ ҳатто Жиззахнинг норасмий ҳокими дея ном чиқарган.
Инобат Мирзиëеванинг яна бир ўгай ўғли – Шерзод Ярлакапов Тўраевич.
Зоминдаги икки йирик цемент заводи эгаси¸ Сирдарëдаги энг йирик “Оқ олтин дон”АЖ расмий мулкдорларидан бири¸ амалда унинг бош хўжайини.
Сал аввалроқ сизга Шавкат Мирзиëевнинг севимли поччаси Тўрабойнинг “заправкалар қироли” деган лақаби борлигини айтиб ўтдик.
Озодликда ўзини Жиззах ва Сирдарëдаги газ заправкалари эгалари деб таништирган тадбиркорларнинг шахсан президент Мирзиëевга ëзган хати нусхаси бор. Бу шикоят Вазирлар Маҳкамаси қабулхонасида 2022 йил 13 октябрь санаси билан рўйхатга олинган. Бу хатнинг ҳақиқий эканини унга бевосита алоқадор шахслар Озодликка тасдиқлади. Унда арзчилар Тўра Ярлакапов ва ўғилларининг бу икки вилоятда 40 дан ошиқ заправкаси борлигини ëзган. Хатда бу заправкаларнинг “ўғирлик” газни арзонга сотиш орқали рақибларини касод қилаëтгани¸ бунга шахсан ҳукуматнинг молия-иқтисодиёт сиëсатига масъул Бош вазир ўринбосари Жамжид Қўчқоров ҳомий экани иддао қилинган.
Каттақўрғонлик Қўчқоровнинг Тўрабой заправкаларидаги ўғирликларни бекитиш сабаби¸ хат муаллифларига кўра жўн – у ҳам Мирзиëевларга қуда. Озодликнинг аниқлашича¸ Инобат Мирзиëеванинг невараси Жамшид Қўчқоровнинг ўғлига теккан. Президентнинг опаси билан қудалик Қўчқоровни ҳукуматнинг тегиниб бўлмас супервазирига айлантирган. Давлат ғазнасининг калити унда. Бу ғазнадан кимга¸ қанча тегади¸ асосан у ҳал қилади.
Бол сотган бармоғини ялар¸ дегандек бу мақом Қўчқоров ва унинг уруғ-аймоғини ҳам Ўзбекистон бойлари сафига қўшмай қолмаган. Уларнинг ҳам қўни-қўшни ва жиянлар номига расмийлаштирилган ўз заправкалари¸ ўз кластерлари¸ ҳатто хусусий университетлари бор. Фақат бу бойлик кўламини чамалаш қийин. Сабаби¸ Мирзиëев 7 йилдирки¸ давлатнинг юқори амалдорларини даромадини очиқлашга мажбурловчи қонунни қабул қилмай келмоқда.
Зомин "маҳрига тушган" Оила
Шавкат Мирзиëевнинг Инобатдан бошқа яна икки синглиси ва бир укаси бор. Онадан ëш етим қолган Матлуба Мирзиëева жамоатчиликка таниш эмас. Лекин президент ака уни ҳам насибасиз қолдирмаган. Муваққат президент бўлиши билан 2016 йилнинг ноябрида Зоминнинг энг сўлим тоғлари этагидаги қўриқхона ҳудудидан унга 20 гектар ер ажратилган. Оддий ўзбекистонлик давлат ҳимоясидаги бу ўрмонзордан ер олиш нари турсин¸ унга қадам босиш учун пул тўлайди. Ана шундай эксклюзив ҳудудда жойлашган Азим Зомин шифо хусусий дам олиш масканининг яккаю ягона мулкдори Матлуба Миромоновна Мирзиëева.
Зоминлик катта бизнесвумен Матлуба Мирзиëеванинг бир қиз¸ бир ўғли бор.
Оила анъанасига содиқ¸ унинг куëви ҳам сийловсиз қолмаган. Матлуба Мирамоновнанинг куëви Алишер Имомназаров Мирзиëев президент бўлгач Бош прокуратура органлари тергов тармоқлари фаолияти назорат бошқармаси раҳбари этиб тайинланди. Содда қилиб айтганда¸ прокуратура терговчиларини ана шу жиян куëв назорат қилади.
Имомназаровлар ҳам газ савдосига ишқибозлардан. Уларнинг ҳам Зоминда камида иккита газ заправкаси бор. Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Имомназаровлар компаниясига пахта ва пиллани қайта ишлашдан то полиэтилин маҳсулот ишлаб чиқаришга дейилган лойиҳалар берилган. Боз устига¸ жун экспорти ҳам шуларда.
Матлуба Мирзиëеванинг нафақат куëви¸ балки ўғли Қобил Мирзиëевнинг ҳам қолган барча қариндошлари каби газ заправкаларига ишқи тушган. Сирдарëликлар қайси газ заправка унга алоқадорлигини¸ гарчи номи расман қайд этилмасада¸ яхши билади. Қобил Қудратовичга давлат лавозими теккани боис¸ унинг номи корпоратив реестрда очиқ кўринмайди.
Мирзиëевлар билан қуда бўлиш давлат бошқарувининг энг тепасига ғиззилаб чиқиш кафолати экани Матлуба Мирзияеванинг иккинчи қудаси¸ Қобил Мирзиëевнинг қайнотаси мисолида янада яққол кўринади. Узоқ йиллар прокуратуранинг вилоят тизимларида ишлаган фарғоналик Акмалхўжа Мавлонов Матлуба Миромоновнанинг ўғлига қизини бериши ортидан кўтарилиб кетди. Наманганда прокурор бўлган Мавлонов аввалига республика Бош прокурорига ўринбосар¸ сўнгра эса Давлат Божхона қўмитасига раис этиб тайинланди.
Шавкат Мирзиëевнинг ўгай онасидан бир ука ва бир синглиси бор. Укаси Хондамир Мирзиëев Миромонович - банкир. Узоқ йиллардан бери Ўзбекистон Миллий банкининг Миробод туман филиали бошқарувчиси. Президент укасининг ҳам икки қизи бор. Президентнинг бу жиянлари¸ жиян куëвлари ҳам бутун уруғ-аймоғи билан сийловдан қуруқ қолган эмас. Бу сийловнинг бутун кланга қанчалик муҳимлигини тушуниб олишингиз учун тафсилотларга қараймиз.
Президент укасининг катта қизи Гўзал Хондамировна Шавкат Мирзиëевнинг энг
яқин одамларидан бири сифатида кўриладиган Аброл Жабборович Ваҳобовга келин. Бу жиян¸ гламур сайтларда энг кўп кўзга ташланадигани ҳам.
Шавкат Мирзиев муваққатликка президент келаб соли, 2016 йил сентябрябрида Вазирлар Маҳкамаси мулозими Аброл Ваҳобовни Қишлоқ хўжалик вазирининг 1-ўринбосари лавозими тайинлаган. Орадан бир ой ўтиб ¸ Ваҳобов Мирзиевлар билан қуда бўлган – унинг ўғли Акбар Гўзал Хондамировнага уйланган.
Шундан бери Ваҳобовлар Ўзбекистон агросаноат мажмуа сининг эгаси¸ содда айтганда¸ «ер қироли». Аброл Ваҳобов ҳозирда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш ясинспекции бошлиғи . 2020 йил февралида бу ҳақда шахсан Мирзиевнинг ўзи фармон берган. Айтилишича¸ Ваҳобовнинг розилигини олмай туриб¸ Ўзбекистонда ҳеч ким вилоят¸ ҳатто туман ҳокимлигига тайинланмайди. Ҳокимликка элтувчи расмий йўл айнан Ваҳобов орқали ўтади.
Айни пайтда¸ унинг ўғли¸ президентнинг
жиян президент куви Акбар Абролович ¸ келини ¸нинг жияни Гўзал Хондамировна номига очилган компаниялар орқали мамлакатдаги энг йирик агрокластерларнинг хусусий эгаси ҳам.
