Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:34

Солсбери яқинидаги шаҳарда яна икки британиялик “Новичок” моддаси билан заҳарланди


Британия полицияси икки одам заҳарланган ҳудудни ўраб олди.
Британия полицияси икки одам заҳарланган ҳудудни ўраб олди.

Британия полицияси яна икки шахснинг асабни фалажловчи “Новичок” газидан заҳарланиб, касалхонага ётқизилганини билдирди. Жорий йилнинг март ойида Солсбери шаҳарчасида Россия разведкасининг собиқ ходими Сергей Скрипаль ва униинг қизи Юлия айни газ билан заҳарланган эди.

4 июль куни Скотленд-Ярднинг терроризмга қарши кураш бошқармаси етакчиси Нил Басу Эймсбери шаҳрида истиқомат қилувчи 45 яшар эркак ва 44 ёшли ажлнинг “Новичок”дан заҳарлангани аниқланганини билдирди.

Улар 30 июнь Солсбери шаҳридан 11 км масофада жойлашган Эймсбери шаҳрида беҳуш ҳолатда топилган.

- Тергов гуруҳи олдида турган асосий вазифа бу икки одам қай йўсинда асабни фалажловчи модда билан заҳарланганини аниқлашдир, - деди Басу.

Британия Ички ишлар вазири Сажид Жавид Британия Фавқулодда вазиятларни бошқариш қўмитаси 5 июль куни ушбу ҳолат бўйича навбатдан ташқари йиғин ўтказишини билдирди. Вазирнинг айтишича, дастлабки тахминга кўра, Эймсберида яшовчи бу икки шахс атайин ҳужум қурбони бўлмаган, балки тасодифан заҳарланган.

30 июнь куни 44 ёшдаги Дон Стержесс ҳушидан кетган. Орадан кўп ўтмай унинг дўсти Чарльз Роули ҳам ўзини ёмон ҳис қила бошлаган ва у ҳам шифохонага ётқизилган.

Стержесс билан Роули Скрипаллар даволанган Солсбери туман шифохонасига ётқизилган.

- Менда уларга атайин ҳужум қилинганини кўрсатувчи маълумот ёки далил йўқ. Уларнинг ўтмиши ҳам бундай фикрга келишга асос бўла олмайди. Шундай экан, ҳозир бизда фақат тахминлар бор холос, - деди Басу.

Расмийларнинг айтишича, Стержесс ёки Роули Скрипаллар заҳарланиши ортидан тозаланган жойларга борганини кўрсатувчи далил йўқ.

Британия расмийлари Скрипаллар совет олимлари томонидан ишлаб чиқилган асабни фалажловчи “Новичок” моддаси билан заҳарланганини таъкидлаб келади. Британия махсус хизматлари заҳарли газнинг Россия ҳудудида ишлаб чиқарилганини айтмоқда¸ Москва эса бу иддаони рад этмоқда.

Скрипаль ва унинг қизи Юлия 4 март куни Солсберида ҳушсиз ҳолда топилган эди.

Шифокорлар бошида Скрипаллар гиёҳванд модда туфайли шундай аҳволга тушган, деб тахмин қилишган, аммо тез орада улар асабни фалаж қилувчи заҳар туфайли бундай аҳволга тушгани аниқланган.

4 июль куни Британия полицияси Эймсбери шаҳрида айрим жойларни, жумладан, маҳаллий дорихона ва черковни қуршаб олди.

Эймсберида яшовчи 29 яшар Сем Ҳобсон жабрланувчиларни танишини ҳамда Роулининг ҳушдан кетишига шахсан гувоҳ бўлганини айтади.

- У қаттиқ терлай бошлади, сўлаги оқа бошлади, у билан гаплашиб бўлмади. Ғалати овозларни чиқариб, чайқала бошлади. Худди бошқа дунёга тушиб қолгандек бўлди, - дейди Ҳобсон Британия матбуотига.

Скрипаллар заҳарланиши ортидан Британия, АҚШ ҳамда йигирмадан ортиқ бошқа давлат ва НАТО 150 дан ошиқ рус дипломатини ўз ҳудудидан чиқариб юборди. Россия ҳам бунга жавобан ушбу давлатлар дипломатларидан мамлакатни тарк этишни сўради..

Жосусликка ёки Россияга алоқаси бўлмаган икки одам “Новичок”дан заҳарлангани Британияда бундай ҳолатлар кўпайиши мумкинлиги ҳамда Солсбери ва Эймсберида заҳар қолдиқлари ҳали ҳам қолган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларни оширди.

XS
SM
MD
LG