Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:22

Президент эълон қилган мораторий бузилди: Самарқанднинг Пастдарғомида 50 ка кирган 16 та арча кесилди


Самарқанд вилоят, Пастдарғом туманида ноқонуний кесилган арча дарахтлари. 2020, 13 май.
Самарқанд вилоят, Пастдарғом туманида ноқонуний кесилган арча дарахтлари. 2020, 13 май.

Пастдарғом туманидаги Чархин илмий-тажриба станциясига қарашли 16 та арча дарахтининг кесиб ташлангани тўғрисида Озодликка келган хабарни Самарқанд вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси мулозимлари тасдиқлади.

Мулозимнинг айтишича, ноқонуний кесилган 16 арча йил бошидан буён туманда кесилган 100 га яқин қимматбаҳо навли дарахтларнинг бир қисми холос.

Мамлакат президенти 2019 йилдаги фармони билан қимматбаҳо навли дарахтларни кесишга мораторий эълон қилган: 2019 йил 1 ноябрдан 2020 йил 31 декабргача ваколатли давлат органларига давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига рухсатнома беришни ман этган эди.

Пастдарғомда арча дарахтлари кесилгани тўғрисида Озодликка келган хабарга қуйидаги видео илова қилинган:

Самарқанд вилоятида қимматбаҳо арчалар ноқонуний кесилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:20 0:00

20 секундлик видеода кадрнинг чап томонида сувоғи кўча бошлаган бино, ўнг томонида дарахтзор, орқа планда эса, бир неча кесилган дарахтнинг ерда ётганини кўриш мумкин. Кадр ортидаги овоз (ёшроқ йигит овози) “Пастдарғом туманидаги арча етиштириладиган масканда дарахтлар кесиб, сотиб юборилаётгани”ни айтади ва бу ишни тўхтатишга ёрдам сўрайди.

Пастдарғомдан Озодликка видеодан ташқари суратлар ҳам келди. Уларда кесиб, буталиб ерга ташлаб қўйилган арча ғўлалари акс этган.

Самарқанд вилоят, Пастдарғом туманида ноқонуний кесилган арча дарахтлари. 2020, 13 май.
Самарқанд вилоят, Пастдарғом туманида ноқонуний кесилган арча дарахтлари. 2020, 13 май.
Самарқанд вилоят, Пастдарғом туманида ноқонуний кесилган арча дарахти тўнкаси. 2020, 13 май.
Самарқанд вилоят, Пастдарғом туманида ноқонуний кесилган арча дарахти тўнкаси. 2020, 13 май.

Хабар қилинишича, кесилган дарахтлар Чархин илмий-тажриба станциясига қарашлидир. Станция раҳбарияти билан боғланиб бўлмади. Бироқ Озодликда арчаларни кесган ишчи, 1960 йилда туғилган Абдулмажид Бекназаровнинг тушунтириш хати бор.

Арчаларни кесган ишчининг Самарқанд вилоят экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғига ёзган тушунтириш хати.
Арчаларни кесган ишчининг Самарқанд вилоят экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғига ёзган тушунтириш хати.

Самарқанд вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи номига ёзилган тушунтириш хатида А. Бекназаров арчаларни у “ер туман ҳокимлиги захирасига чиқарилгани сабабли тумандан қурувчи ташкилотдан Зоҳид деган йигит келиб қилган илтимосига биноан” кесганини ёзган.

А. Бекназаровнинг тушунтириш хатида бу ҳужжат 9 май куни ёзилгани ва уни Экология бошқармасининг Пастдарғомдаги инспектори Фарҳод Мирзаев қабул қилиб олгани акс этган.

Озодлик 18 май куни инспектор Фарҳод Мирзаев билан боғланди. У 16 та арча кесилганини, Бекназаровдан тушунтириш хати олганини тасдиқлади. Бироқ айбдорларга нисбатан қандай жазо чоралари белгилангани тўғрисида билмаслигини айтди.

Бошқарманинг жавоби

Арчалар кесилгани тўғрисида хабар қилган пастдарғомликларни масаланинг айнан шу жиҳати - "дарахт кесганлар жазосиз қолаётгани" ташвишга солаётгани учун Озодлик Самарқанд вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси билан боғланди.