Ваҳобовларга қарашли Бойовутский технокластер МЧЖга Сирдарёнинг Боевут туманидан 10 500 гектар пахта эри берилган. Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги¸ хусусан¸ пахтачиликни томчилаб суғориш тизимига ўтказиш лойиҳаси ҳам уларда. Давлатнинг айнан агросаноатдаги бош мулозими бўлган Аброл Ваҳобовнинг оиласи агросаноатдаги энг муҳим лойиҳалар эгаси. Фермерларга техника ва технологни улар сотади¸ улар назорат қилади. Улар мисолида ҳам айни жумбоқ - давлат қаерда тугаб¸ Оила қаерда бошланади¸ буни биров билмайди.
Мамлакатдаги йирик тўқимачилик кластерларидан бири Бойовут Хлопок Текстиль ҳам Ваҳобовларники. Пахтадан калава ипи чиқаришдан ташқари бу МЧЖ пиллачилик ва ипакчиликн и ҳам қўлига олган.
Мирзиев Бош вазирлигидан бери унинг яқин ҳамкори бўлган Аброл Ваҳобовга президент қуда бўлгач¸ Ваҳобовлар уруғ-аймоғи ҳам давлат ҳокимиятидаги юқори лавозимларга келди.
2017 йил октябрида Мирзиев Ваҳобовлардан яна бирини давлатнинг муҳим
амали билан сийлади - қудаси Аброл Ваҳобовнинг жияни Жавлон Ваҳобовни АҚШга элчи этиб тайинлади. АҚШга элчилик¸ Ташқишлар вазирлигидаги eng стратегик мартаба саналади. Озодлик манбалари¸ ДХХдан чиққан Жавлон Ваҳобовнинг келажакда Ташқи ишлар вазири бўлишини башорат қилди.
Жавлон Ваҳобовнинг акаси Даврон Ваҳобов 2020 йили Ўзбекистон тўқимачилик саноатидаги бош лавозим - «Ўзтўқимачиликсаноат» раиси ўринбосари этиб тайинланган. 2022 йилдан у Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноатская палатаси
раиси. Нафақат Ваҳобовлар¸ балки бутун Мирзиëевлар кланининг савдо ва саноатдаги манфаатлари бош қўриқчиси.
Давлат томонидан бизнесни қувватлаш ваколати берилган Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов ўз оиласи¸ хусусан¸ ўз шахсий бизнесини қўллашни ҳам унутмаган. Унинг 9 та “муваффақиятли” компанияси бор. Уларнинг деярли барчаси айнан амакиси Аброл Ваҳобов хўжайини бўлган агросаноатда.
Шавкат Мирзиëев Ваҳобовларнинг садоқатли хизматини юксак қадрлашини яширмайди. Аброл Ваҳобов президентдан «Меҳнат шуҳрати»¸ Жавлон ва Даврон Ваҳобовлар эса “Дўстлик” ордени олган.
Хондамир Мирзиëевнинг иккинчи қизи Малика Хондамировнанинг оиласи ҳам президент амаки марҳаматидан мосуво эмас. Унинг қайнотаси ҳам Мирзиëевнинг
эски шерикларидан. Мустақилликдан сўнг Ўзбекистон Тадбиркорлар уюшмасига раислик қилган Муродхон Жўраев сўнгра ўз бизнесини бошлаган. Беш ўғли билан бирга у ҳам ҳозирга келиб Жўраевлар бизнес тармоғига асос солган. Ўғилларидан бири Даврон 2016 йили Малика Хондамировнага уйланганидан сўнг¸ Жўраевлар бизнеси янги даврини бошлади.
2019 йил декабрида Мирзиëевнинг қудаси ЎзЛиДепдан Тошкент шаҳар кенгаши депутатлигига сайланди. Унинг ўғиллари номига очилган ўнлаган компания бугун табиий газ қазиб олишдан то компютер ўйинлари ишлаб чиқаришгача¸ турар жой бинолари қуришдан кимëвий маҳсулотлар савдоси¸ пул кредит воситачилигигача¸ жўмрак ишлаб чиқаришдан спорт анжомлари савдосигача “муваффақиятли” равишда шуғулланади.
Шавкат Мирзиëевнинг ўгай онасидан ҳам бир синглиси бор - Гули Мирзияева. Гули ва унинг қизи Нафиса ҳам¸ Озодлик манбалари таъкидича¸ Тошкентда яшайди ва бизнес билан шуғулланади. Она-қиз Мирзиëевалар бизнеси кўлами бошқа қариндош ва фамилиядошлар даражасига етмаган шекилли¸ улар ҳозирча бизнес оламида унча танилмаган. Улар Оиланинг виртуал даврасида ҳам кўринмайди.
“Жиззах амирлиги”
Шавкат Мирзиëев президентликка келганидан буëн унга берилган ваколат ва қудратдан симириб сув ичаëтганлар фақат унинг опаси ëки қолган сингил ва укалари оиласи эмас. Зоминда Мирзиëев деган фамилия борки¸ бу марҳаматдан мосуво қолмаган.
Шавкат Мирзиëевнинг ота-бобоси асли Тожикистоннинг Яхтан қишлоғидан.
Бобоси Мирзиë ва бувиси Турсунойнинг тўрт ўғлидан иккитаси – Миромон ва Мирасрор Жиззахнинг Зомин туманига кўчиб келиб¸ шу ерда муқимлашган. Мирасрор Мирзиëевнинг 7 боласи бор. Бу еттовлон ҳам амакиваччалари президент бўлгач ланг очилган амал ва бойлик дастурхони устида фаол.
90-йиллар бошида вафот этган Мирасрор Мирзиëевнинг катта ўғли полковник Мухтор Мирзиëев Асрорович. Шавкат Мирзиëев президентликка сайланганидан олти ой ўтиб - 2017 йил майида бу Мирзиëев Жиззах вилояти ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди. 2020 йил октябрига келиб Мухтор Асрорович — Ички ишлар вазирлигининг Ўз хавфсизлиги бошқармаси бошлиғига айланди. Ички ишлар тизимида ишловчиларнинг тақдири айни шу бошқарма ва унинг бошлиғи қўлида. Бу лавозимда ўтириб Мирзиëев мамлакатнинг энг қудратли куч ишлатар тизими¸ унда ишловчилар садоқатини бевосита назорат қилади. Озодлик манбалари Мухтор Мирзиëевнинг амалда тизимдаги биринчи раҳбар эканини айтади.
Шавкат Мирзиëевга тенгдош Мухтор Асрорович куч ишлатар тизими баробарида катта бизнес устида ўтирган шахс ҳам. Бу бизнес унинг ўғиллари ва қудалари номида.
Ҳикоямиз бошидан кўрганингиз каби¸ Мирзиëевлар уруғ-аймоғининг бари ер ва заправкаларга ишқибоз. Негалиги¸ Тўра Ярлакапов устидан шикоят ëзганларга кўра жуда жўн. Уларнинг барига газ ўғирлаш ва ўғирланган газни бошқаларга нисбатан арзон сотишга яширин рухсат берилган. Халқ ғазнасига йилига камида бир миллиард доллар зиëн етказиб¸ халқнинг совуқда қақшашига сабаб бўлаëтган бу ўғирликлар яна бир алоҳида журналистик суриштирув мавзуи.
Мухтор Мирзиëевнинг катта ўғли Элдор Мирзиëев ҳам қатор фермер хўжалиги ва кластерлар эгаси. Унинг ҳам Зоминда SARDOR-METAN-INVEST деган заправкаси бор. Фақат заправкага Элдор эмас¸ унинг давлат мулозими бўлган укаси Сардор номи берилган.
Мухтор Мирзиëевнинг уч қизи бор. Куëвлардан бири Диëр Бозоров Сангзор текстил¸ Сангзор парранда¸ Навоий текстил каби компаниялар орқали воҳадаги энг йирик паррандачилик ва тўқимачилик бизнеси эгаси. Президент қуда бува уни ҳам мукофотсиз қолдирмаган – 2017 йили тадбиркор жиян куëвини Шуҳрат медали билан тақдирлаган.
