Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:31

Озодлик суриштируви: Мусулмонлар идораси қошидаги "Вақф" фонди маблағлари қаерга сарфланмоқда?


Ўзбекистон муфтийси Усмонхон Алимов "Вақф" фонди нон цехига дуо бермоқда. (Муфтият сайтидан олинган фото)
Ўзбекистон муфтийси Усмонхон Алимов "Вақф" фонди нон цехига дуо бермоқда. (Муфтият сайтидан олинган фото)

2019 йилнинг апрель ойида ​"Вақф" хайрия жамоат фондининг раиси Искандар Халилов тақрибан 32600​ доллар турувчи Малибу-2 русумли хизмат машинаси сотиб олгани ижтимоий тармоқларда кучли баҳсларни уйғотди.

Тармоқ фойдаланувчиларининг кўпи хайрия ҳисобига фаолият юритувчи ташкилот раҳбариятини исрофгарчилик учун танқид қилди.

"Малибу можароси" унитилаёзган бир пайтда “Вақф” хайрия жамоат фондининг бир-биридан мустақил икки ходими Озодлик билан мулоқотлар давомида фонд раҳбарларини хизмат ваколатларини суиистеъмол қилаётганликда, хайрия маблағларини назорат қилиш ва сарфлашда шаффофликни таъминламаётганликда айблаб чиқди.

Уларнинг иддаолари ўта жиддий бўлгани учун Озодлик мавзу юзасидан суриштирув ўтказишга қарор қилди.

Суриштирув давомида қуйидаги саволларга жавоб изланди:

Ўзбекистондаги масжидларга фуқаролардан тушаётган садақа, закот, фитр ва бошқа маблағлар қаерга сарфланмоқда?

Ўзбекистондаги юзлаб муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳларда қолдирилаётган хайр-эҳсонларчи?

Йилига тўпланадиган миллиардлаб сўм қандай назорат қилинади?

"Вақф"

"Вақф" фонди Адлия вазирлиги рўйхатидан 2018 йилда ўтган эди
"Вақф" фонди Адлия вазирлиги рўйхатидан 2018 йилда ўтган эди

2018 йилнинг 18 апрелида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат мусулмонларининг закот, фитр ва бошқа хайрия маблағларини тўплаш ва сарфлашга масъул ягона ташкилот - "Вақф" хайрия жамоат фондини таъсис этиш ҳақида фармон чиқарди.

Орадан бир ой ўтиб Адлия вазирлиги расман рўйхатга олган “Вақф” хайрия жамоат жамғармасига, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 августдаги 708-Ф-сонли фармойишига мувофиқ, Ўзбекистондаги 189 та муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳлар “текин фойдаланиш шартномаси асосида” бириктириб берилди.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси қошида иш бошлаган “ташкилотнинг асосий мақсади кўп асрлик миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, дунё илм-фан ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган аждодларимизнинг бебаҳо меросини ўрганиш, халқимизга азал-азалдан хос бўлган маърифатпарварлик, бағрикенглик, меҳр-мурувват, бунёдкорлик каби эзгу фазилат ва қадриятларни давом эттиришга кўмаклашиш ҳисобланади”.

"Вақф" хайрия жамоат фонди "тарихий ва меъморий аҳамиятга эга зиёратгоҳларни сақлаш, таъмирлаш, ободонлаштириш, уларнинг инфратузилмасини янада ривожлантиришга масъулдир".

Жамғарма фаолияти, шунингдек, "аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш"ни қамраб олади.

Ўткан салкам 1,5 йил ичида...

Озодлик ихтиёрида мавжуд расмий ҳужжатларга кўра, "Вақф" хайрия жамоат фонди "хайрия", "вақф", "масжид", "зиёратгоҳлар" сингари 16 та ҳисоб рақами очган.

2018 йилда фонднинг биргина "зиёратгоҳлар" ҳисоб рақамига вақф ихтиёрига ўтган 137та зиёратгоҳ ва қадамжодан 3,5 миллиард сўмдан кўпроқ (салкам 400 минг АҚШ доллари) келиб тушган.

