Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:40

Эрон АҚШнинг Ироқдаги қўшинларига ракета ҳужуми уюштирди, қанча киши қурбон бўлгани аниқ эмас


Ироқдаги АҚШ базасига берилган ракета зарбаси.
Ироқдаги АҚШ базасига берилган ракета зарбаси.

Эрон машҳур ҳарбий қўмондони ўтган ҳафтада ўлдирилгани ортидан ўч олиш мақсадида АҚШнинг Ироқда жойлашган қўшинларига баллистик ракеталар билан зарба берди.

Эрон давлат телевидениеси Ироқдаги АҚШ нишонларига 8 декабрь тонг қоронғисида 15 та ракета учирганини хабар қилди. АҚШ ҳарбийлари билдиришича, АҚШ етакчилигидаги коалиция ҳарбий хизматчилари жойлашган камида иккита иншоотга зарба берилган.

Одамлар қурбон бўлганми-йўқми - ҳозирча маълум эмас.

Эрон Ислом инқилоби соқчилари корпуси (ИИСК) ҳужум учун масъулиятни зиммасига олди, дея хабар тарқатди мамлакатнинг давлатга қарашли телеканаллари ва ахборот агентликлари.

ИИСК маълум қилишича, ҳужум “Қудс” махсус қўшини қўмондони Қосим Сулаймонийнинг ўтган ҳафтада Бағдодда ўлдирилгани учун ўч олиш мақсадида уюштирилган.

АҚШ қўшинлари жойлашган “Айн ал-Асад” базасига ҳужум “тўлиқ муваффақиятли” бўлди, дейилади ИИСК баёнотида.

АҚШ президенти ракета ҳужумидан кўп ўтмай, Твиттерда “Барчаси жойида!” деган изоҳ қолдирди, талофат ҳақида гапирмай, “Ҳозирча ҳаммаси яхши”, дея қўшимча қилди.

− АҚШнинг Ироқдаги базаларига ҳужум қилингани ҳақидаги хабарлардан воқифмиз, − деди Оқ Уй вакили журналистларга. − Президент Дональд Трампга бу ҳақда қисқача ахборот берилди, у вазиятни диққат билан кузатиб турибди ва миллий хавфсизлик масалалари бўйича мутахассислар билан кенгашмоқда.

Эрон давлат телевидениеси исбот келтирмай иддао қилишича, ўша ҳужум оқибатида “АҚШнинг камида 80 нафар террорчи аскари ўлдирилган”, яна “Айн ал-Асад” базасидаги вертолётлар, дрон ва бошқа воситаларга зарар етган.

Ироқ ҳарбийлари 22 та ракета учирилганини айтди. Айтишларича, “Ироқ ҳарбий хизматчилари орасида қурбон бўлганлар йўқ”.

Эроннинг олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий телевидение орқали гапириб, ҳужумни Қўшма Штатлар юзига тортилган “шапалоқ” деб атади.

Эрон мудофаа вазири Амир Ҳотамий давлат телевидениеси мухбирига, мабодо Вашингтон ўч оладиган бўлса, Эрон шунга “мутаносиб” куч билан жавоб беришини айтди.

‒ Биз қисқа масофага учувчи ракеталарни ишга солдик... Бу Америкага эсидан чиқмайдиган сабоқ бўлади, деб умид қиламан, ‒ деди Ҳотамий.

Ҳужумдан сўнг тарқалган хабарларда Франциянинг Air France ва Германиянинг Lufthansa сингари бир қанча йирик авиакомпаниялари Ироқ ва Эрон устидан ўтадиган маршрутларига ўзгартириш киритиши айтилмоқда. АҚШ авиакомпанияларига ҳам ўша жой устидан учиш тақиқланди.

Ҳужумлар Сулаймоний 7 январда дафн этилгандан сўнг уюштирилди.

Эроннинг ҳарбий раҳбарлари ва Ироқдаги эронпараст кучлар қўмондоннинг ўлими учун ўч олишга ваъда берган эди.

Бир кун олдин АҚШ мудофаа вазири Марк Эспер Вашингтонда журналистларга Эрон Сулаймонийнинг ўлими учун “қандайдир йўл ёки шаклда” ўч олажагини кутаётганини айтган эди.

− Биз ҳар қандай ҳолатга тайёрмиз. Улар нима қилса ҳам, тегишли тартибда жавоб берамиз, − дея огоҳлантирди у.

Жон Ҳопкинс университети профессори Стивен Дэвид “Америка овози” радиосига Эроннинг ўч олиши кутилмаган ҳолат бўлмаганини, бироқ Теҳрон ракетадан анча кучли бўлган баллистик ракеталар билан ўз ҳудудидан зарба берганидан ҳайрон қолганини айтди.

− Мен Эрон ўз ҳудудидан зарба берганидан ҳайрон қолдим... − деди Дэвид. – Ҳужум манбаи қаер бўлгани аниқ эди; улар бунинг учун баллистик ракеталардан фойдаланаётгани одамни ҳайрон қолдирди ва бу вазиятни оғирлаштириши аниқ”.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG