Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:43

Афғонистон электрдан қарзларини узиш учун БМТдан ёрдам сўради. Кобул Тошкентдан салкам $10 млн қарздор


Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси етказиб берувчи муҳим таъминотчи ҳисобланади.
Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси етказиб берувчи муҳим таъминотчи ҳисобланади.

Афғонистоннинг DABS энергетика ширкати қўшни давлатлардан сотиб олинган электр қуввати бўйича қарздорликни ёпиш учун БМТнинг Афғонистонга кўмак кўрсатиш миссияси – UNAMAдан 90 миллион доллар молиявий кўмак сўради.

Билдирилишича, Афғонистон электр энергияси учун Эрондан 25 миллион доллар, Тожикистондан 11,2 миллион доллар ва Ўзбекистондан 9,9 миллион доллар, Туркманистондан 5,1 миллион доллар қарз бўлиб қолган.

Авалроқ мазкур ширкат қўшни давлатлардан қарздорлик учун электр энергияси таъминотини узиб қўймасликни илтимос қилган эди.

Ўшанда DABS энергетика ширкати умумий қарздорлик 62 миллион долларга етганини, бу қарзни тўлаб бериш учун Толибон ҳукуматида маблағ йўқлигини билдирганди.

DABS раҳбари Сафиуллоҳ Аҳмадзай матбуотга берган интервьюсида Афғонистон қарзни тўлаш ниятида собит эканини билдирган ва қўшни давлатлардан электр қуввати етказиб беришни тўхтатмасликни илтимос қилганди.

Бунга жавобан Ўзбекистон ва Тожикистон, қарздорликка қарамай, қиш мавсумида Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни тўхтатмасликларини маълум қилган.

ТАССнинг хабар беришича, DABS қарзни тўлаш учун 90 миллион долларлик ёрдам сўраб UNAMAга мурожаат қилган.

“ UNAMA ёрдам беришдан бош тортса, электр энергияси учун ҳақ тўламаган истеъмолчилардан қарзларни ёпишни талаб қиламиз”,-деб айтган ТАСС манбаси.

Афғонистонда Толибон 15 августда ҳокимият тепасига келганидан сўнг гуманитар инқироз юзага келмоқда.

Афғонистон аҳолисининг асосий қисми тўйиб овқатланишдан маҳрум бўлган ва электр энергияси учун қарздорликни тўлаш имкониятига ҳам эга эмас.

Билдирилишича, Кобулда шу кунгача электр энергиясидан камида 600 доллар миқдорида қарз бўлиб қолган хонадонлар мавжуд. Бу эса Афғонистон шароитида жуда катта пулдир.

Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси етказиб берувчи муҳим таъминотчи ҳисобланади. 2020 йил август ойида Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида электр энергиясини етказиб бериш бўйича 10 йиллик янги шартнома имзоланган эди.

Осиё тараққиёт банки ўзининг сўнгги ҳисоботларидан бирида қайд этилишича, Афғонистон электр энергиянинг 73 фоизини импорт қилади. Унинг 57 фоизини Ўзбекистон етказиб беради. Электр энергиясининг қолган 22 фоизи Эрон, 17 фоизи Туркманистон, 4 фоизи Тожикистондан келади.

2009 йилда Ўзбекистондан Кобулга 500 киловольт қувватга эга электр узатиш линияси ишга тушар экан, ОТБ Афғонистон пойтахтига илк маротаба “турғун электр энергияси” етказиб берила бошлаганини таъкидлаган эди.

Ўзбекистондан Афғонистонга электр энергияси юбориладиган Гузар – Сурхон электр линиясини қуришга тахминан 93 миллион доллар сарфланган. Бу харажатларнинг бир қисми Ислом тараққиёт банки кредитлари ҳисобидан қопланган. Айни дамда Ўзбекистон электр энергияси Афғонистон учун жуда зарур.

2018 йилда Сурхондарёдан Кобул шимолидаги Пули Хумрига борадиган 500 киловольт қувватли электр узатиш линиясининг 260 кмлик қисмини қуриш ишлари бошланган.

Келишувга биноан, тахминан 150 миллион долларга баҳоланган лойиҳа учун Ўзбекистон 32 миллион доллар ажратади, қолган қисми эса Афғонистон ОТБдан олинган 110 миллион долларлик ссуда билан қоплайди.

Сурхондарёдан Пули Хумрига электр линияси қуриб битирилгач, Ўзбекистоннинг Афғонистонга электр энергияси экспорти қарийб 70 фоизга ошиши кутилмоқда. Лойиҳа якунланишига қанча қолаётгани аниқ эмас.

Афғонистон электр энергияси импорти учун қанча тўлаётгани ҳақида турли тахминлар мавжуд. Аксар тахминларга кўра, мамлакат йилига 300 миллион доллар сарфлайди. Бу тўловларнинг ярмидан кўпини Ўзбекистон олади.

XS
SM
MD
LG