Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:07

Конституция: Янги таҳрирдаги лойиҳа қорақалпоғистонликлар орасида норозилик уйғотди


Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг собиқ раиси Муса Ерниязов (ўртада) Ўзбекистон Сенатида.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг собиқ раиси Муса Ерниязов (ўртада) Ўзбекистон Сенатида.

Ўзбекистонда 26 июнь куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилган “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қорақалпоғистонликлар орасида норозилик уйғотди.

Ижтимоий тармоқлардаги норозилик чиқишларига асосий қонуннинг янги таҳририда Қорақалпоғистон республикасининг “суверенитети” ибораси ҳамда республика халқининг “умумий референдум асосида ажралиб чиқиш ҳуқуқи” жумласи олиб ташлангани сабаб бўлган.

26 июнь куни “Қорақалпоғистонликлар конституцияси” номи билан очилган янги Телеграм-каналга бир кунда 100 мингдан ортиқ одам аъзо бўлди, оммавий норозиликка чақириқлар янгради. 27 июнь куни эрталаб нукусликлар шаҳарда мобил интернет чеклаб қўйилгани ҳақида ёзишди.

Ўзбекистон Конституциясининг амалдаги таҳрири 70-моддаси:

“Суверен Қорақалпоғистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси таркибига киради. Қорақалпоғистон Республикасининг суверенитети Ўзбекистон Республикаси томонидан муҳофаза этилади”, дея ўқилади.

26 июнь куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилган янги таҳрир лойиҳасида эса бу моддани қуйидагича ўзгартириш назарда тутилмоқда:

“Қорақалпоғистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси таркибига киради. Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ҳамда қонунчилигида назарда тутилган барча ҳуқуқ ва эркинликлар кафолатланади”.

Биринчи норозилик бу моддадан «суверен» сўзининг олиб ташланганига бўляпти.

Амалдаги Конституциянинг 74-моддасида:

“Қорақалпоғистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси таркибидан Қорақалпоғистон Республикаси халқининг умумий референдуми асосида ажралиб чиқиш ҳуқуқига эга”, дейилган.

Янги таҳрирдаги лойиҳада бу моддани қуйидагича таърифлаш таклиф қилинган:

"Қорақалпоғистон Республикаси ўз ҳудудида қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ҳамда қонунларига, Қорақалпоғистон Республикасининг Конституциясига ва қонунларига мувофиқ амалга оширади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Қорақалпоғистон Республикасининг олий мансабдор шахсидир".

Иккинчи норозилик эса бу моддадан "Қорақалпоғистон Республикаси халқининг умумий референдуми асосида ажралиб чиқиш ҳуқуқига эга"лигини чиқариб ташлангани устида кетяпти.

Қорақалпоғистонлик журналист, “Makan.uz” сайти таъсисчиси Лолагул Қаллиханова ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода Конституциянинг янги таҳририда таклиф этилаётган айни ўзгаришларга қарши эканлигини билдирди.

“Суверен Қорақалпоғистон Республикаси” сўзлари олиб ташланди, яъни Қорақалпоғистон Республикаси фуқароларининг розилигисиз республика суверенитети қонун билан олиб қўйилади”, деб ёзди Лолагул Қаллиханова “Makan.uz” сайтида 26 июнь куни эълон қилинган мақоласида.

Журналист Конституциянинг 74-моддасидаги, “Қорақалпоғистон Республикаси Қорақалпоғистон халқининг умумхалқ референдуми асосида Ўзбекистон Республикаси таркибидан чиқиш ҳуқуқига эга”, деб белгиланган модданинг ҳам олиб ташланишини “қорақалпоғистонликларнинг ўз конституциявий ҳуқуқидан маҳрум этиш”, дея баҳолаган:

"Бундай ўзгартиришларни қорақалпоғистонлик фуқароларнинг ўзлари киритиши керак эди, улар конституцияга ўз ҳуқуқларидан маҳрум этишни назарда тутувчи ўзгартиришлар лойиҳасини ўқиб ҳайрон бўлишди".

Лолагул Қаллиханова Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг Қорақалпоғистон Республикасига тегишли бобига ўзгартиришлар киритишни тўхтатиб, шу бобнинг 70-дан 75-моддаларигача бўлган қисмини ўзгаришсиз қолдиришни талаб қилиши ҳақида ёзади.

Озодлик 27 июнь куни Лолагул Қаллиханова билан боғланди. Аммо у барча фикрлари сайтида ёзилганини айтиб, ортиқча изоҳ беролмаслигини билдирди.

Янги Конституция лойиҳаси эълон қилинганидан сўнг, Фэйсбукнинг «Бу менинг Конституциям!» саҳифасида мунозара авж олди.