Мирасрор Мирзиëевнинг иккинчи ўғли 62 яшар Аҳрор Асрорович Мирзиëев.
Мирзиëевнинг Матлуба синглиси давлат ҳимоясидаги Зомин қўриқхонасида жойлашган Азим Зомин шифо хусусий санаторияси эгаси эканини унутмагандирсиз. Жиян Аҳрор Мирзиëев айнан шу ҳудуддаги Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясига қарашли Зомин санаторияси раҳбари¸ де-факто эгаси. Спарк реестрининг кўрсатишича¸ у 2020 йили қисқа муддат бу санаторийнинг ягона мулкдори ҳам бўлган. Санаторий 25 гектар тоғли арчазорда жойлашган¸ бир вақтнинг ўзида 700 дан ортиқ одамни қабул қилади.
Аҳрор Асроровнинг учала фарзанди ҳам Мирзиëев президентликка келганидан сўнг ошиғи олчи бўлган жиянлардан.
Катта ўғли Аброр Мирзиëев Ўзавтосаноатнинг молиявий томири бўлган Асакабанк раҳбарларидан. Давлатнинг учинчи йирик банки мулозими бўлиш билан бир пайтда Аброр каттагина бизнес эгаси ҳам. Озодликнинг сўнгги суриштируви унинг яқингача халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари устидан монополия ўрнатган CPT Pochta мулкдори бўлганини кўрсатди. Айни кунларда у ORIENT ADVERTISING реклама агентлиги ва INTER VET фармацевтика компанияси мулкдори.
Ахрор Мирзиëевнинг иккинчи ўғли Баҳром ëки Мирбаҳром Мирзиëев. Тармоқда ўзини Мирзиëев деб таништирса-вда¸ корпоратив ҳужжатларда фамилияси Асроров деб ëзилади. (ASROROV MIRBAXROM AXROROVICH).
Инстаграм аватари ва формасига кўра¸ Давлат хавфсизлик хизмати ходими. Кўпинча Президент давлат хавфсизлик хизмати де-факто раҳбари бўлган Отабек Умаровнинг ëнида кўринади - президент хос қўриқчиси бўлган Умаровнинг хос қўриқчиси.
Президентга қариндошлик имтиëзи ДХХ мулозими бўлмиш Баҳром Мирзиëевнинг Ўзбекистон автобозоридаги энг йирик тадбиркорга айлантирган. У LADA, Kia, Chery ва Renault автомобилларининг Ўзбекистондаги эксклюзив дистрибюторига айланган Roodell МЧЖнинг асосий мулкдори.
Roodell эса автосаноатдаги 10 дан ошиқ компания таъсисчиси. Улар орасида қиймати 216 миллион долларлик АДМ Жиззах заводи ҳам бор. Мирзиëев жиянининг бу бизнесини бевосита қўллашни унутмаган - очилар-очилмас¸ унга ташриф буюрган¸ мақтаб қайтган.
2020 йили рўйхатга олинган бу корхона жаҳон автомобилсозларини ҳайратда
қолдирса ажаб эмас. Ковид пайтида очилиб¸ деярли 2 йил ишламаган бўлсада¸ заводнинг 2023 йил давомида 100 минг дона автомобил ишлаб чиқариши хабар қилинган. Бу қандай ишлаб чиқариш¸ заводда йиғилгани айтилаëтган машиналар қайси давлатдан қайси ҳолатда келади¸ муҳими қандай расмийлаштирилиб¸ давлатга қанча бож тўлайди¸ бу ҳам алоҳида суриштирув мавзуси. Давлат хизматчиси¸ бўлиб ҳам ДХХ хизматчиси қандай қилиб бизнес билан шуғулланади¸ деб ҳам сўрамай қўя қолинг. Баҳром Аҳрорович паспортида ҳам Мирзиëев деган фамилия¸ яъни карт бланш бор!
Мирзиëев ДДХ капитани ва автосаноат корчалони бўлган Баҳром Мирзиëевнинг қайнотасини ҳам давлат амали билан сийлашни унутмаган. 2016 йилда Мирзиëевлар билан қуда бўлган Баҳром Норқобилов Тўраевич 2020 йили шахсан Мирзиëев фармони билан Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси этиб тайинланган.
Аҳрор Мирзиëевнинг қизи Хуршида Зомин миллий боғининг сулолавий бошқарувчилари Хўжаевларга келин. Хуршида Мирзиëева Тошкент марказидаги косметология маркази эгаси. Эри Нодир Алишерович Хўжаев ҳам қолган куëвлар каби кейинги 7 йил ичида катта бизнесменга айланган. Қайиноғаси Аброр Мирзиëевдан CPT Pochta акцияларини
ошиғи билан қабул қилиб олган Нодир Алишерович Тошкент ва Зоминда меҳмонхоналардан тортиб то симсиз алоқа хизматигача шуғулланувчи компаниялар эгаси.
Президентнинг амакиси Мирасрорнинг беш ўғил ва икки қизидан бирортаси компания очиш бобида учинчи ўғил Аббос Мирзиëев билан беллаша олмайди. Аббос Асрорович амакиси Бош вазир¸ сўнгра президент бўлгандан кейин очилган 20 та компания таъсисчиси! У ҳам оиланинг фундаментал қадриятига кўра¸ “ердан узилмаган” – асосан қишлоқ хўжалигидаги кластер ва заводларга ишқибоз.
Аббос Асроровичнинг бизнес жуғрофияси зоминлик аксар қариндошлариникидан
кенгроқ – Андижондан Қорақалпоққа қадар ëйилган. Аббос Мирзиëев “деньги не пахнут”¸ деган нақлга амал қиладиган кўринади – бошланғич компаниялари орасида ҳожатхона бизнеси ҳам бор. Аброр Асроровичнинг Тошкент бизнес гуруҳларидаги нуфузи¸ айтилишича ошиб бормоқда. Яқинда у Бош прокуратуранинг уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси собиқ бошғлиғи Улуғбек Анваров билан қуда бўлди. Анваров “ишда йўл қўйилган жиддий камчиликлар” учун шахсан Мирзиëев томонидан 2019 йили ишдан олинган эди. Яқин кунларда қудалик мақомига кўтарилган Анваровнинг ҳам янги амал билан сийланиши кутилмоқда.
Шавкат Мирзиëевнинг яна икки амакиваччаси – Шуҳрат ва Бахтиëр Мирзиëев. Бирор очиқ бизнес эгаси бўлмасада¸ бу Мирзиëевлар ҳам Жиззах бойлари сафида. Зоминликларнинг кўпи¸ Инобат ҳожи ва Бойтўрадан то президентнинг бу икки жиянига қадар қаерда ва қандай яшашини улар қурган ва қураëтган улкан сарой ва қасрлар маҳобатидан билади.
Жиззахда Мирзиëев деган фамилияси бўлмасада¸ жорий президентга она томондан қариндошлар ва улар авлодлари ҳам бор. Улар ҳам алоҳида бутоқ. Она авлоди орасида сийланганлардан бири Нодир Нарзуллаевич Сайдуллаев бўлади. Тоғаваччаси президент бўлишидан саноқли ойлар ўтиб Сайдуллаев асосий улуши давлатга қарашли Турон банк бошқаруви раиси этиб тайинланди. 2020 йилга келиб эса у давлатнинг учинчи йирик банки Асакабанк бошқаруви раисига айланди. 2022 йилдан мамлакат пул-кредит ва валюта сиёсати бошқарувчиси бўлган Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари. Банк тизимини қаровсиз қолдириб бўлармиди?
Айтмоқчи¸ Шавкат Мирзиëев 2016 йил сентябрида мамлакатнинг 1-раҳбарига айланганидан сўнг унинг уруғ-аймоғи ўзини амирлар авлоди деб эълон қилган. Кўпчилиги ўз уйи деворига мана бу шажара дарахтини илиб қўйган.
