Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:04

Пандемия даврида қийналган тадбиркорлар ёшларни иш билан таъминлашга мажбурланмоқда


Расмий статистикага кўра, Ўзбекистонда 18-30 ёш орасидаги фуқароларнинг 17 фоизи ёки қарийб 1 миллион нафари ишсиз
Расмий статистикага кўра, Ўзбекистонда 18-30 ёш орасидаги фуқароларнинг 17 фоизи ёки қарийб 1 миллион нафари ишсиз

Ўзбекистонда "Ҳар бир тадбиркор-ёшларга мададкор" дастурини амалга ошириш жараёнида жойларда хусусий ширкатлардан ишсиз ёшларни иш билан таъминлаш сўралмоқда.

Озодлик суҳбатлаш хусусий бизнес эгалари пандемия боис қийин аҳволга тушиб қолганликларига қарамасдан 18-30 оралиғидаги ёшларни иш билан таъминлашга мажбурланаётганликларини айтишди.

Расмий статистикага кўра, Ўзбекистонда 18-30 ёш оралиғидаги фуқароларнинг 17 фоизи ёки қарийб 1 миллион нафари ишсиз.

Расман қайд этилмаган ишсизлар сони эса бундан анча кўплиги тахмин қилинади.

"Ҳар бир тадбиркор-ёшларга мададкор" дастури доирасида 2021 йилда мамлакат бўйича камида ярим миллион ёшни иш билан таъминлаш кўзда тутилган.

Ўзбекистонда жорий йил бошидан "Ҳар бир тадбиркор-ёшларга мададкор" умумхалқ ҳаракати эълон қилинди.

Унга мувофиқ, ёши 18-30 оралиғида бўлган ишсиз қатламни иш билан таъминлаш тадбиркорлар зиммасига юклатилади.

Бунинг эвазига тадбиркорларга имтиёзлар ваъда қилинмоқда.

Аммо пандемиядан зарар кўрган айрим кичик ва ўрта бизнес эгалари қўшимча ишчи олиш ўзларига оғир юк бўлаётганини айтишмоқда.

"Ўлганнинг устига тепгандай бўляпти"

Шахси очиқланмаслигини сўраган бухоролик тадбиркор Озодлик билан суҳбатда янги олинадиган ишчиларга ойлик тўлаш учун етарли маблағи йўқлигини айтади.

"Кандолатчилик цехимиз бор. Оилавий бизнес. Анови куни Давлат хизматлари агентлигининг Бухоро вилояти бошқармасидан келиб, 5та одамни ишга оласан, деяпти. Қўлида тайёр ёзилган кафолат хати. Ўзи минусдаман, карантин пайти олти ой ишламадик. Ҳозир ўлганни устига тепгандай бўляпти. Ишга олсам енгиллик бўлар экан. "Лекин мен уларни ойлигини қандай тўлайман?", десам "сиз шу тилхатга қўл қўйинг у ёғи бир гап бўлар", дейди. Қўл қўйиб бердим, - дейди тадбиркор.

Автомобилларни таъмирлаш билан шуғулланадиган хоразмлик тадбиркор Рустам Рўзметов ҳам қўшимча ишчи олишга қурби йўқлиги, лекин бунга кўнмаса "қора рўйхат"га тушиб қолишдан қўрқишини айтди.

"Шогирд қилиб бўлса ҳам ҳеч бўлмаса икки одамни ишга ол, деяпти. Ўзи минусдаман. Ишга олсам ойлигини қаердан бераман? Ишга олмасам эртага налоговий келади, у қилади, бу қилади. Шундай босим бўляпти бизнесга", - дейди Рўзметов.

Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида ҳам Давлат хизматлари агентлиги ходимлари ўрта ва кичик бизнес эгаларидан ёшларни ишга олиш борасида тилхатлар олишга сафарбар этилган.

Давлат хизматлари агентлиги ходимлари ёшларни ишга олишга тадбиркорларни кўндиришга сафарбар этилди.
Давлат хизматлари агентлиги ходимлари ёшларни ишга олишга тадбиркорларни кўндиришга сафарбар этилди.

Давлат хизматлари агентлигининг Самарканд вилоят бошқармаси ходимига кўра, улар ишдан ташқари вақтларда ҳам тадбиркорларни ёшларни ишга жойлаштирганига оид ҳисоботларни тўплаш билан банд.

