Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:01

Президент Байден маъмурияти Кобулдаги ҳукуматнинг бу қадар тез қулашини кутмаган


АҚШ президенти Жо Байден.
АҚШ президенти Жо Байден.

Якшанба куни Толибон Афғонистон устидан деярли буткул назорат ўрнатгани президент Жо Байден ва унинг маъмуриятини лол қолдирган.

Афғонистон ҳукумати тез суратда қулагани ва мамлакатда юзага келган тартибсизликлар Байден учун энг жиддий синов бўлаётгани айтилмоқда. Республикачилар Байден муваффақиятсизликка учраганини айтиб, уни кескин танқид қилмоқда.

Байден ўз сайлов кампанияси давомида ўзини халқаро муносабатлар бўйича тажрибали мутахассис сифатида кўрсатган эди. Президент сўнгги бир неча ой давомида АҚШ ҳарбийлари Афғонистондан олиб чиқиб кетилганидан кейин, Толибон ҳокимиятни тезда қўлга олиши эҳтимоли паст эканини таъкидлаб келаётган эди.

Аммо якшанба кунига келиб, Байден маъмуриятининг етакчи расмийлари Афғонистон хавфсизлик кучлари бу қадар тез қулаганидан лол қолишганини тан олишди.

«Биз [Кобулдаги] тузум мамлакатни ҳимоя қила олмаганига гувоҳ бўлдик. Бу кутганимиздан тезроқ содир бўлди», деди АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен CNN телеканалига берган интервьюсида.

Оқ уйнинг юқори лавозимли расмийларига кўра, Байден якшанба куни Кэмп-Дэвид резиденциясида қолган ва хавфсизлик хизматлари ходимлари билан видео орқали суҳбатлашиб, Афғонистондаги вазият ҳақида мунтазам маълумот олиб турган.

Кейинги бир неча кун ҳал қилувчи аҳамиятга эга, чунки АҚШ вазиятни бирор даражада назорат қила оладими ёки йўқми, аён бўлади.

Якшанба куни Пентагон ва Давлат департаменти эълон қилган қўшма баёнотда «биз АҚШ ва унинг иттифоқчилари ходимларини Афғонистондан фуқаровий ва ҳарбий рейслар орқали хавфсиз чиқиб кетишини таъминлаш учун Ҳамид Карзай номидаги халқаро аэропорт хавфсизлигини таъминлаш бўйича қатор чора-тадбирларни якунлаяпмиз», дейилади.

The Associated Press агентлигининг хабар беришича, Байден чоршанба кунигача Кэмп-Дэвид қароргоҳида қолмоқчи. Агар у нутқ сўзлашга қарор қилса, Оқ уйга боради.

Байден Афғонистонда қийинчиликларга дучор бўлган тўртинчи АҚШ президентидир. Жорий президент Америка тарихидаги энг узоқ давом этган урушини кейинги президентга мерос қилиб қолдирмаслигини таъкидлаб келади.

Аммо Байден Афғонистонда хавфсизлик вазияти нима учун бу қадар тез издан чиққанини изоҳлаши керак бўлади, чунки у ва унинг қўлида ишлаётган бошқа расмийлари бундай бўлмаслигини таъкидлаб келаётган эдилар.

«Ҳукм чиқаришга ҳали эрта, лекин Толибон ҳамма нарсани босиб олиши, бутун мамлакатни қўлга олиши эҳтимоли жуда паст», деган эди Байден 8 июль куни.

Атиги бир ҳафта олдин Байден Афғонистон қўшинлари ўз мамлакатларини мудофаа қилиш учун ирода топишларига умид изҳор қилганди. Аммо Байден маъмурияти расмийлари президентни Кобул армияси қулаб тушаётгани ҳақида огоҳлантирган, шунинг учун АҚШ президенти пайшанба куни америкаликларни эвакуация қилиш режаларини тезлаштиришни буюрди.

Байден ўн йилдан ошиқ вақт мобайнида Афғонистон АҚШ учун бошоғриқ бўлиб келаётганини таъкидлаб келади. Президент Афғонистон ҳукумати коррупцияга ботганини, ўзини-ўзи ҳимоя қилиши кераклигини таъкидлаган. Шунингдек, Байден мақсади мамлакат қуриш эмас, балки америкаликларни террор ҳужумларидан ҳимоя қилиш эканини айтган.

Президент Барак Обама даврида вице-президент ўлароқ ишлаган Байден Обаманинг Афғонистонни барқарорлаштириш мақсадида мамлакатга қўшимча 30 минг аскарини юбориш режасига шахсан қарши чиққан эди.

Жорий йилнинг июль ойида Байден жанг майдонидан ҳар куни келаётган янгиликларга таянган ҳолда қўшинларни Афғонистондан олиб чиқишга қарор қилганини айтганди. Афтидан, президент Афғонистон бирданига қулайди, деб ўйламаган, балки Толибон билан тинчлик шартномаси имзоланишига умид қилган.