Амирлик иддаосининг деворга осилганича қолмаганига бугун тақдим этилган маълумотлардан ишонч ҳосил қилгандирсиз. Зотан Шавкат Мирзиëев президентликка келганидан сўнг айни фамилия ташувчилар ҳаëтининг араб амирлари турмуш тарзидан кўп ҳам фарқи қолмаган. Ажаблантираëтгани¸ Ўзбекистоннинг Мирзиëев учун янгиланган конституциясида “демократик давлат” деган атаманинг сақлаб қолгани! Зотан клан иштаҳаси зоминлик “амирваччалар” билангина чекланмайди. Бу ëқда ҳали ўзини хон ва бек хаëл қилган қўқонликлар армияси бор. Энди уларга ўтамиз.
“Қўқон хонлиги…”
Мирзиëевнинг ўтмишидан хабардор бўлганлар унинг ҳокимият пиллапояларидан кўтарилишида қайнотаси Маҳмуджон Ҳошимов белгиловчи роль ўйнаганини айтади.
Ҳошимов темир йўл тизимидаги энг ëғли жой – таъминот бошқармасининг водийдаги маъсули бўлган. Уни шахсан билганларга кўра¸ СССР пайтида Москвадан тарқатилган давлатга қарашли танқис озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотлар чайқовчилиги орқасидан Қўқон бойларидан бирига айланган. Уч қиз¸ бир ўғилнинг отаси.
Фарзандларидан иккитаси – катта қизи ва кенжа ўғли ҳақида жамоатчилик деярли ҳеч нарса билмайди. Аммо қизларидан иккитаси анчайин таниқли. Улардан бири Зироат Ҳошимова. Президентнинг хотини сифатида у кейинги 7 йил ичида маҳаллий ва минтақавий матбуот¸ гламур сайт ва нашрлар назаридан тушмай келаëтир.
Зироат Ҳошимова эри 13 йил Бош вазир бўлган даврда айрим хос давралардан бошқа жойда кўринмаган. Мирзиëев билан айни ирригация институтида ўқиган Зироат Ҳошимованинг бирор жойда ишлаганига оид маълумот йўқ.
Эри президент бўлгач у¸ Ғарб Биринчи хонимлари услубидаги ҳаëтини бошлади.
Биринчи хонимларнинг аксарияти каби Ҳошимова-Мирзиëева ҳам эрининг хорижий сафарларида унга ҳамроҳлик қилади. Миромонович сиëсатини халқ ичида ëйиш¸ эри¸ ўзи ва оиласини халқчил ва халқпарвар қилиб кўрсатишга қаратилган тадбирларда қатнашади. Унинг номи Замин фонди синонимига айланган – Замин айнан Зироат Мирзиëева учун тузилган. У фонд олий органи - васийлик кенгаши раиси.
Санасига қарасангиз¸ Замин фонди аксар дунë КОВИД пандемиясига тортила бошлаган 2020 йилнинг 23 январида тузилган. Расмий мақоми халқаро жамоат фонди. Регистрация ҳужжатида фонд таъсисчилари ëки фаолият соҳаси кўрсатилмаган. Сайтига қаралса¸ Замин фонди фаолият қамрови деярли чекланмаган. Қозончининг эрки бор¸ қайдан қулоқ чиқарса¸ дегандек¸ Фонд истаса атроф-муҳит секторига¸ истаса таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасига аралашади.
Амалдаги қонунчиликка кўра¸ бундай фонд фаолиятини молиялаш манбалари ҳам чекланмаган. Унга исталган одам¸ исталган компания истаганча пулни хайрия деб бериши мумкин. Давлат бюджети¸ чет эл ва халқаро ташкилотлар, хориж ҳукуматларидан грант олишига ҳам рухсат бор. Боз устига, жамғарманинг ўзи ҳам бизнес билан шуғулланиб¸ даромад олиши мумкин.
Бундай фаолиятнинг жамоатчиликка бериладиган бирор ҳисоб-китоби бордир¸ дерсиз.
Қонунчиликка кўра¸ бундай ҳисоб китоб бўлиши шарт. Бўлганда ҳам¸ жамоатчиликка очиқ бўлиши шарт. Хусусан¸ “фонд фаолиятининг ошкоралигини таъминлаш ва фонднинг мол-мулкидан фойдаланилиши тўғрисида ҳар йили ҳисобот эълон қилиши шарт”.
Аммо Замин сайтида бундай ошкораликни топа олмайсиз – Биринчи хоним фондига ким¸ хусусан¸ қайси компания қанча пулни хайрия қилди¸ қайси хориж ҳукумати ëки ташкилоти қанча грант берди¸ буниси очиқланмайди. Жамоатчилик президент хотинига қарашли фонд учун қанча маблағ қаердан келиб¸ қанчаси қаерга кетаëтганини билмайди. Сайтда фонд фаолияти¸ хусусан¸ молиясига оид бирор ҳужжатни тополмайсиз. Биринчи хоним бошқараëтган халқаро жамоат фондининг донорлари ким¸ унинг фаолиятига давлат бюджетидан маблағ ажратиладими¸ йўқми¸ жамоатчилик буни ҳам билмайди. Зироат Мирзиëева фонди қандай тадбиркорлик билан шуғулланяпти¸ буниси яна бир журналистик суриштирув мавзуи!
Пандемия авжга чиққан 2020 йил ëзида кислород концентраторлари дунë бўйлаб энг бозорбоп матоҳга айлангани ҳали ëдингиздан чиқмагандир. Озодлик 2020 йил ëзида эълон қилган суриштирув Хитой кислород концентраторларини Ўзбекистонга олиб келиш билан айнан Зироат Мирзиëева фонди шуғулланганини ўртага чиқарган эди.
Зироат Ҳошимова-Мирзиëева роли президент эрига ҳамроҳлик қилишу¸ кунора реклама қилинаëтган Замин фондига тушаëтган миллионлаб маблағни сарфлаш билан чекланади¸ деб ўйласангиз¸ яна адашасиз.
Биринчи хонимнинг жамоатчиликка кўринмайдиган роли¸ тарошланган сурат ва видеоларда кўраëтганингиз ролдан кўра анча каттароқ. Зироат Мирзиëева фаолияти билан бевосита ва билвосита таниш Озодлик манбалари¸ бирор расмий ваколати бўлмасада¸ унинг ҳукумат кадрлар сиëсатидаги мавқеи баланд эканини айтади. Ҳукумат мулозимларига кўра¸ Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва фармацевтика соҳаси Биринчи хоним назоратида. Ҳукуматдаги муҳим лавозимлар¸хусусан¸ Фарғона водийсидаги юқори лавозимларга тайинлов ҳам Зироат Мирзиëева иштироки ва қўлловисиз кечмайди. Бундай қўлловга эришиш йўллaридан бири¸Оилага қуда бўлишдан ташқари¸ Озодлик манбалари таъкидича¸ унинг фондига “ихтиëрий хайрия”дир. Фонд молиявий ҳисоботлари ëпиқлиги боис¸ Озодлик бундай иддаоларни тасдиқлаш ëки рад этиш имконига эга эмас.
Қўқонлик Маҳмуджон Ҳошимовнинг жамоатчиликка таниш яна бир қизи Сайëра Ҳошимова. У Зироат Мирзиëеванинг синглиси сифатида танилишдан аввал миллиардер олигарх Алишер Усмонов қудаси ўлароқ танилган. Қизи Диёра 2009 йили Усмоновнинг вориси кўрилган Бобир Усмонов (марҳум)га теккан.
Миллиардернинг қудаси сифатида Сайëра Ҳошимова ва қизи Диёра кейинги 15 йил ичида Ўзбекистон ва Россия зодагонлари даврасининг кунда-шундасига айланган. Гламур ҳаëт тарзини кўз-кўз қилиб келаëтган она-қизларнинг молиявий манбаси¸ тармоқдаги суратлардан¸ анчайин мустаҳкам. Бу эса¸ Озодлик манбалари таъкидича¸ Сайëра Ҳошимованинг эри Даврон Давудович Ғафуровнинг очиқ ва кўланкадаги улкан бизнесидир.
