Тошкент шаҳар прокуратураси “Human” бандлик агентлиги” директори, 29 яшар Шохнур Ф. устидан Жиноят кодексининг “Фирибгарлик" моддаси (168-модда) бўйича жиноят иши қўзғади.
Бу ҳақда хабар қилган Тошкент шаҳар ИИББга кўра, Шохнур Ф. "жуда кўп миқдорда” (168-модданинг 4-қисми “а” банди) фирибгарлик қилганликда айбланмоқда.
“Human” бандлик агентлиги”га доир бу янгилик Озодликнинг шу МЧЖ билан боғлиқ мақоласи эълон қилинганидан бир неча кун ўтиб пайдо бўлди.
Тошкент шаҳар ИИББга кўра, 16-сентябрда Тошкент шаҳар Яккасарой тумани ИИО ФМБга жамоавий ариза келиб тушган.
ИИББ хабарида бундай дейилган:
Жами 52 кишидан ташкил топган ва республиканинг турли ҳудудларида истиқомат қилувчи аризачилар маълум қилишларича, улар Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан 2018-йил ноябрь ойида тақдим этилган тегишли лицензияга эга бўлган “Human” бандлик агентлиги” МЧЖ билан 2018-йилнинг ноябрь ойидан 2019-йилнинг сентябрь ойигача шартномалар тузишган.
Шартномаларга кўра, МЧЖ уларни Европа давлатларида, хусусан, Германия, Чехия, Япония, Туркия, Болгария ва Литвада ишга жойлаштириш мажбуриятини ўз зиммасига олган. Бунинг учун ҳар бир аризачи МЧЖнинг ҳисоб рақамига 18 дан 35 миллион сўмгача бўлган миқдордаги маблағни кўчирган.
Шу тарзда “Human” бандлик агентлиги” МЧЖнинг ҳисоб рақамига 52 нафар аризачилардан умумий миқдорда 1 670 500 000 сўм келиб тушган.
Бироқ аризачилардан ҳеч бири чет элда ишга жойлаштирилмади. МЧЖ жабрланувчиларга пулларни қайтариб бермаганлиги ҳақида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ўзининг расмий сайтида хабар берган эди
Тергов-олди ҳаракатлари Яккасарой тумани ИИО ФМБ ва прокуратураси томонидан ҳамкорликда олиб борилди. Натижада Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси, 4-қисми “а” банди (“Фирибгарлик, жуда кўп миқдорда”) бўйича жиноий иш қўзғатилди. Ҳозирги вақтда айбланувчи сифатида ушбу МЧЖ директори 29 ёшли Шохнур Ф. жалб қилинди.
Юқоридаги аризачилардан ташқари, ҳозирги вақтда республиканинг бошқа вилоятларидан ҳам аризачилар мурожаат қилишмоқда.
Агарда сиз ҳам ушбу агентлик ҳаракатларидан жабр кўрган бўлсангиз ёки ушбу иш бўйича маълумотга эга бўлсангиз, 71-230-98-40 рақами орқали мурожаат қилинг.