Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:21

Президент қарори: Пахта етиштириш режаси, унинг харид нархини белгилаш амалиёти бекор қилинади


Қарорга биноан пахта толаси Республика товар-хомашё биржасида бошланғич биржа нархида эркин сотилади.
Қарорга биноан пахта толаси Республика товар-хомашё биржасида бошланғич биржа нархида эркин сотилади.

6 мартда Ўзбекистон Республикаси Президенти "Пахтачилик соҳасида бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида" қарор қабул қилди. Бу ҳақда бир қатор маҳаллий нашрлар, жумладан qalampir.uz хабар қилди.

Ўзбекистонда пахта ва ғалла етиштиришда давлат режасини босқичма-босқич бекор қилиш кўзда тутилаётгани тўғрисида президент Шавкат Мирзиёев 4 февраль куни ўтказилган йиғилишда билдирган эди.

6 мартда имзоланган қарорга биноан:

биринчидан, 2020 йил ҳосилидан бошлаб, давлат томонидан пахта хом ашёси ишлаб чиқариш ва сотиш режасини белгилаш амалиёти бекор қилинади. Шунингдек, пахта хом ашёсининг харид нархини белгилаш амалиётидан воз кечилади ва пахта хом ашёси етиштирувчиларга районлаштирилган навларни эркин танлаш ҳуқуқи берилади. Шу билан бирга сертификатланган уруғлик етказиб бериш тизими сақлаб қолинади ҳамда босқичма-босқич Уруғчиликни ривожлантириш маркази таркибидаги уруғчилик кластерлари ва элита уруғчилик хўжаликлари, пахта тўқимачилик кластерлари зиммасига юклатилади;

иккинчидан, Пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил этилмаган ҳудудларда пахта тозалаш корхоналари иштирокида фермер хўжаликларининг ихтиёрий кооперацияси ташкил этилади;

учинчидан, пахта хом ашёси етиштириш ва қайта ишлашни кредитлашнинг янги механизми жорий этилади. 2020 йил 15 мартдан бошлаб, пахта хом ашёси етиштириш харажатларини молиялаштириш учун тижорат банклари томонидан Молия вазирлиги ҳузуридаги жамғарма маблағлари ҳисобидан 12 ой муддатгача етиштириладиган пахта умумий қийматининг 50 фоизигача бўлган миқдорда молиялаштирилганда йиллик 8 фоиз, 60 фоизигача бўлган миқдорда молиялаштирилганда йиллик 10 фоиз ставкадан (шундан банк маржаси 2 фоиз) ошмаган микдорда кредитлар ажратилади;

тўртинчидан, “Ўзпахтасаноат” AЖни тугатиш чоралари кўрилади. Бунда кооперация ташкил этиладиган ҳудудларда пахта тозалаш заводларидаги “Пахтасаноат” ҳудудий аксиядорлик бирлашмалари акция (улуш) пакетларини белгиланган тартибда кооперацияларга ёки тадбиркорлик субъектларига сотиш назарда тутилган.

Шунингдек, “Пахтасаноат” ҳудудий аксиядорлик” бирлашмаларининг пахта тозалаш заводларидаги акция (улуш) пакетлари сотилишига қадар, ушбу заводлар томонидан пахта хом ашёсини қабул қилиш, сақлаш ва қайта ишлаш хизмати (тегирмон усулида) кўрсатиш назарда тутилади.

Бешинчидан, жаҳон бозори нархлари таҳлилидан келиб чиқиб ҳар йили 1 декабрга қадар келгуси йил ҳосили учун кутилаётган (индикатив) нархлар эълон қилинишини ҳамда бозорлардаги нархлар ўзгаришидан келиб чиқиб, ҳар чоракда ушбу нархга тузатишлар киритиш амалиёти жорий этилади.

Олтинчидан, пахта толаси Республика товар-хомашё биржасида бошланғич биржа нархида эркин сотилади, бунда биржада бошланғич нарх шаклланишида 10 фоиз чегирма қўйиш бекор қилинади.

Ўзбекистонда пахтачилик кластерлари фаолиятини такомиллаштириш, пахта ва ғалла етиштиришда давлат режасини босқичма-босқич бекор қилиш кўзда тутилаётгани тўғрисида президент Шавкат Мирзиёев 4 февраль куни қишлоқ хўжалигида кластерлар фаолиятини янада ривожлантириш масалаларига бағишланиб ўтказилган йиғилишда билдирган эди.

"Пахта ва ғалла етиштиришга давлат буюртмасини бекор қилиб, ушбу маҳсулотларни бозор тамойиллари асосида харид қилиш тизимига босқичма-босқич ўтамиз. Агар бу йўлдан бормасак, фермер ва деҳқонларимиз маҳсулот етиштиришда эркин бўлмайди, улар ўзлари кутганларидек манфаат кўрмайди, ҳокимларнинг эса иш услуби ўзгармайди”, дея иқтибос келтирган эди Ш. Мирзиёев сўзларидан президент матбуот хизмати.

Бу, қайд этилишича, соҳада давлат аралашувини кескин камайтириш билан бирга ҳокимларнинг режа ортидан қувиш ва мажбурий меҳнатга жалб қилиш амалиётига бутунлай чек қўяди.

Йиғилишда пахта ва ғалла бўйича давлат режасини бекор қилиш, экинларни мажбурий жойлаштириш тартибидан 2023 йилгача босқичма-босқич воз кечиш бўйича жорий ва келгуси йилда амалга ошириладиган тадбирлар атрофлича кўриб чиқилган.

Ўзбекистонда пахта ва ғалла етиштиришда совет даврида бўлгани каби ҳали ҳам давлат режаси мавжудлиги ва фермерлардан план бажариш талаб қилиниши кўп йиллардан бери танқид қилиб келинади.

XS
SM
MD
LG