Даврон Ғафуров 2008-2012 йилларда Ўзбекнефтегаз таркибидаги муҳим тузилма –
Чинобод нефть базаси директори бўлган. Мирзиëев президентликка келишидан кўп ўтмай божасини яна эски жойига қайтарган – 2017-2018 йилларда Даврон Ғафуров Қибрайдаги яна айни базага раҳбарлик қилган. Энергетика вазирлиги мулозимининг Озодликка айтишича¸ 2018 йили бу амалдан кетган Ғафуров ҳозиргача “соядан туриб Чинобод ва UNG PETRO заправкаларини бошқариб келмоқда. Озодликнинг бир-биридан мустақил тўртта манбаси¸ Мирзиëев президент бўлгандан сўнг Ўзбекистонга Россиядан бензин ва дизель ëқилғиси олиб кириш Даврон Ғафуров назоратида эканини таъкидлади.
Корпоратив ҳужжатларга кўра¸ Даврон Ғафуров Британия фуқароси. Божаси Бош вазирликка келгандан кўп ўтмай хорижда бизнес билан шуғулланишни йўлга қўйган. Хусусан¸ 2005-2009 йилларда у Британияда D.A.V. INVEST LTD.¸ S.E.K. ENGINEERING LTD. компанияларига асос солган. Иккала компаниядаги шериги – 1981 йили туғилган Эркин Саноқулов. У НГМК бошқарув раиси¸ Ўзбекистон Қаҳрамони Қувондиқ Санақуловнинг ўғли¸ ҳозирда Янгийўл шаҳар прокурори. Бу ҳам алоҳида суриштирув.
Мирзиëевнинг божаси 2013 йилдан бери Чехиядаги Liberta Energy s.r.o. бошқарувчиси. Бу компания ҳам нефт маҳсулотлари савдоси билан шуғулланади¸ айни пайтда биоëқилғи ва молларга озуқа ишлаб чиқарувчи улкан завод эгаси. 10 йил олдин 10 миллион долларга сотиб олинган бу заводнинг асл эгалари оффшордаги қобиқ компаниялар ичида яширин. Ғафуровга бу заводни мустақил бошқариш ҳуқуқи берилганидан унинг асл бенефициарларга жуда яқинлигини тахмин қилиш мумкин.
Мирзиëевнинг божаси Liberta Energy s.r.o. орқали Ўзбекистондаги қатор муҳим объектлар эгаси ҳам. Улар орасида давлатга қарашли Ўздонмаҳсулот билан шерикликдаги FARG'ONADON KLASTERи ҳам бор.
Сайëра Ҳошимованинг қизи Диёра Алишер Усмонов ворисининг 2013 йилги ўлимидан сўнг¸ 2016 йили "Ботир алюмин" деб ном чиқарган Ботир Раҳимовга теккан.
2010 йилда Раҳимов Ўзбекистонда бир муддат ҳибсга олинганидан сўнг Бирлашган Араб Амирликлари ва Туркияда яшаб келган.
Ботир Раҳимов ҳам асли қўқонлик. У ўтмишда акаси Бахтиëр Раҳимов билан Капитал банк¸ Тошкентдаги “Пахтакор” футбол клуби ва “Ўзбекистон” меҳмонхонасининг эгаси бўлган.
Зироат Мирзиëеванинг жиянига уйланганидан сўнг Тошкентга қайтиб¸ ҳозирда
яна бизнес билан шуғулланишни бошлаган. 2023 йил март ойида Тошкентда Hayot Bank номли банк таъсис қилган ва дарҳол Марказий банкдан лицензия олган. Сайтига кўра¸Hayot bank рақамли банк бўлади.
Марказий банк Ботир Раҳимовнинг Ўзбекистонда банк очишига рухсат беришдан олдин due diligence¸ яъни унинг ўтмиш фаолиятини тафтиш қилганми-йўқми¸ Озодликка қоронғу.
Зотан Ботир Раҳимов номи 2021 йилдан бери турк матбуоти ва жамоатчилиги назарида қолмоқда. Бодрумдаги Paramount Hotel меросхўри Yasemin Victoria Uras уни меҳмонхона олди-бердисида 46 миллион долларлик сохта чек берганликда айблаб келмоқда. Урас хоним турк матбуоти ва телеканалларига берган интервьюларида Ботир Раҳимовни “рус мафиясининг пул ювғичи”эканини иддао қилиб келади. Ботир Раҳимов бу иддаоларни инкор қилган ëки Урас хонимни судга берган эмас.
Президент хотинининг гламур жияни Диёра Усмонованинг ўзи ҳам янги эри билан Тошкентда ўринлашгандан бери тинимсиз бизнес марраларини забт этмоқда. Ҳозирда у Bibiona ,Saadiatelier мода уйлари¸ Тошкент марказидаги Bika club , Suwon , Hori ресторанлари ¸ Bebeauty салони ва исломий либосларга ихтисослашган Dua original дўкони эгаси. Биринчи оилага яқин бўлиш¸ улар билан бирга кўринишни истаган янги ўзбек бойларининг хотинлари ва қизлари Диёра Усмоновага оид ресторан¸ салон ва дўконларнинг кунда-шундаси. Усмонова шунингдек Инстаграмдаги қатор гламур сайтлар бошқарувчиси ва бу сайтлар орқали ўзбек зодагонлари ичидаги катта инфлуенсер. Диёра ижтимоий тармоқда холаси Зироат Ҳошимова ва қизларининг стилисти ҳам¸ улар устидаги аксар кийимлар дизайнери ҳам ўзи эканини кўз-кўз қилишни унутмайди.
Ўзбекистон Биринчи хонимининг катта опаси ҳақида¸ унинг ўз оиласи даврасида ҳам кўп кўринмаслигидан бошқа маълумот йўқ. Аммо корпоратив ҳужжатлар Биринчи хонимнинг ягона укаси поччаси президент бўлгандан кейин катта бизнес эгасига айланиб бораëтганини кўрсатади.
Зироат Ҳошимова-Мирзиëеванинг укаси Муҳаммад Маҳмуджонич Ҳошимов (Xashimov Muxammad Maxmudovich). Оилани яхши билувчи қўқонликларга кўра¸ болалигида сочи жингалак бўлгани учун¸ яқинлари уни “Қўзивой” деб чақиради.
Муҳаммаджон-Қўзивой поччаси Бош вазирлигида панада юрган. Аммо у президент бўлгач¸ Ўзбекистон бизнес оламидаги шерга айланган. Очиқ корпоратив ҳужжатлар Муҳаммад Ҳошимовнинг 2019 йилдан сўнгги 4 йил ичида 9 та йирик компания акцияларини қўлга киритганини кўрсатади.
Улар орасида Чирчиқдаги шакар заводи ¸ кимëвий маҳсулотлар улгуржи савдоси
қилиш ваколатини олган QO‘QON MINERAL-LOGISTIKASI МЧЖ¸ Зангиотадаги xориждан зотдор ва сутдор мол олиб келиш билан шуғулланадиган миллион долларлик (MILK AGRO ALLIANCE) қорамолчилик фермаси¸ Чиноздаги Pronto motor trade автосалони Зангиотадаги сут маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи MELEK BEST MILK AGRO заводи¸ Бувайдадаги LOS GIGANTES TEXTILES калава ип фабрикаси¸ Бухоронинг Ромитан туманидаги WBM ROMITEX тўқимачилик кластери ва ниҳоят HI-TECH BANK бор.
Қўзивой ҳам тўқимачилик секторидаги "арслон"лардан бири. У мулкдорларидан бўлган WBM ROMITEX МЖЧга 30 гектардан каттароқ ер ва улкан имтиëзлар берилган. Romitex республикадаги йирик текстил корхоналаридан бири. Унинг бошқа корхоналардан фарқи унга берилаëтган улкан имтиëз ва арзон кредитларгина эмас¸ балки Бухоро вилоят ҳокими ва прокурорининг доимий назари ва ҳимоясида эканидир. Бухоро вилоят прокуратураси расмий хабарига қаралса¸ вилоят ҳокими ва прокурори кейинги икки йил ичида камида 6 марта бу комбинат ҳолидан хабар олишга махсус борган.
