АҚШ Давлат департаменти Миллий жамоатчилик радиоси (NPR) мухбирини Давлат котиби Майк Помпеонинг Украина ва яна тўртта мамлакатга сафарини ёритувчи журналистлар рўйхатига киритмади.
NPR билан Давлат департаменти фаолиятини ёритувчи журналистлар аъзо бўлган Давлат департаменти мухбирлари уюшмасининг (SDCA) 27 январда маълум қилишича, Мишел Келемен сафар қилувчилар рўйхатидан чиқариб ташланган.
Бунга Келемен ҳамкасбининг Помпео билан суҳбати сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда. Давлат котиби олдинроқ NPR мухбири Мэри Луиза Келлининг Украина ҳақидаги саволидан жаҳли чиқиб кетган эди, деди SDCA вакили.
“Давлат департаментининг давлат котибларига сафари чоғида журналистлар ҳамроҳлик қилишидай кўпйиллик анъанаси бор ва биз уюшмамизнинг бирор аъзоси жазоланишини номақбул деб ҳисоблаймиз”, деди уюшма раҳбари берган баёнотида.
Давлат департаменти NPR журналисти сафар қилувчилар рўйхатидан нима учун чиқариб ташланганига изоҳ бермади.
Келли 24 январда Помпеодан интервью олган эди.
Унинг айтишича, давлат котибининг жаҳли чиқиб кетган ва ундан АҚШнинг Украинадаги элчиси Мари Йовановични ҳимоя қилиш тўғрисида савол сўраганда, интервьюни давом эттиришдан бош тортган. Элчини президент Дональд Трамп бўшатиб юборган эди.
Келлининг айтишича, шундан сўнг ундан суҳбатни давом эттириш учун Помпеонинг шахсий меҳмонхонасига кириш сўралган, Помпео унга қараб қичқирган ҳамда аксарият америкаликлар Украина қаерда жойлашганини билмаслигини айтиб сўкинган.
Помпео журналистдан, “Америкаликлар Украина ҳақида қайғуради, деб ўйлайсизми?” деб сўраган.
NPR Помпеонинг баёнотига жавоб берди ҳамда Келли “ўта ҳалол” журналист экани, унинг билдирган фикрларига радиостанция масъул эканини айтди.
Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси ҳам Помпеони танқид қилиб баёнот берди, унда давлат котибининг муносабати Трамп маъмуриятининг матбуотга “душман кўзи” билан қараётгани аломати деб баҳоланди.
Трампнинг иттифоқчилари Йовановични президент сиёсий рақибининг Украинадаги ишини тергов қилишга тўсиқ бўлишда айблади. Трамп ўтган йил июлида Украина президенти Володимир Зеленский билан телефон орқали суҳбати чоғида Йовановични “ёмон хабар” деб атаган эди.
Айни пайтда АҚШ Конгрессида ўтган ойда Демократлар партияси вакиллари кўпчиликни ташкил қилувчи Намояндалар палатаси Трампга қарши иккита айблов: хизмат вазифасини суиистеъмол қилиш ва Конгрессга қаршилик кўрсатиш бўйича импичмент эълон қилгани ортидан тинглов жараёни бўлиб ўтмоқда.
Иккала айблов ҳам – ёки импичмент билан боғлиқ моддалар – президентнинг Украинага муносабати билан боғлиқ.
Помпеонинг чет эл сафари 29 январда бошланади.
У Беларусь, Қозоғистон ва Ўзбекистонга ташриф буюради. Учала мамлакатда ҳам матбуот эркинлиги билан боғлиқ муаммолар мавжуд.
Сафардан маҳрум қилинган журналист Давлат департаменти фаолиятини 20 йилдан бери ёритиб келаётган эди, унга нега сафарга борувчи журналистлар қаторига киритилмагани сабаби айтилмади.