Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:01

"Руҳий касал"га чиқарилиб, мажбурий "даволанган" совет диссиденти вафот этди


Диссидент, ҳуқуқ ҳимоячиси ва ёзувчи Владимир Буковский.
Диссидент, ҳуқуқ ҳимоячиси ва ёзувчи Владимир Буковский.

Диссидент, ҳуқуқ ҳимоячиси ва ёзувчи Владимир Буковский Буюк Британияда 76 ёшида вафот этди. Унинг номи билан аталадиган марказдан хабар қилишларича, Кембриждаги касалхонада юраги уришдан тўхтаб қолган.

Буковский 1942 йил 30 декабрда Белебей (Бошқирдистон АССР) шаҳрида ёзувчи ва журналист оиласида эвакуацияда туғилган эди. Москвада ўқиди. 14 яшар ўсмир Хрушчёвнинг ХХ қурултойдаги маърузасини эшитгач, коммунистик мафкуранинг ашаддий душманига айланди. 1959 йили қўлёзма журнални чоп қилишда қатнашгани учун мактабдан ҳайдалди. Таълим олишни кечки мактабда давом эттирди.

1960 йили Юрий Галанский, Эдуард Кузнецов ва бошқалар билан бирга Москва шаҳридаги Маяковский ҳайкали пойида ёшларнинг доимий йиғинлари ташкилотчиларидан бирига айланди. Ўшанда Москва университетининг биология ва тупроқшунослик факультетидаги ўқишидан ҳайдалиб кетди.

1963 йили илк марта югославиялик сиёсатчи Милован Жиласнинг «Янги синф» китобини кўпайтиришга урингани учун ҳибсга олинди. Эс-ҳуши жойида эмас деб топилиб, Ленинграддаги руҳий касалликлар шифохонасига мажбурий даволашга жўнатилди. 1965 йил бошида ёзувчилар Андрей Синявский ва Юлий Даниэль ҳимоясига «ошкорлик митинги»ни тайёрлашда фаол қатнашди ва бунинг учун яна ҳибсга олиниб, касалхонага жойлаштирилди.

Учинчи марта 1967 йили Пушкин майдонида зиёлилар Александр Гинзбург, Юрий Галансков ва бошқаларнинг ҳибсга олинишига қарши норозилик намойишини ташкил қилгани учун қўлга олинди ва уч йилга кесилди. 1970 йил январида Москвага қайтиб келди ва ўзи қамоқдалик пайтида ташкил бўлган диссидентлар давраси етакчиларидан бирига айланди. Ўша пайти «Озодлик» радиоси эшиттиришида иштирок этиб, CBS телеканалига интервью берди.

Буковский 1972 йил 5 январида 7 йиллик қамоқ ва 5 йиллик сургунга кесилди – бу унинг сўнгги қамоқ муддати эди. 1976 йили сиёсий маҳбусни озод қилиш бўйича ўтказилган халқаро кампания натижасида ҳокимият идоралари уни Чили коммунистик партияси раҳбари Луис Корваланга алмаштирди.

У Буюк Британияда Кембриж университетини нейрофизиология ихтисоси бўйича тугатди, асарлар ёзди, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва сиёсий фаолият билан шуғулланди. 1980 йили СССРда бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларини бойкот қилиш кампанияси ташкилотчиларидан бири бўлди. 1983 йили Владимир Максимов ва Эдуард Кузнецов билан бирга “Қаршилик кўрсатиш интернационали” халқаро аксилкоммунистик ташкилотига асос солди ва президенти этиб сайланди. Афғонистонда асирга тушган совет аскарларини озод этиш билан машғул бўлди.

Буковский 1991 йил апрелида мамлакатдан чиқариб юборилганидан сўнг илк марта Москвага келди. 1991 йили РСФСР президенти сайлови чоғида Борис Ельцин штаби уни вице-президентликка номзодликка ҳам мўлжаллаётган эди. 1992 йили ҳуқуқ ҳимоячиси Россия ҳокимият идоралари таклифи билан РФ Конституцион судида “КПСС иши” бўйича расмий эксперт сифатида қатнашди.

У 2004 йилда ижтимоий-сиёсий “2008 йилги сайлов қўмитаси: Эркин танлов”нинг ҳаммуассисларидан бири бўлди, унинг таркибига яна Гарри Каспаров, Борис Немцов, кичик Владимир Кара-Мурза, Евгений Киселёв ва Россиянинг бошқа мухолиф сиёсий арбоблари кирган эди.

2007 йилда Буковский 2008 йилги президент сайловда демократик мухолифат гуруҳи номидан номзод қилиб кўрсатилди. Марказий сайлов комиссияси, сўнгги 10 йилда Россия ҳудудида яшамаган ва нима иш билан шуғулланиши номаълум, деган баҳона билан унинг аризасини қабул қилмади.

2014 йил мартида Россиянинг Лондондаги элчихонаси консуллик бўлими Буковский Россия ватандоши эканини исбот қила олмаслигини айтиб, унга паспорт беришдан бош тортди.

Буковский неча ўн йиллар давомида “Озодлик” радиоси эшиттиришлари меҳмони бўлди. Сўнгги йилларда оғир хасталикка чалиниб қолди, лекин ахборот воситаларига мақолалар ёзиш ва интервьюлар беришни давом эттирди.

“Мен пессимистман ва бунга хотиржам қарайман. Чунки ҳаммаси ўткинчи эканини биламан. Совет Иттифоқи тугаб кетди. Путин Россияси ҳам тугайди”, деб ёзган эди 75 ёшга тўлган куни

XS
SM
MD
LG