Зироат Ҳошимова Биринчи хонимга айланганидан сўнг унинг амма-хола¸ тоға ва
амакилари¸ хусусан уларнинг болалари ҳам марҳаматдан мосуво қолмади. Масалан¸ Биринчи хоним ота авлодидан бўлган Ҳошимжон Ҳошимов Маликжон ўғли 2020 йили Халқ демократик партиясидан халқ депутатлари Қўқон шаҳар Кенгаши депутати этиб сайланди. Бўлғуси депутат¸ қўқонликларга кўра¸ на сайловгача ва на сайловдан сўнг ўзининг айнан қайси Ҳошимовлардан эканини писанда қилишни унутмаган.
Хошимов¸ расмий биографиясида ëзилишича¸ 25 ëшгача у “Қўқон биокимё” АЖ бўлим бошлиғи лавозимига ҳам кўтарилиб улгурган. Бундай мисли кўрилмаган карьера сабабига бироздан сўнг тўхталамиз. Ҳошимов ХДП номидан “депутат стипендияси” деган лойиҳа бошлаб¸ буни маҳаллий телеканал орқали бутун Фарғонага кўз-кўз қилишга ҳам улгурган. Фақат бу стипендияга пул қаердан¸ кимнинг ҳисобидан тўланиши ҳақида бирор жойда оғиз очмаган.
Мирзиëвлар клани ичидаги алоҳида кланга айланиб бораëтган Зироат Ҳошимова уруғ-аймоғи орасида нафақат Ўзбекистон¸ балки халқаро майдонда ҳам танилиб улгургани унинг куëви Отабек Муҳаммадалиевич Умаровдир. Умаров ҳам қўқонлик. Оилага яқинларнинг айтишича¸ уни Зироат Ҳошимованинг ўзи куëвликка танлаган. Манбалар таъкидича¸Умаров Зироат Мирзиëевага шунчаки куëв эмас¸ балки яқин иттифоқчи ҳам.
Отабек Умаров ҳозирга қадар Озодликнинг бир эмас¸ бир неча журналистик суриштируви фигуранти бўлиб улгурган. Жанубий Кореядан машина эҳтиëт қисмлари импорти билан шуғулланиб келган Умаров қайнотаси президент бўлиши билан Президент хавфсизлик хизмати раҳбарининг ўринбосари этиб тайинланди. Профессионал малакаси бўлмаса-да¸ Умаров ДХХ да юқори мартабали раҳбар¸ президент тан соқчилари унга ҳисоб беради.
Мавқеи кескин кучайиб бораëтган Умаровнинг ўзи ҳам қўриқчилар армияси билан юради. Давлат хизматчиси бўлса ҳам¸ кейинги 7 йил ичида сояда миллиард доллардан каттароқ бизнес империя қуришга улгурган. Ўзбекистонлик катта ва кичик тадбиркорлар Озодликка юбораëтган маълумотларга кўра¸ қайнота¸ хусусан¸ қайнонаси паноҳида тегиниб бўлмас шахсга айланган Умаровнинг бизнес иштаҳаси кун сайин кенгайиб бормоқда ва оëққа туриб¸ даромад келтираëтган бошқалар бизнесига узалган қўли узаймоқда.
Умаровнинг кўланкадаги бизнеси ва унинг ўтмиши контрабанда ва пул ювиш фаолиятига боғлиқ ҳамкорларидан бехабар қолган бўлсангиз¸ Озодликнинг сўнгги суриштирувини кўринг.
Умаровнинг укаси¸ ўтмишда қорамол олиб сотиш билан шуғулланган қўқонлик кичик тадбиркор Ойбек Муҳаммадалиевич Умаров ҳам 2016 йил сентябридан мамлакатдаги йирик компаниялар улушдорига айланди. Умаровларнинг бу вакилига расмийлаштирилган компаниялар Озодлик суриштирувидан сўнг қисқарди – асл бенефициар Умаровлар номинал шахс ва оффшор компаниялар ортига бекинишга ўтди.
Қўқонлик Умаровлар уруғ-аймоғи ҳам сон ва “бизнесдаги муваффақияти” борасида зоминлик Мирзиëевлардан қолишмайди. Умаровларни ҳам Мирзиëевлар клани ичидаги клан дейиш мумкин.
Президент куëвининг отаси Муҳаммадали Умаров 2008 йили вафот этган. Унинг укалари¸ хусусан Шуҳрат ва Махсуд Аҳмадалиевичлар Отабек Умаровга ота ўрнида.
Шухрат Умаров ҳозирда пенсияда. Махсуд Умаров эса¸ Қўқонбиокимë АЖнинг иккинчи йирик акционери¸ айни пайтда унинг савдо бўлимини бошқаради. Де-факто бутун завод унинг қўлида. Бу завод билан ҳар қандай олди-берди Умаровлар орқали бўлади. Юқорида тилга олинган Зироатхон Ҳошимованинг депутат жияни Хошимжон Хошимовнинг 25 ëшида Қўқонбиокимë бўлим бошлиғи лавозимини эгаллаши сирини энди тушунгандирсиз!
Қўқонлик куëв амакилари ҳам серўғил. Бу амакиваччалар эса¸ бугун Отабек Умаров бизнес империясидаги муҳим шахслардир.
Уларнинг сони сероблигини айтдик. Аммо бугун Умаровлардан биттаси¸ аниқроғи¸ бизнес иштаҳаси Ўзбекистон ташқарисида ҳам ошиб бораëтган Шерзод Шуҳратович Умаровга тўхталамиз. Зотан у президент куëви ва ДХХ раҳбарларидан бўлган жияни қаноти остида бойлиги геометрик прогрессияда кўпайиб бораëтганларнинг олд қаторида.
2017 йилгача нима иш қилганини биров билмаган Шерзод Умаров бугун компьютер дастурлаш соҳасидан реклама агентликлари секторигача катта ўйинчи. Оиланинг бу уруғи илиги тўқ бизнес – ун ишлаб чиқариш ва дончилик соҳасида ҳам фаол.
Шерзод Умаров кейинги пайтларда энг фаол киностудиялардан бири - BWG Production эгаси ҳам. Руслан Солиев билан шерикликда тузилган бу компания тузила солиб Ўзбекистон ва хорижда зўр бериб реклама қилинаëтган ҳужжатли фильмлар продюсерига айланди. Давлат қўллови билан BWG Production бугун Ўзбекистон маданиятини хорижда тарғиб қилиш миссиясини ўз қўлига олган. Бу ишда Отабек Умаровнинг 7Saber тизими ажралмас партнер. Қаерда Отабек Умаров бизнеси тугаб¸ қаерда амакивачча Шерзод Умаровники бошланади¸ буни ўзлари билади.
Шерзод Умаров Ўзбекистон бизнес доираларида номига расмийлаштирилган ўнга яқин компаниядан кўра¸ номи кўринмайдигани билан танилган. Бу Asialuxe Travel. Унинг қоғоздаги эгалари номинал акциядорлар экани Ўзбекистонда очиқ сир. Хусусан¸ компаниянинг 50 фоизи расмийлаштирилган Даврон Аҳмедовни Шерзод Умаровнинг сояси дейиш мумкин. Умаров бу сирни кўп ҳам яширмайди.
Ўзбекистоннинг етакчи нашрларидан (kun.uz, gazeta.uz) танилган блогерларигача бу компанияни мунтазам суратда реклама қилиб келади.
2018 йили очилган бу Asialuxeнинг аксар сайëҳлик компанияларини касод қилган пандемияга қарамай ҳозирга қадар гуриллаб ривож топгани унинг орқасида қанчалик қудратли қўллар турганини очиқлайди. Asialuxe Travel бугунга келиб ҳам ички¸ ҳам ташқи туризм¸ ички ва халқаро парвозларнинг аксар кўпчилигини ўз қўлига олди. Шу қадар олдики¸ ҳукумат буни тан олиш ва унга мамлакатнинг миллий тур оператори деган эксклюзив мақом беришгача борди. Номидан тушунилишича¸ миллатни сайëҳлик тизимида тамсил қилиш айни шу хусусий ширкатга берилган.
