Линклар

Шошилинч хабар
15 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:58

АСЕАН Мьянмадаги сиёсий бўҳронни бартараф эта оладими?


Мьянмада ҳокимиятни эгаллаб олган ҳарбийларга қарши чоршанба куни ўтказилган норозилик акцияси иштирокчиларининг камида 38 нафари ўлдирилди.
Мьянмада ҳокимиятни эгаллаб олган ҳарбийларга қарши чоршанба куни ўтказилган норозилик акцияси иштирокчиларининг камида 38 нафари ўлдирилди.

Сешанба куни Жануби-Шарқий Осиё давлатлари уюшмаси (АСЕАН) Мьянмадаги сиёсий бўҳронни муҳокама қилди.

Машваратда 1 февраль кунги давлат тўнтариши ортидан ҳокимиятга келган ҳарбий ҳукумат вакиллари ҳам қатнашди.

Рейтер агентлиги Мьянмадаги тангликни ҳал этишга АСЕАН қандай ҳисса қўша олиши мумкинлигини таҳлил қилди.

Нега айнан AСEAН?

10 мамлакатдан иборат сиёсий иттифоқ – АСЕАН Мьянмадаги инқирозни ҳал қилишда муҳим роль ўйнаши мумкин. Ҳарқалай, БМТ, АҚШ, Европа Иттифоқи ва Осиёдаги қудратли давлатлар шундай фикрда.

“Ягона оила” ғоясини шиор қилган уюшма сиёсий ҳуқуқлардан кўра барқарорлик ва ривожланишга кўпроқ эътибор қаратиб келади. Уюшма аъзолари сафида дунёдаги учинчи йирик демократик давлати саналмиш Индонезия, коммунистик бошқарув йўлини танлаган Вьетнам ва Лаос ҳамда дунёнинг сўнгги мутлақ монархияларидан бири Бруней султонлиги бор.

AСEAН давлатлари бир ёқада бош чиқара оладими?

Минтақанинг асосий давлатлараро бирлашмаси ўлароқ AСEAН ҳарбий хунта аъзолари билан мунтазам алоқа ўрнатган ва бу жиҳатдан у кучли позицияга эга. Аммо гуруҳнинг муросаи мадорага келиш бўйича талаблари ҳамда аъзо давлатлар ички ишларига аралашмаслик тамойили Мьянма борасида якдил тўхтамга келишни қийинлаштиради. Қолаверса, ҳокимият жиловини қўлга олган ҳарбийлар ҳам уюшма чиқарадиган ҳар қандай қарорга рози бўлиши талаб этилади.

Кузатувчилар уюшма минтақада инсон ҳуқуқлари поймол қилинишига бефарқ эканини танқид қилиб келадилар.

Дипломатлар ва таҳлилчиларнинг таъкидлашича, АСЕАН жиллақурса янада кўп қон тўкилишига йўл қўймаслик учун хунта ва мухолифат ўртасида мулоқотни рағбатлантиришга ҳисса қўшиши мумкин.

Санкциялар иш берармикан?

АҚШ ва баъзи Ғарб давлатлари хунта етакчиларига қарши санкция жорий қилди. Мьянманинг бошқарувдан четлатилган расмийлари ва намойишчилар янада қатъийроқ жазо чораларини талаб қилмоқда.

Аммо AСEAНнинг асосий тамойиллари, боз устига, Мьянма унинг тўлақонли аъзоси экани ҳисобга олинса, бирлашма санкция жорий қилмаслиги аён бўлади.

Айни чоқда, Ғарб давлатлари санкциялари ҳарбийларга алоқадор ширкатларга тузуккина таъсир этишини унутмаслик керак.

Осиёнинг икки қудратли давлати нима дейди?

Нафақат қитъада, балки бутун дунёда ўз сўзига эга Хитой ва Ҳиндистон Мьянма билан чегарадош бўлиб, икки мамлакатга қўшни ўлкага катта сармоя ётқизган. Пекин ҳам, Деҳли ҳам исёнчи ҳарбийлар билан алоқа ўрнатгани маълум.
Хитой барқарорлик устувор масала экани, вазият янада мушкуллашмаслиги учун бошқа давлатлар Мьянманинг ички ишларига аралашишмаслиги зарурлигини уқтирмоқда.

Демократик Ҳиндистон ҳам бу борада қатъий позиция кўрсатганича йўқ. Дам олиш кунлари Мьянма хавфсизлик кучлари камида 18 намойишчини ўлдиргач, Ҳиндистоннинг Мьянмадаги элчихонаси томонларни мулоқот қилиш ва зўравонликдан тийилишга чорлади.

Таҳлилчиларга кўра, Хитой ҳам, Ҳиндистон ҳам давлат тўнтаришини амалга оширган ҳарбийларга қарши кескин чора кўришга ошиқмаётир. Чунки икки қудратли қўшни келгусида Мьянманинг стратегик рақибига айланиб қолишини асло хоҳламайди.

XS
SM
MD
LG