Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:54

Президент хотин-қизларни табриклади. Яна “Аёллар дафтари” ва кредитлар ҳақида гапирди


Ўзбек аёллари.
Ўзбек аёллари.

Президент Шавкат Мирзиёев 8 март-Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Тошкент шаҳридаги “Конгресс-холл”да ўтказилган тадбирда нутқ сўзлаб, аёлларни табриклади.

Президент ўз табригида Ўзбекистонда аёлларни ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратди. “Бундан буён ҳеч бир аёл эътибордан четда қолмайди”,-деб ваъда берди у.

Шавкат Мирзиёевнинг айтишича, кейиги 3 ойда республика комиссияси томонидан “Аёллар дафтари”га киритилган 80 минг нафар хотин-қизнинг муаммолари ҳал этилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож, турмуш шароити оғир аёлларнинг 32 минг нафари иш билан таъминланди. Инқирозга қарши кураш жамғармаси маблағлари ҳисобидан салкам 17 минг нафар хотин-қизга амалий ёрдамлар кўрсатилди.

“Биргина “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида 126 мингга яқин аёлларга имтиёзли кредитлар берилди. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун қарийб 215 минг оилага 6 триллион сўмдан зиёд кредит маблағлари ажратилди. Қарийб 55 минг нафар хотин-қизлар тадбиркорлик ва касб-ҳунар марказлари томонидан ўқитилди, ҳунармандчилик ва касаначиликка жалб этилди”,-деди президент.

Унинг айтишича, “Беш муҳим ташаббус” доирасида чекка ҳудудларда тикувчилик цехлари ташкил этилиб, 10 минг нафар аёл иш билан таъминланган.

Табрик нутқида айтилишича, шу кунгача 1250 аёлга уй-жой сотиб олиш учун қарийб 22 миллиард сўмлик бошланғич бадал тўлаб берилди.

“Бундай хайрли ишлар жорий йилда ҳам давом эттирилади. Мен бу борада куни кеча янги қарорни имзоладим. Унга кўра, жамиятда аёлларимизга бўлган эътиборни энг қуйи бўғин – маҳаллагача етказиб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашнинг янги тизими яратилмоқда. Бундан буён Ўзбекистонда биронта ҳам аёл давлат ва жамиятнинг эътиборидан четда қолмайди”,-деди Шавкат Мирзиёев.

Нутқи давомида президент аёлларни ижтимоий-иқтисодий ҳимоялаш бўйича янги қарорлар қабул қилинишини айтиб ўтди. Жумладан, президентга кўра, 2021 йилда турмуш шароити оғир бўлган аёллар ҳамда ёлғиз онаси қарамоғида ўсган қизларни уй-жой билан таъминлаш мақсадида бюджетдан 210 миллиард сўм маблағ ажратилади.

“Бошпанаси бўлмаган аёлларни ижара асосида “ижтимоий уй-жойлар” билан таъминлаш учун яна 211 миллиард сўм йўналтирамиз. Бундан ташқари, боқувчисини йўқотган ҳамда ўзгалар парваришига эҳтиёжманд бўлган хотин-қизларга моддий ёрдам бериш ва малакали тиббий ёрдамга муҳтож аёлларни даволаш учун қўшимча равишда 110 миллиард сўм берилади”,-деди президент.

Шу билан бирга, аёллар бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунарга ўқитиш, тадбиркорлик соҳасидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун бюджетдан қўшимча равишда 600 миллиард сўм ажратилади.

Шавкат Мирзиёев ажралишлар сони кўплигидан ташвишда эканини ҳам айтиб ўтди. Президент берган маълумотда айтилишича, ўтган йили 28 мингдан зиёд оила ажралиб кетган. Бу 2019 йилдаги кўрсаткичдан 3 мингга оздир. Яраштирилган оилалар сони эса 23 минг бўлган.

Шундан келиб чиққан ҳолда, президент аёллар ҳуқуқини таъминлаш устивор вазифалардан бири бўлиб қолишини таъкидлади.

“Азиз ва муҳтарама опа-сингиллар!

Сизларни 8 март байрами билан яна бир бор чин қалбимдан қутлаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, оилаларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман.

Доимо яқинларингиз, фарзанд ва набираларингиз, эл-юртимиз ардоғида бўлиб юриш насиб этсин!

Умрингиз узоқ, бахтингиз зиёда бўлсин!

Гўзал байрамингиз муборак бўлсин!”-деб нутқини якунлади Шавкат Мирзиёев.

XS
SM
MD
LG