Бугун Asialuxe Travel компаниясида бор қудрат¸ ваколат ва молиявий
имкон Uzbekistan Airways, Маданият в туризме¸ Транспорт вазирлигини бирга қўшгандагидан кўра каттароқдир. Бугун давлатнинг бу учала тизими асосан Asialuxe Travelга хизмат қилади. Туркиядан Малдив оролларига қадар уюштириладиган турлар¸ Ўзбекистоннинг аксар шаҳарларидан йўлга қўйилган Умра сафарлари¸ Европа давлатларига бориб-келиш йўллари бугун асосан Asialuxe Travel орқали ўтади. Мирзиевнинг Ҳаж ва айниқса йил бўйи тўхтамайдиган Умра сафарини астойдил қувватлаши¸ ўзбекистонликларни давлат пулига Умрага бепул юбориш ташаббуси сабабини энди тушунгандирсиз – Умра сафарлари ҳам президент куй ви ва у мансуб Умаровларнинг хусусий бизнеси.
Турсуновлар - параллел клан
Шавкат Мирзиевнинг катта куви Ойбек Ботирович қўқонлик божасидан фарқли
Каримов даврида суяги қотган сиесий-молиявий клан вакили. Унинг отаси генерал-майор Ботир Ражабович Турсунов.
Бош вазир Шавкат Мирзиев билан қуда бўлгунга қадар Ботир Турсунов Ички ишлар вазирлигида юқори мансабда ишлаган. Қудратли вазир Зокир Алматовга яқин одамлардан бири саналган. Хусусан¸ 90-йиллар охирида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Терроризмга қарши кураш бош бошқармаси¸ сўнгра Интерпол ўзбек шўъбаси раҳбари бўлган. Андижон воқеаларидан сўнг Алматов каби мавқеи пасайиб¸ вазирликнинг Динамо спорт жамиятига раисликка туширилган.
Аммо президент қудаси бўлар-бўлмас Ботир Турсуновнинг мақоми яна кескин кўтарилди. 2017 йили янги тузилган Миллий Гвардия¸ 2020 йилда эса қудратли Давлат хавфсизлик хизмати изюм биринчи ўринбосари этиб тайинланди. У бу тузилмаларда расман иккинчи шахс бўлса ҳам¸ Озодлик манбаларига кўра¸ ваколати раисларникидан қолишмайди.
Мирзие президентевликка келгач¸ генерал қудасининг катта ўғли Улуғбек Турсуновни ҳам мансабсиз қолдирмади. Улуғбек Ботирович Турсуновнинг расмий лавозими Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси раҳбарининг биринчи ўринбосари . Аммо 2017 йилдан бери у амалда пойтахт мелисаларининг де-факто раҳбари. Мухолифат ва Ўзбекистон ичкарисидаги айрим нашрлар Улуғбек Турсуновнинг халқ тилида «кўча» деб аталадиган уюшган жиноий гуруҳлар назоратчиси эканини иддао қилган. Бу иддао бирор шаклда рад этилмаган.
Мирзиевнинг куви Ойбек Турсунов қайнотаси Бош вазирлигида Давлат заҳиралари қўмитаси¸ сўнгра Ўзбекистон Темир йўллари АЖнинг Москвадаги ваколатхонасида ишлаган. Собиқ ҳамкасблари таъкидича¸ криминал клан вакили билан жанжалдан сўнг¸ қайнотаси ўзига зиюн келмаслиги учун уни Москвага «сургун» қилган.
Мирзие президентев бўлиши билан Турсунов ҳам Тошкентга қайтди. Қайта солиб¸ Президент Администрации Молия-хўжалик департамента Давлат резиденциялари дирекциясининг бош директори лавозимига тайинланди. Турсуновнинг бу лавозимда қанча ишлагани номаълум. Аммо кўп ўтмай собиқ давлат мулозими Турсунов номи Ўзбекистонда кетма- кет очила бошлаган комалар таъсисчиси ўлароқ кўрина бошланди.
У 9 компания таъсисчисига айланди. Ҳозирда унинг номини тўрт компания мулкдорлари рўйхатида очиқ кўриш мумкин. Ойбек Турсунов ўз номи¸ қолаверса¸ оффшордаги қобиқ компания ва номинал шахсларга очган ширкатлар бирин-кетин энг қимматбаҳо ер участкалари¸ Тошкент символига айланган парк ва иншоотлар¸ йирик лойиҳаларни қўлга киритди.
Турсунов билан бевосита ишлаган тадбиркорлар таъкидича¸ Москвада сургунда юрган пайтида у Мирзиëевларнинг қудратли қудаси¸ Путинга яқин олигарх Алишер Усмонов ҳимоясида бўлган. Бугун у Усмоновдан қарзини бизнес шериклик орқали узмоқда. Президент куëви мақомига эришганидан сўнг Ойбек Турсунов ва Усмонов ўртасидаги гизли ҳамкорлик Капиталбанк олди-бердисида кўриниш берди.
Маҳаллий экспертлар Турсунов Ғарб санкциялари остида қолган Алишер Усмонов миллиардларини Ўзбекистонга кўчириш¸ улар учун хавфсиз транзит зонасига айлантириш жараëнида фаол эканини айтиб келмоқда.
Мирзиëевча “ислоҳотлар”
Бугунги суҳбатда турли сиëсий-ижтимоий термин ва тушунчаларни атайин ишлатмадик. Лекин якунда непотизм деган сўзни тилга олмасак бўлмайди. Бу сўз асли итальянча. Ўзбекчага жайдари таржимаси¸ жиянпарварлик.
Ташкилот таҳлилчиси Jon Vrushi непотизм нега айнан коррупциянинг ëрқин формаси ва ваколатни суистеъмол қилиш эканини тушунтиради.
- Биз¸ Transparency International ташкилоти непотизмни коррупция ва фаворитизмнинг бир кўриниши деб биламиз. Коррупциянинг бу кўриниши қон-қариндошлик ва таниш-билишчиликка асосланади. Яъни қўлида расмий ваколат бўлган амалдор бу ваколатни суистеъмол қилган ҳолда ўз қариндош-уруғи¸ танишларига¸ гарчи улар бунга лойиқ бўлмаса ҳам¸ муҳим лавозимларни беради. Оқибатда ресурслар¸ имтиëз ва маблағ тақсимоти ҳам бузилади¸ олишга лойиқлар қолиб¸ улар қариндош ва оила вакилларига берилади. Ҳокимият тепасига алоқадорлар рақобатсиз имтиëзга эришади. Бу эса¸ демократик бошқарувнинг асосий устунлари бўлган адолат¸ ҳалоллик ва жавобгарлик принципларига раҳна солади.
Бугунги суҳбатимиз давомида ўнлаган шахс¸ ўнлаган компания номларини эшитдингиз. Эшитганларингизнинг бари Мирзиëевнинг яқин қариндош-уруғлари. Уларнинг деярли ҳаммаси амал ва рутбасини¸ очиқ ва яширин бойлигини Мирзиëев 2016 йил сентябрида президентликка келганидан сўнг қўлга киритган. Аксар жиян ва қудаларнинг мансаб ва унвонлар билан тақдирланиши¸ улар бизнесининг махсус ҳимояга олиниши тепасида шахсан Мирзиëевнинг ўзи турибди.