"Мана неча кундирки, туман ва шаҳар марказ ходимларини тадбиркорларга ёшларни ишга жойлаштириш бўйича қўшимча равишда ишдан ташқари кечгача ҳисобот сўралмоқда ва ишдан бўшатиш, интизомий жазо чораларини қўллаш юзасидан вазифалар берилмоқда. Марказ ходимлари фуқаролар билан ишласинми ёки тадбиркорларга ноқонуний ишга жойлаш бўйича ишларни амалга оширсинми?, - дейди Давлат хизматлари агентлигининг исми очиқланмаслигини сўраган ходими.

У бандлик бўйича тўпланган ҳужжатлар нусхасини Озодликка тақдим қилди.

Давлат хизматлари агентлиги ходимлари ёшларни ишга олишга тадбиркорларни кўндиришга сафарбар этилди.
Давлат хизматлари агентлиги ходимлари ёшларни ишга олишга тадбиркорларни кўндиришга сафарбар этилди.

"Навбатдаги ёлғон"

Озодлик билан суҳбатда бўлган Давлат хизматлари агентлигининг баъзи ходимлари талабни бажариш учун иш берувчидан номига бўлса ҳам тилхатларга қўл қўйдириб олишга мажбур бўлаётганликларини айтишади.

"Ҳаммаси сохта, номига қилиняпти, ҳокимликка мана шунча иш билан таъминланди, деб ҳисобот беришса бўлди", - дейди Давлат хизматлари агентлигининг Самарқанд вилоят бошқармаси ходими.

Озодлик Ўзбекистон Давлат хизматлари агентлигидан бу иддао юзасидан изоҳ ололмади. Агентликнинг расмий сайтида келтирилган матбуот хизмати телефонига кун давомида боғланиб бўлмади.

Ўзбекистоннинг 35 миллионли аҳолисидан 20 миллион киши меҳнатга лаёқатли ёшда.

Турли ҳисоб-китобларга кўра, ишлаш лаёқатли ўзбекистонликларнинг 5-6 миллиони хорижий давлатларда доимий ёки мавсумий меҳнат билан банд.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитасининг ўтган йил октябрь ойида эълон қилган сўнгги ҳисоботида эса мамлакатда ишсизлик даражаси 13 фоизни ташкил этгани айтилади.

Расмий рақамларда бундан олдин ишсизлик 9 фоиз қилиб кўрсатилган, ишсизлар сонининг 4 фоизга ортишига эса пандемия туфайли қатор корхоналар фаолиятини тўхтатиши сабаб бўлган.

Озодлик ўтган ҳафта Хоразмнинг Питнак шаҳридаги Артел корхонаси олдида ишга кириш учун минглаб одам тўплангани ҳақида хабар берган эди.

Шунча одам ишсизми? Хоразмда "Артел"га ишга кириш учун минглаб одам тўпланди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:57 0:00

Ишсиз одамлар издиҳоми акс этган Озодлик видеоси остида шарҳ қолдирган айрим ўзбекистонликлар нафақат Хоразм, балки бутун мамлакатда ишсизлик билан боғлиқ вазият ўхшаш эканини айтишган.

Ўтган ой ёшлар бандлиги мавзусидаги селектор мажлисида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам ишсизлик расмий статистикада келтирилганидан анча кўп эканини тан олган эди.

"Бечора болалар ишсиз юрса, мен кабинетда қандай тинч ўтираман?, -деган президент Мирзиёев.

Ўзбекистон раҳбари ўз чиқишида мамлакатда 18-30 ёш оралиғидаги фуқароларнинг 17 фоизи ёки 844 минг нафари ишсиз эканини билдирган. У расман қайд этилмаган ишсизлар сони бундан-да кўп эканини ҳам таъкидлаган.

"Масалан, Фарғона вилоятида 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган 703 минг фуқаронинг 81 минг нафари ишсиз сифатида рўйхатга олинган. Қайта ҳисоб-китоблардан сўнг бу рақам яна 100 мингга кўпайган".

Мирзиёев ишсиз ёшларнинг расмий сонидаги бундай ноаниқликлар бошқа ҳудудларда ҳам кузатилаётганини қўшимча қилган.

XS
SM
MD
LG