“Ассаламу алейкум конституция комиссия аъзолари, мен каршиман Коракалпогистон Республикасининг конституциясининг 70 дан 75 моддаларига кушимча ва узгартиришларни киритишга”.

"Қорақалпоғистон халқи Конституциянинг 70, 71, 72, 73, 74, 75 моддаларига ўзгартиш киритишга қатъиян қарши. Қорақалпоғистонликлардан ҳеч ким сўрамади, Зуҳра Абатаевна Олий Мажлис йиғилиши иштирокчиларига дезинформация берди!”

“Агар халкни уйласаларинг илтимос Коракалпогистон Республикасига оид 70,71,72,73,74,75 моддаларни узгартириш киритилмасин, бу моддалардан Коракалпогистон Республикаси халки рози хаммаси, узгартириш шарт эмас”.

Хавфсизлик хавотири боис исми сир қолишини сўраган нукуслик ўқитувчининг Озодликка айтишича, тармоқларда туни бўйи давом этган чақириқларга қарамасдан 27 июнь куни шаҳарда аҳолининг норозилик чиқиши кузатилмаган:

“Мен ҳозир центр томондан келдим, тинчлик эди. Лекин ҳамма ғазабда. Бундай таклифни ўзимизникилар берган эмиш. Одамларнинг оғзида фақат шу гап. Мобил Интернет ишламаяпти. Алоқа жуда ёмон”.

Исми сир қолишини сўраган маҳаллий блогерлардан бирининг Озодликка ёзишича, улардан Конституция мавзусини умуман тилга олмаслик талаб қилинган:

“Бизда бу мавзу кечадан буён қайнаётган эди. Бугун ички ишларга битта-битта чақиртирилиб, Конституция бўйича ҳеч нарса ёзмаслик буйруғини беришди. Ёзсак, ўзимиздан ўпкалашимиз керак экан. Орган ходимларининг аксарияти фуқаролик кийимида аҳоли орасида юрибди”.

Қорқалпоғистоннинг Чимбой туманида яшайдиган, хавфсизлик нуқтаи назаридан исми сир қолишини сўраган блогерлардан бирининг Озодликка айтишича, конституция муҳокамасига бағишланган барча Телеграм каналлар ўчиртириб юбориляпти:

“Кеча Телеграмда “Қорақалпоғистон конституцияси гуруҳида юз мингдан ортиқ одам бу ўзгартишларга қарши ўз фикрларини ёзган эди. Бугун унинг админстраторини топиб, суҳбатга чақиришди шекилли, группа ўчириб юборилди. Агар ўзгартишлар шу ҳолатда референдумга ташланса қарийб икки миллион қорақалпоғистонлик аҳолидан овоз қолган 33 миллион аҳолининг овоз берувчи қатлами орасида ҳеч нарса бўлмайди. Биз шундан хавотирдамиз, ҳақ-ҳуқуқимизнинг поймол бўлишидан қўрқяпмиз”.

Қорақалпоғистонликлар фаол бўлган ижтимоий тармоқларда сепаратизм кайфиятидаги чақириқлар 2014 йилда Россиянинг Қрим аннексияси ортидан кучайгани кузатилганди.

Ўзбекистон ҳукумати сўнгги пайтларда минтақани ривожлантириш бўйича қатор дастурларни эълон қилган, экологик ҳалокат оқибатларини бартараф этишга қаратилган янги лойиҳаларни илгари сурган.

26 июнь куни Gazeta.uz нашридан “Конституцияда Қорақалпоғистоннинг мақомини ўзгартириш таклиф этилмоқда” номли мақола олиб ташланди.

Ҳозирга қадар расмийлар Қорақалпоғистон суверенитети атрофида пайдо бўлган норозиликларга муносабат билдиргани йўқ.

Озодлик билан суҳбатда АҚШда яшаётган журналист ва собиқ депутат Жаҳонгир Муҳаммад Конституциянинг янги таҳририда Қорақалпоғистон билан боғлиқ бандларнинг ўзгартирилишини, ўз таъбирича, “мина”га қиёслади.

“Бугун биз туркий давлатлар бирлиги, Турон, Туркистон ғоялари атрофида бирлашувга интилаётган бир пайтда бундай ҳолни орқадан пичоқ уриш дейилади. Қонун лойиҳасини тайёрлаганлар бу билан мамлакатни “миналаштириш”га ҳисса қўшмоқдалар”.

РСФСР таркибида бўлган Қорақалпоғистон Автоном Совет Социалистик республикаси 1936 йилда Ўзбекистон ССРга берилган.

1992 йилнинг 9 январида Қорақалпоғистон АССР Қорақалпоғистон Республикасига айлантирилиб, Ўзбекистон Республикаси таркибига қўшилган.

XS
SM
MD
LG