“Вақф” хайрия жамоат фондининг бир-биридан мустақил икки ходими Озодлик билан мулоқотлар давомида фонд мутасадди раҳбарларини хизмат ваколатларини суиистеъмол қилаётганликда ҳамда хайрия маблағларини назорат қилиш ва сарфлашда шаффофликни таъминламаётганликда айблаб чиқди.

Босимга учраш ва интизомий жазога тортилиш эҳтимолидан қўрқиб, ўз исмини ошкор этмасликни сўраган фонд икки ходимидан бири қуйидаги даъволарни илгари сурди:

  • “Вақф” фонди штатида бўлган 24 шахснинг 12 нафари “ё умуман ишга келмайди ёки ора-сирада кўриниш беради”;
  • “Вақф” ходимлари қурилиш ва дала ишларига жалб қилинмоқда;
  • “Вақф” фондига қарашли Тошкент вилоояти Қибрай тумани Салам ШФЙ ҳудудидаги 16 гектар ер майдонига экилган гул ва кўчатлар қаровсиз аҳволда ётибди;
  • “Вақф” фондига берилган айни ер майдонида барпо этилган нон ва нон маҳсулотлари цехи бир неча кун ишлаб, яна беркитилган;
  • “Вақф фонди” Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги “Оқтепа” масжиди ҳудудида очган "Вақфмед" дорихонаси “номига ишламоқда”.

Айни даъволарни қувватлаган “Вақф”нинг иккинчи ходими исбот сифатида фонднинг ўнлаб ички ҳужжатлари, буйруқлари, йўриқномалари, молиявий ҳисоботлари, фото, аудио ва видео файлларини Озодликка йўллади.

Кадрлар муаммоси

“Вақф” фонди ходимининг иддао қилишича, жамғармадан маош олаётган 24 нафар ходимнинг ярми “ё умуман ишга келмайди ёки ора-сирада кўриниш беради”.

Барча пул билан боғлиқ ишларда самарқандлик ёхуд Самарқанднинг Ургут туманидан иш бошқарувчилар қўйилган. Улар бевосита фонд раҳбари ёки мусулмонлар идора кадрлар бўлими бошлиғининг қариндошлари бўлиб чиқади,” деди “Вақф” фонди ходими.

“Вақф”нинг иккинчи ходими томонидан Озодликка йўлланган рўйхатда фондда ишлаётган масъул ходимларнинг аксар ходимлари Самарқанд вилоятидан эканини кўриш мумкин.

"Вақф" ходимлари
"Вақф" ходимлари

“Вақф” хайрия жамоат фонди ходимининг қўшимча қилишича, ташкилотда ҳозирга қадар иш тақсимоти мавжуд эмас.

Мисол учун, Вақфнинг уч нафар ходими ўз иш жойида функционал вазифаларини бажариш ўрнига, Сурхондарёда қурилиш ишларига жалб қилинган. Бу ишларни соҳа мутахассиси бир неча кунда бажариши мумкин. Лекин ходимлар ойлаб у ерда ишлашяпти - ҳам “ўз ишларини” бажаришмаяпти, ҳам ишхонадан ойлик олишяпти,” деди у.

Вақф ходимлари қурилиш ишларида
Вақф ходимлари қурилиш ишларида

Озодлик ихтиёрида мавжуд суратда фонд котибининг вақфнинг қурилиш ишларида қатнашаётганини кўриш мумкин.

Вақф ери ва нон цехи

2019 йилнинг март ойида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Тошкент вилояти Қибрай тумани ҳудудидаги жами 16 гектар ер майдони ҳамда ушбу ҳудудда қурилиши бошланган бинолар Ўзбекистон мусулмонлари идораси ўзига қарашли "Зироат барака" хўжалик жамияти ерларини "Вақф" хайрия жамоат фондига вақф мулки сифатида беғараз ўтказиб берди.