Бошқарма телефонини кўтарган мулозим Пастдарғомдаги ҳолатдан хабарсизлигини билдирар экан, қимматбаҳо навли дарахтларни кесишга давлат раҳбари мораторий эълон қилганини эслатишдан нарига ўтмади.

"Йил бошидан буён 100 га яқин қимматбаҳо навли дарахт кесилди"

Экология ва атроф-муҳит бошқармасининг Пастдарғомдаги ҳолатдан яхши хабардор бошқа бир мулозими исми айтилмаслик шарти билан буларни айтди:

“Сўз бўлаётган 16 арча туманда қимматбаҳо навли дарахтларнинг кесилиши билан боғлиқ энг сўнгги ҳолат холос. Бу арчалар қарийб 50 йил олдин экилган. Бундан ташқари дарахтлар ИИБ биноси олдида кесилган, катта йўл ёқасида кесилган, хуллас, йил бошидан бери 100 га яқин дарахт кесилган”.

Мулозимнинг айтишича, қимматбаҳо навли дарахтлар кесилар экан, бир вақтнинг ўзида ҳам президентнинг дарахт кесишга мораторий эълон қилиш тўғрисидаги фармони талаблари, ҳам етказилган зарарни қоплаш тартиби бузиляпти, яъни зарар миқдори қонунда белгилаб қўйилган меъёрдан бир неча баробар оз ҳисобланмоқда.

Зарарни ундирувчилар етказаётган зарар?

Экология ва атроф-муҳит бошқармаси мулозими етказилган зарар қандай ҳисобланиши бундай тушунтирди:

“Дарахтларнинг ноқонуний кесилишидан етказилган зарар бундай аниқланади: кесилган дарахт кесмаси диаметри ўлчанади. Ҳар бир сантиметрининг дарахтлар навига қараб баҳоси бор. Арчалар қимматбаҳо навга киради. Такса бор ва у энг кам иш ҳақидан келиб чиқиб қўйилади. Қимматбаҳо навлар кесмасининг ҳар бир сантиметрига қўйилган баҳо энг кам иш ҳақининг 10 бараварига кўпайтирилади. Бу ҳисоб-китоб Вазирлар Маҳкамасининг 43- қарорига биноан қилиниши керак. Лекин бу ерда ҳукумат талаби бузиляпти, таниш-билиш аралашяптими, бошқа сабаби борми, билмайман”.

Мулозимнинг айтишича, шу ой бошида кесилган 16 та арча учун белгиланаётган жарима миқдори ҳукумат қароридан келиб чиқадиган миқдордан 20 марта оздир:

“Масалан, кесилган 16 та арча учун тақрибан 180 млн. сўм ундирилиши керак, амалда эса, 9 млн. сўмлик зарар қўйилмоқда. Яна бир ҳолатда умуман жарима ҳам қўйилмади” дер экан, мулозим бу ишлар ортида турганларнинг исм-фамилияларини ҳам келтирди. Озодлик мулозим айблаётган амалдорларнинг ўзи билан гаплашолмагани учун, уларнинг исмларини очиқламаяпти.

Самарқанд вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг исм-фамилияси очиқланмаслигини сўраган мулозими келтирган бу ҳисоб-китобни тасдиқловчи расмий маълумот ёки уларни инкор этувчи расмий баёнот Озодликда йўқ.

Президент тақиқлаган эди

Ўзбекистон президенти 2019 йилнинг 30 октябрида “2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг Атроф муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонни имзолаган эди.

Фармонга биноан 2019 йил 1 ноябрдан 2020 йил 31 декабргача ваколатли давлат органларига давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига рухсатнома беришни ман этилган.

11 йил муқаддам бошланган қирғин

Ўзбекистонда дарахтларнинг ноқонуний кесилиши бир неча йиллик тарихга эга. Озодлик бу мавзуда бир неча юзлаб хабар, мақола, фото ва видеорепортажлар эълон қилган.

Ўзбекистонда дарахт қирғини бундан 11 йил муқаддам Тошкентда бошланган. 2009 нинг ноябрида Амир Темур хиëбонидаги юз йиллик чинорлар кесиб ташланган эди. Шаҳар расмийлари бу ишни шаҳарни ободонлаштириш зарурати билан, бироқ кўпчилик Ислом Каримовнинг хавфсизлигини таъминлаш билан изоҳлаган эди.

XS
SM
MD
LG