Террор ҳужумлари эҳтимоли

Афғонистондаги вазият ўзгарар экан, АҚШ расмийлари борган сари АҚШга қарши террор хуружлари таҳдиди кучайишидан хавотир изҳор қилмоқда.

АҚШнинг юқори мартабали генерали Марк Мили якшанба куни бўлиб ўтган брифингда сенаторларга Афғонистонда террорчи гуруҳлар аввал ишонилгандан тезроқ қайта тикланиши мумкинлигини айтган. Бу ҳақда исмини ошкор қилмаслик шарти билан АҚШ расмийси The Associated Press нашрига сўзлаб берган.

Июнь ойида Пентагон раҳбарлари Афғонистонни хорижий қўшинлар тарк этганидан кейин икки йил ичида «Ал-Қоида» каби экстремистик гуруҳлар Афғонистонда қайта тикланиши ва Америкага таҳдид солиши мумкинлигини айтган эдилар. Мутахассисларнинг сўзларига кўра, Толибон «Ал-Қоида» билан алоқани сақлаб қолган. Шунингдек, Толибон ҳукмронлиги остида бошқа зўравон гуруҳлар ҳам Афғонистонда бошпана топиши мумкин.

The Associated Press агентлиги манбасига кўра, Афғонистондаги вазиятдан келиб чиқиб, расмийлар ҳозирда «Ал-Қоида» каби террорчи гуруҳлар аввал ишонилгандан анча тезроқ тикланиши мумкин, деган фикрни илгари сурмоқда.

Сенаторлар билан суҳбатда иштирок этган Байден маъмурияти расмийлари АҚШ разведка агентликлари Афғонистондаги ҳодисалар фонида янги вақт жадвалини тузиш устида ишлаётганини айтишган.

Якшанба куни АҚШ разведкасининг амалдаги ва собиқ расмийлари Кобул бу қадар тез қулашини башорат қила олмаганликлари ҳақидаги танқидларни рад этишди. Разведка хизматининг юқори лавозимли вакилларидан бири:

«Толибон тезда ҳокимиятни эгаллаб олиши ҳар доим бир имконият ўлароқ кўрилган эди», деган.

«Толибон илгари силжир экан, пировардида оз қаршиликка учради. Биз ҳар доим бундай бўлиши мумкинлигини билганмиз. Қолаверса, жанг майдонида тактик шароитлар тезда ўзгариб кетиши мумкин», деган расмий. Бу амалдор ҳам исмини ошкор қилмаслик шарти билан сўзлаган.

Дональд Трамп президентликни тарк этаётган пайтда Афғонистондаги АҚШ қўшинларининг сони 2 500 га тушиб қолган бўлган. Бу эса Вашингтоннинг Афғонистондаги разведка ишларини чеклаб қўйган бўлиши мумкин. Октябрь ойигача Мудофаа разведка бошқармасини бошқарган истеъфодаги генерал-лейтенант Роберт Эшлининг айтишича, Афғонистон қўшинлари орасида америкаликларнинг сони озайгани афғон армияси қандай натижа кўрсатишини башорат қилишни мушкуллаштирган.

«Тарк этганингиздан кейин, бўлинма даражасида аскарлар қандай руҳий ҳолатда эканини аниқлашингиз жуда қийин», деган Эшли.

«Афғонистон раҳбарлари бизга фақат биз эшитишни хоҳлаган нарсани айтиб келган бўлса, ажабланмаган бўлардим», дея қўшимча қилган у.

АҚШ қўшинлари Афғонистондан олиб чиқиб кетилганидан ҳамда Толибон ҳокимиятни консолидация қилганидан кейин, у ердаги терроризм таҳдидларини кузатиб бориш янада мушкул бўлиши айтилмоқда.

Сенат Ташқи алоқалар қўмитасининг демократ аъзоси, Коннектикут штати сенатори Крис Мёрфининг сўзларига кўра, АҚШ ҳарбийлари ва фуқароларини Афғонистондан эвакуация қилиш якунланганидан кейин, Вашингтон «разведка ва терроризмга қарши курашга» эътибор қарата бошлайди. Мерфи АҚШ «Ал-Қоида» ҳаракати Афғонистонда қайта тикланаётгани ёки йўқлигини кузатиш имкониятига эга бўлиб қолишини таъминлаши муҳим эканини айтган.

«Толибон «Ал-Қоида»ни жиловлаб туриш орқали АҚШ билан тузилган битим шартларини бажариши учун кўп сабаб бор. Бизнинг ҳозирги вазифамиз – бу мажбуриятни кузатиб, текшириб бориш имкониятини қўлга киритишдир», деган у.

XS
SM
MD
LG