Ушбу ер майдонларида барпо этилган иссиқхоналарга гул ва лимон кўчатлари ўтказилди, экин ерларига картошка экилди.

16 гектар ер ва нон цехи "Вақф" фондига топширилган эди
16 гектар ер ва нон цехи "Вақф" фондига топширилган эди

15 апрель куни айни ҳудудда “Вақф” ўзининг нон ва нон маҳсулотлари цехи тантанали равишда очилганини эълон қилди.

Муфтий "Вақф" фонди очган нон цехига дуои фотиҳа бермоқда
Муфтий "Вақф" фонди очган нон цехига дуои фотиҳа бермоқда

“Вақф” матбуот хизмати дастлабки нон маҳсулотлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси Усмонхон Алимовнинг “дуои хайрлари билан” чиқарила бошланганини хабар берди.

Қиймати 492 миллион сўмдан ошиқроқ бўлган ушбу цехда тайёрланган маҳсулотлар Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида жойлашган Республика болалар руҳий-асаб касалхонасида даволанаётган болаларга хайрия сифатида улашилгани қайта-қайта таъкидланди.

“Вақф” матбуот хизмати тайёрлаган видеороликда цехда тўққиз турдаги нон маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, дўконлар орқали сотилиши ва тушган фойда ҳисобидан меҳрибонлик, қариялар ва ногиронлар уйларига хайрия сифатида тарқатилиши маълум қилинди.

"Вақф" нонвойхонаси беркилган
"Вақф" нонвойхонаси беркилган

Аммо Озодликка шикоят қилган ходимларининг айтишича, “икки-уч марта” буханка нон чиқарган цех ҳозир беркилган.

Буханка ва нон маҳсулотлари, аслида, шаҳар аҳолиси эҳтиёжидан келиб чиқиб, ташиб етказиш каби ҳолатларни ҳисобга олиб, ташкил қилинади. Цех ҳалигача бекор ётибди. Пиар учун икки уч марта нон чиқаришди, нонни нима қилишни билмай текинга тарқатворишди. Ваҳоланки, бемаслаҳат, ҳисоб-китобсиз қилинган “бизнес”дан бошқача натижа кутмаса ҳам бўларди. Асосийси, “пиар” кучли бўлгани учун ҳеч ким сўрамайди ҳам натижани?! Талон-торож - бу халқнинг омонатига хиёнат эмасми?” дея ёзғирди фонд ходими.

Цех жойлашган ҳудудга борган Озодлик мухбири корхонанинг ҳақиқатан ҳам берк турганига шоҳид бўлди.

"Вақф" ўтказиб берилган экин ерлари ва нон цехи
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:01 0:00

Мобил мухбир йўллаган видеотасвирлардан цехнинг ëпиқ экани, иссиқхонага экилган гул ва лимон кўчатлари қаровсиз турганини кўриш мумкин.

Видеотасвирлардан вақф ерларининг баъзи жойлари бўш ётгани ҳам намоён бўлади.

“Вақф” ходими экин ерлари вақф томонидан ижарага берилса, мақсадга мувофиқ бўларди деган фикрда.

Бириктирилган ерда фонд ходимлари 3-4 ой ишлади. Фонд ходимлари гул, лимон кўчатлари топтириб келиб ўзлари экишди. Қолганига картошка эктирди. Картошка хосили йиғиб олинди. Ҳеч ким нима қилишни билмасди. Иссиқда чирий бошлагандан раҳбар биринчи ўринбосари картошкани янги қурилаётган масжидларга аввал саралаб тарқаттирди. Ерни ўз эгасига ижарага бериш керак эди. Эссиз ерга шунча пул тикилди. Ходимларга берилган ойликларчи?

“Вақфмед”

Вақфмед очилиш маросими
Вақфмед очилиш маросими

2019 йил 23 июлда “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида “Вақфмед” дорихонаси ташкил этилди.

Дорихонани Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси Усмонхон Алимовнинг шахсан ўзи очиб берди.

