Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали тадбирда янги сайланган президент Шавкат Мирзиëев 2017 йилни "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" деб эълон қилди.
Айни шу тадбирда қилган маърузасида Мирзиëев янги йилдан барча даражадаги ҳокимлар, прокуратура ва ички ишлар органлари раҳбарларининг аҳоли олдида ҳисобот бериш тизими жорий этилиши¸ шу мақсадда ҳар бир туман ва шаҳарда "Халқ қабулхоналари" ташкил этилиб¸ уларнинг тўлақонли фаолият кўрсатиши таъминланишини билдирди.
Шавкат Мирзиëев 2016 йил 28 декабрда "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида" фармон чиқарди ва ана шу фармон асосида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари, Тошкент шаҳри, шунингдек, ҳар бир туман ва шаҳарда Ўзбекистон Президентининг "Халқ қабулхоналари" очила бошланди.
Ҳатто мамлакатда "Халқ қабулхоналари" бўйича президент маслаҳатчиси деган янги мақом ҳам ташкил этилди ва бу ваколат Фавқулодда вазиятлар вазири Турсинхон Худайбергановга юклатилди.
Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари январь ойидан бошлаб бундай "Халқ қабулхоналари"нинг қандай очилаëтгани ҳақида хабар бериб бормоқда.
Хусусан¸ президент Шавкат Мирзиëевнинг Тошкент шаҳридаги ана шундай қабулхоналардан бирига боргани ëритилди.
Ўзбекистон туман ва шаҳарлари ҳокимликлари қошида "Халқ қабулхоналари" очилаëтганини бир-биридан мустақил кўплаб ўзбекистонлик Озодликка ҳам тасдиқлади.
Мамлакатнинг ҳар бир туман ва шаҳрида очилаëтган бундай "Халқ қабулхоналари" давлат бошқаруви ва назорат органлари фаолияти ҳақида аҳолига ҳисоб бериш амалиëтини яратадими-йўқми¸ Озодлик гаплашган ўзбекистонликлар ҳозирча бу савол жавоби очиқ қолаëтганини айтмоқда.