Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:46

Блогер: "Президентнинг ИИБ мулкига оид топшириғи коғозда қолиб кетмоқда"


OzodMaktub рукнида самарқандлик блогер Мирзо Субхановдан 23 октябрь куни Озодликка келган мактуб-мақолани эътиборингизга ҳавола қилаяпмиз. Мақолага илова қилинган ҳужжатлар нусхаси ва фотолар ҳам блогер томонидан тақдим этилди.

Озодлик блогернинг мақоласида келтирилган фактларни, OzodMaktub рукни форматидан келиб чиқиб, қўшимча ўрганмади.

Эътиборингизга ҳавола қилинаётган қуйидаги матн таҳрирсиз, муаллифнинг сарлавҳаси, имлоси ва стилистикасини сақлаган ҳолда берилмоқда.

***

Президент Мирзиёевнинг ички ишлар мулкининг талон-тарож қилинганлиги юзасидан қонуний чоралар кўриш бўйича берган топшириғи коғозда қолиб кетмоқда

Жорий йилнинг 12 июль куни Самарқанд шаҳрининг Европа услубида қурилган тарихий қисмидаги Отатурк кўчаси 13-уйда жойлашган 3-сонли шаҳар милиция бўлими биноси ўзбошимчалик билан бузиб ташланиб ўрнида навбатдаги ноқонуний уй-жой қурилиши бошлаб юборилганлиги бўйича Kun.uz нашри орқали хабар берган эдик.

Орадан икки ҳафта ўтиб Президент Шавкат Мирзиёев 26 июль куни Самарқанд вилоятига ташрифи давомида Самарқанд шаҳри Отатурк кўчаси 13-уйда олиб борилаётган ноқонуний қурилиш ишларига шахсан эътибор қаратган эди. Президентнинг Самарқандга ташрифи юзасидан расмийлаштирилган 30-сонли мажлис баёнининг 41-бандида Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимовга Бош прокурор Н. Йўлдошев билан биргаликда «ЮНЕСКОнинг мурожаатларида акс эттирилган, бугунги кунда кўплаб эътирозларга сабаб бўлаётган Самарқанд шахридаги Отатурк кўчаси 13-уйда олиб борилаётган қурилиш ишларини батафсил ўрганиб чиқиб, қонуний чоралар кўрилишини таъминлаш» буюрилган:

30- мажлис баёни
30- мажлис баёни

Ички Ишлар Вазирлиги тасарруфидаги давлат мулки бўлган 3-сонли шаҳар милиция бўлими ўзбошимчалик ва шошма-шошарлик билан бузиб ташланганлиги, унинг қурувчи ташкилот МЧЖ «Буран Қурувчи Сервис» томонидан ноқонуний эгаллаб олинганлиги (суд қарори мавжуд) ва бино ҳудудидан 4 минг куб метр тупроқ олиб чиқиб кетилганлиги ўзининг расмий тасдиғини топди.

Шунга қарамасдан давлат стратегик объекти бўлган шаҳар милиция бўлимини бузиб ташлаганлар жавобгарликка тортилмаган, милиция бўлимини ноқонуний эгаллаб олган қурувчи эса бор йўғи бир миллион сўм маъмурий жарига тортилган холос. Самарқанд шаҳар маъмурий суди раиси О.Пардаев томонидан чиқарилган ҳал қилув қарорида милиция бўлими ноқонуний эгаллаб олинганлиги ўз тасдиғини топган, лекин бунинг натижасида давлатга етқазилган юзлаб миллион сўм моддий зарар судьянинг эътиборидан четда қолиб кетган:

Орадан икки ой ўтиб ҳам Президент Мирзиёевнинг топшириғи мавжудлигига қарамасдан 3-сонли шаҳар милиция бўлимининг бузиб ташланганлиги, унинг ноқонуний эгаллаб олинганлиги ва унинг ҳозирги ҳолати шаҳар кўркини бузаётган вайрон ҳолати бартараф этилмаганлиги юзасидан на мулк эгаси Ички Ишлар Вазирлиги ва на президент топшириғига масъул Самарқанд вилоят ҳокимлиги билан Бош прокуратура расмий муносабат билдирганлар:

Объектнинг шу кундаги ҳолати
Объектнинг шу кундаги ҳолати

Давлат мулкини талон-тарож қилиб бир миллион маъмурий жарима билан қутилган «Буран қурувчи сервис» МЧЖ блогернинг Kun.uzда эълон қилган мақоласи юзасидан уни судга берган ва ундан маънавий зарар тўлаб беришни талаб этиб келмоқда. «Бизнинг ор-номус, қадр-қиммат ва ишчанлик обрў-эътиборимизни ҳақоратловчи маълумотларни тарқатиш туфайли бизга маънавий зарар етказилди, ушбу маънавий зараримизни 500.000.000 (беш юз миллион) сўм миқдорида баҳолаймиз», дейилган курувчи аризасида.

Давлат мулкини ноқонуний эгаллаб олиб талон-тарож қилган қурувчи ўз «ор-номус, қадр-қиммат ва ишчанлик обрў-эътибори»ни ярим миллиард сўмга баҳолаган экан, давлатимизнинг «ор-номус, қадр-қиммат ва ишчанлик обрў-эътибори» қанча турар экан?

Президент Мирзиёевнинг Самарқанд шаҳридаги Отатурк кўчаси 13-уйда жойлашган ички ишлар мулкининг ноқонуний эгаллаб олиниб талон-тарож қилинганлиги юзасидан қонуний чоралар кўриш бўйича шахсан берган топшириғи ижроси бўйича Ички Ишлар Вазирлиги, Самарқанд Вилоят Ҳокимлига ва Бош прокуратурадан расмий муносабат кутиб қоламиз.

Мирзо Субхонов

Эслатма​: OzodMaktub рукни остида чоп этиладиган фикрлар муаллифнинг шахсий қарашлари ифодасидир. Бу рукнда берилган материаллар муаллифлари қарашлари Озодлик қарашларига мос келмаслиги мумкин.​

XS
SM
MD
LG