“Вақф” фонди матбуот хизматига кўра, “Вақфмед” дорихоналар тармоғи Ўзбекистон бўйлаб барча ҳудудларда ташкил этилиши Фонд томонидан режалаштирилган бўлиб, ушбу тармоқлардаги савдо-сотиқдан тушган маблағ вақф мулкини тасарруф этиш ва хайрия ишларига йўналтирилади.

Дорихоналарнинг “Ислом қуввати. Ватан равнақи. Халқ манфаатлари учун” шиори остида фаолият юритиши таъкидланди.

"Вақфмед" аптекаси очилган кун
"Вақфмед" аптекаси очилган кун

Вақф дорихонасига юздан ортиқ номдаги дори маҳсулоти келтирилган бўлиб, уларнинг тури кундан-кун кўпайишда давом этади. Дорихона замонавий ҳисоб-китоб техникаси билан таъминланган бўлиб, савдо жараёнини аниқликда олиб боришда муҳим аҳамиятга эга,” дея хабар берди “Вақф” фонди матбуот хизмати.

Бироқ Озодлик билан суҳбатлашган “Вақф” ходимига кўра, ушбу аптека “кўзбўямачиликдан бошқа нарса эмас”.

Номига зарарга ишлайдиган фирма очилди. Кўргазма учун ижарага дорилар ва сотувчилар олиб келинди. Тадбирдан сўнг барчаси эгаларига қайтарилди. Ҳозирда тўрт ойдан бери уч нафар ходимга ойлик хисобланмоқда,” деди у.

Озодлик мобил мухбири “Олтинтепа” масжиди ҳудудида жойлашган аптекани бориб, кўздан кечирди.

Унга кўра, аптекадаги дори-дармонлар тури бармоқ билан санагулик.

"Вақфмед" аптекаси
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:22 0:00

Жавобсиз изоҳ

"Вақф" ходимлари илгари сурган даъволар ва ўз суриштирувига ойдинлик киритиш мақсадида Озодлик бир неча кун давомида “Вақф” жамоат жамғармаси бошқарув раиси Искандар Халиловга боғланишга бир неча бор муваффақиятсиз уриниб кўрди.

Ниҳоят 17 сентябрь, куннинг иккинчи ярмида Озодликка қайта қўнғироқ қилган Искандар Халилов илгари сурилган даъволарга изоҳ беришга розилик билдирди.

Аммо, қисқа суҳбат ортидан, вақф жамоат жамғармаси бошқарув раиси мобил телефонини ўчириб қўйди ва Озодлик мухбирининг икки кун давомида қилган қўнғироқларини жавобсиз қолдирди.

"Вақф" ходимининг айтишича, 18 сентябрь куни Искандар Халилов ўз қўли остидаги ходимларни йиғиб, оммавий ахборот воситаларига гапирмасликни қатъий тайинлаган.

Лекин апрель ойида “Вақф” раиси Искандар Халилов Озодликка Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган энг қимматбаҳо машинанинг нима учун сотиб олинганига изоҳ берган эди.

Ўшанда Искандар Халилов, "Малибу-2" сотиб олиш заруратини биринчидан, яқин ва узоқ хориждан меҳмонларни муносиб кутиб олиш, иккинчидан, вилоятларга хизмат сафарлари кўплиги, шунинг учун қулай ва кучлироқ автомобилга эҳтиёж мавжудлиги билан изоҳлаган эди.​

"Вақф" хайрия жамоат фонди раҳбари Искандар Халилов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:17 0:00
Бевосита линк


Постскриптум: Ҳозирда Озодлик Халқаро Ислом Академияси ҳақида суриштирув олиб бормоқда. Унда Академиядаги коррупцион схемаларга шерик бўлишни истамаган шарқшунос олим, Ўзбекистон Фанлар Академиясининг академиги Неъматулло Иброҳимовнинг ишдан олиниш тарихига батафсил тўхталади.

XS
SM
MD
LG