Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:43

Пахтаобод ҳокимини танқид қилиб келган блогер ҳибсга олинди (ВИДЕО)


Жўрабек Қимизов 2018 йилда "Adolat TV" Youtube каналини очган
Жўрабек Қимизов 2018 йилда "Adolat TV" Youtube каналини очган

Оддий андижонликлар муаммоларини ижтимоий тармоқларга муҳокамага олиб чиққан блогер Жўрабек Қимизов 26 февралда Пахтаобод туман ички ишлар ходимлари томонидан ҳабсга олинди. 38 ёшли пахтаободлик таксичи йигит фирибгарликда айбланмоқда.

Жўрабекнинг хотини Озодлик билан суҳбатда эрининг қамалишига унинг "маҳаллий ҳокимиятни танқид қилиб чиққани сабаб бўлди" деди.

Пахтаобод туман ҳокимлиги ва ички ишлар бўлими вакиллари бу масалада изоҳ беришдан бош тортмоқда.

Ҳайдовчи блогер Жўрабек Қимизов Андижон вилоят, Пахтаобод туман ички ишлар бўлимига 26 февралда чақиртирилди ва ўша куни ҳибсга олинди.

Ўзининг танқидий фикрлари ва видеолари билан танилган Жўрабек Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168- моддаси (Фирибгарлик) асосида айбланаётгани унинг яқинларига маълум қилинди.

Жўрабек Қимизовнинг рафиқаси Асилзода Холмирзаева Озодлик билан суҳбатда эрига нисбатан жиноят иши “буюртма” эканини иддао қилди:

- 26 февралда Пахтаобод туман ички ишларига чақиртирган экан - боргандик. Россияда эканида терговчи Жасур чақирган экан. Хўжайиним Россияда эканида менга хабар қилмасдан, эримга айтмасдан булар “Россияда экан!”, деб сиртдан суд қарорини чиқарибди. Бир одам икки йил олдинги йўқолган сумкаси устидан ички ишларга ёзиб берибди. Бу ишга улар яна бошқа битта-иккита ишларни қўшиб, номини кўпайтириб, жиноят иши қўзғатаяпти. Фирибгарликда айблаяпти экан - бошқа ҳеч нарсадан хабар топганим йўқ: терговчи саволларимга жавоб бермаяпти, прокуратура “жавоб хат орқали юборилади” деяпти, ўзи билан кўриштиришмаяпти.

Асилзода Холмирзаева Андижон вилоятидаги барча қамоқхоналарга бориб, Жўрабекнинг қаерда ушлаб турилгани тўғрисида маълумот ололмаётганини ҳам айтди.

Жўрабек 3 долларли бож тўловини бекор қилишни сўраб, таксичилар номидан мурожаат қилганди
Жўрабек 3 долларли бож тўловини бекор қилишни сўраб, таксичилар номидан мурожаат қилганди

Жўрабек Қимизов ўз вақтида Ўзбекистон чегарасидаги божхона пунктидаги вазият тўғрисидаги танқидий фикрларини Озодликка билдирган, у шунингдек, Москвада Ўзбекистон ҳукуматидан шу йилнинг 1 январида жорий қилинган чегара божини олиб ташлашни сўраб чиққан бир гуруҳ ўзбекистонлик такси ҳайдовчилари орасида ҳам бор эди.

"Эримнинг видеолари ҳокимнинг ғазабини келтирди!"

Жўрабек 2018 йилда "Adolat TV" номли канал очиб, видеоблогерлик бошлаганди. Унинг видеолари, хусусан, маҳаллий муаммоларни ёритишга бағишланганди.

Асилзода Холмирзаева муаммолар ўтган йилнинг октябрида Жўрабек пахтаободлик икки ночор ва ногирон аёл ҳақида чиқарган видеоларидан кейин бошланганини сўзлади.

- Шу видеолар сабаб бўлди. Иккита холани чиқарганди. Биттасини кўчадан уйимизга олиб келди, бизникида 2 ой яшади. Президентга видеомурожаат қилганди. Мени Пахтаобод ҳокими Маҳмуджон Бозоров чақиртириб “Бунақа видеоларни қилмасдан, эр-хотин қисиб юрларинг! Сенларда кучинг бўлса, менда тепароғи бор. Хулоса чиқар - 4 фарзандинг бор экан. Мен ёритган чироқларни, ўнглаган йўлларни чиқар - нима қиласан кампирларни чиқариб”, деди. Бизга ўшандан бери тазйиқлар бошланган - ички ишларга, ҳокимиятга чақиртираяпти. Жўрабек ёрдам берган Мавлуда аяни топишиб, “Жўрабекни устидан битта ариза етмаяпти қамашга - икки хонали уй билан таъминлаймиз, ариза ёзиб беринг!”, деб у хотинга айтган экан. У хотин ариза ёзмабди.

Пахтаобод туман ва Андижон вилоят раймийлари ҳозирча жим

Озодлик Жўрабек Қимизовга қўйилган айбловлар ва унинг рафиқаси қилаётган иддаолар масаласида Пахтаобод туман ички ишлар бўлими бошлиғи Азизбек Исломов билан телефон орқали боғланди. Бироқ, гап нима ҳақда кетаётганини эшитган Исломов телефонини ўчириб қўйди.

Қимизов ишини олиб бораётган Жасур исмли терговчи билан уланишнинг имкони бўлмади.

Аниқланишича, 23 октябрда Андижон вилоят ҳокимлиги Матбуот хизмати Facebookдаги расмий саҳифасида Жўрабекнинг постига жавобан “Пахтаободдан ёлғон хабар!” деб номланган видеони эълон қилган. Видеода айтилишича, президент номига қилган видеомурожаатида Мавлуда ая айтган барча гапларни унга Асилзода Холмирзаева ва унинг турмуш ўртоғи Жўрабек ўргатган.

Шунга қарамасдан, бир кўзи кўрмай қолган Мавлудахон ая Андижон давлат тиббиёт институтининг Кўз касалликлар клиникасига ётқизилгани хабар қилинди.

Лавҳа якунида Андижон вилоят ҳокимияти матбуот хизмати вакили “"Ижтимоий тармоқ орқали ёлғон хабар тарқатган фуқаролар эса қонун олдида жавоб беришлари муқаррар", дея хулоса қилади.

Пахтаобод туман ва Андижон вилоят ҳокимлигига ушбу лавҳанинг Жўрабек Қимизовнинг ҳибсга олинишига алоқаси бор-йўқлиги масаласида Озодлик қилган мурожаат ҳам ҳозирча жавобсиз қолди.

4 фарзанди билан бир ўзи қолган Асилзода Холмирзаева эса шу кунларда қўрқувда яшаётганини айтаркан, бундай деди:

- Қўрқяпман! Кечаси билан свет ва камера бор жойда машинага болаларимни солволиб юрдим.Уйга боргани, киришга ва свет ёқишга ҳам қўрқиб яшаяпман. Булардан ҳар нарса кутса бўлади. Ҳаммаси ўзини олиб қочаяпти: на ҳоким,на прокурор учрашяпти. Фамилиямни айтишим билан ҳаммаси ўзгариб қоляпти! Бизнинг Пахтаобод туманида ҳақиқат бўладими?

Асилзода Холмирзаева 10 йил олдик Пахтаободда қилинган ноҳақликлар туфайли Россияда яшаб келгани, ниҳоят янги президент даврида ўзгаришларга ишониб, болалари қистови билан юртга қайтиб келганини қўшимча қилди.

XS
SM
MD
LG