Мана бугун кўрган ва ўқиганганларингиздан давлат амали берилган айрим “каттакон”лари:
Погонли қариндошлар:
- Генерал-майор Ботир Ражабович Турсунов¸ ДХХ раиснининг 1-ўринбосари¸ катта қудаси;
- Подполковник Отабек Муҳаммадалиевич Умаров¸ ДХХ раиси ўринбосари¸ Президент хавфсизлик хизмати раҳбарининг 1-ўринбосари¸ иккинчи куëв;
- Полковник Мухтор Асрорович Мирзиëев¸ Ички ишлар вазирлиги Ўз хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи¸ амакисининг катта ўғли;
- Божхона хизмати генерал-майори Акмалхўжа Юсупович Мавлонов¸ Божхона қўмитаси раиси¸ синглиси Матлуба Мирзиëеванинг қудаси;
- Адлия маслаҳатчиси Алишер Ҳасанович Имомназаров¸ Бош прокуратура органлари тергов тармоқлари фаолияти устидан назорат бошқармаси раҳбари¸ синглиси Матлуба Мирзиëеванинг куëви;
- Полковник Улуғбек Ботирович Турсунов¸ Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг 1-ўринбосари¸ куëви Ойбек Турсуновнинг акаси.
Погонсиз қуда-жиянлар:
- Жамшид Анварович Қўчқоров¸ Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия ва иқтисод соҳасини назорат қилувчи ўринбосари¸опаси Инобат Мирзиëеванинг қудаси;
- Нодирбек Нарзуллаевич Сайдуллаев¸ Марказий банк Раисининг биринчи ўринбосари – Бошқарув аъзоси¸ она томондан жиян;
- Аброл Жабборович Ваҳобов¸ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси бошлиғи¸ укаси Хондамир Мирзиëевнинг қудаси;
- Даврон Абдужалолович Ваҳобов¸ Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси¸ қудаси ва садоқатли ҳамкори Аброл Ваҳобовнинг жияни;
- Жавлон Абдужалолович Ваҳобов¸ Ўзбекистон Республикасининг АҚШ¸ Канада ва Бразилиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси (2017 йилдан 2023 йил баҳоригача)¸ қудаси Аброл Ваҳобовнинг яна бир жияни;
- Баҳром Тўраевич Норқобилов¸ Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси¸ амакиваччаси Аҳрор Мирзиëевнинг қудаси;
- Нигина Хайруллаевна Раҳимова¸ «Ижтимоий фикр» Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази директори¸ Зироат Ҳошимованинг жиян келини;
- Сардор Ўктамович Маҳмуджонов¸ UZ TRUCK AND BUS MOTORS қўшма корхонаси директори¸ Ўзавтосаноат раҳбари ўринбосари¸ опаси Инобат Мирзиëеванинг куëви;
- Муродхон Каримович Жўраев¸ Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутати¸ укаси Хондамир Мирзиëевнинг қудаси;
- Аброр Ахрорович Мирзиëев¸ давлатга қарашли Асакабанк Ташқи иқтисодий фаолият департаменти раҳбари¸ амакиваччасининг ўғли;
- Баҳром Ахрорович Мирзиëев-Асроров¸ Президент давлат хавфсизлик хизмати капитани¸ Жиззахдаги автомобил заводининг эгаси¸ амакиваччасининг ўғли;
- Аҳад Раззоқов Анварович¸ Давлат активларини бошқариш агентлигининг Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи¸ опаси Инобат Мирзиëеванинг қудаси.
Ва ниҳоят иккала қиз.
- Саида Шавкатовна Мирзиëева¸ президент Администрацияси Ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўъба мудири¸ тўнғич қизи.
- Шаҳноза Шавкатовна Мирзиëева¸ президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори биринчи ўринбосари¸ иккинчи қизи.
Бу рўйхатга Шавкат Мирзиëевнинг она томонидан қариндошларини¸ ëхуд давлат тизимлари ва қатор банкларнинг ўрта бўғинида ўтириб¸ катта бизнес билан шуғулланаëтган жиянлар¸ зоминлик ëхуд қўқонлик қудалар бола-чақасини қўшмадик. Қудаларнинг қудалари ҳам алоҳида бир тармоқ.
Ëхуд¸ Зироат Ҳошимованинг қариндоши ва ҳукуматдаги садоқатли иттифоқчиси
эканига ишониладиган супервазир Шерзод Кудбиевни¸ у қариндошликни рад қилишга уринганини инобатга олиб¸ киритмадик.
Элчилик ëки миллиард долларлик компаниялар топширилган синфдош ва оғайниларнинг болалари ҳам бугунги ҳикояга сиғмади. Номига қудратли компаниялар расмийлаштирилган қишлоқдошлар ҳам.
Мирзиëевлар кланининг бир эмас¸ бир нечтаси бойлиги Форбс миллиардерлари рўйхатига киришга етарли. Фақат бу миллиардлар манбаси қоронғу¸ ўзлари эса сояда қолаëтгани боис¸ бунга ҳозирча ботинишмаяпти. Ким билади¸ балки келаси 7 ëхуд 14 йилда¸ бунга ҳам журъат топишар!
Шавкат Мирзиëев 2016 йил қанақа катта ваъдалар билан президентликка келганини эсларсиз. Хусусан¸ давлат бошқарувини тозалаш¸ порахўрлик ва коррупцияга қарши курашиш¸ Ўзбекистонни талаган каламушлар ўғрилар даври тугаганидан кўп гапирди.
Деярли ҳар учрашувда қилинган бу каби ваъдалар ортидан Мирзиëевнинг Ўзбекистонни “ўғри ва каламушлар талаган” даврда оз эмас 13 йил Бош вазир бўлгани ҳам унутилди. Бу ваъдалар эҳтиросида уни реформатор деб атаганлар¸ "Миллий тикланиш" партияси етакчиси Алишер Қодиров каби¸ Сингапурни коррупциядан тозалаб¸ қашшоқ бу ўлкани дунëнинг энг бой давлатига айлантирган Ли Куан Юга қиëслаганлар бўлди.
Бу эҳтирослардан бери 7 йилча вақт ўтди. 2016 йил сентябридан бери Мирзиëевнинг ўзи давлатнинг энг тепасида. Ҳаммани у тайинлайди¸ ҳамма унга ҳисоб беради. Ўзи айтмоқчи¸ ер тагида илон юрганича билади. Бу 7 йилда Ўзбекистон ва Сингапур давлат бошқаруви моҳияти¸ айниқса¸ коррупцияга қарши кураш ўртасидаги масофа фақат узоқлашди¸ ўртадаги фундаментал фарқ юзага қалқиб чиқди.
Ли Куан Ю ҳокимиятга келганида Сингапур ялпи ички маҳсулоти жон бошига тақсимланганда 428 доллар бўлган бўлса¸ бугун бу кўрсаткич 82 807 АҚШ долларига тенг.
Жаҳон банки ҳисобича¸ Ўзбекистонда Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келган 2016 йили бу кўрсаткич 2704 АҚШ доллари бўлган бўлса¸ 2022 йилга келиб¸ 2255 долларга тушди.
Ўзбекистон ва Сингапур давлат бошқаруви¸ хусусан¸ давлат ва давлатчиликни емирадиган коррупция қарши курашдаги белгиловчи фарқ нима биласизми?
- Мен коррупция амалиëтларини тергов қилиш бюроси директорига ҳамма нарса ва ҳаммани¸ барча министрлар¸ шахсан менинг ўзимни тергов қилиш ваколатини бердим¸ деган эди коррупцияга қарши кураши моҳиятини изоҳлаган Ли Куан Ю.
Замонавий Сингапур меъморининг мана бу гапларини Ўзбекистонда ҳам кўпчилик эшитган.
“Олдимда иккита йўл бор эди : ë коррупцияга ботиб¸ қариндош-уруғимни дунë бойларининг Форбс рўйхатига киритиш ва халқимни ҳеч нарсасиз қолдириш¸ ëхуд давлатим¸ халқимга хизмат қилиб¸ мамлакатимни дунëнинг энг зўр 10та иқтисодидан бирига айлантириш”.
Ли Куан Ю қайси йўлни танлаганини бугун бутун дунë билади.
Дунëнинг энг бой давлатларидан бири Сингапур президентининг бир ой аввал Ўзбекистонга қилган сафарини кўриб¸ буни билмаган ўзбек ҳам қолмади ҳисоб.
Мирзиëевчи¸ у қайси йўлни танлади?
Бунинг жавобини топиш Сизга қолди.
Форум