Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:15

Сўконғичлиги билан танилган Бўз ҳокими бошидан қаттиқ жароҳат олиб касалхонага ётқизилди


Бўз тумани ҳокими Абдурашид Мамиров
Бўз тумани ҳокими Абдурашид Мамиров

Бир-биридан мустақил андижонлик уч манбанинг Озодликка хабар беришича, 21 июнь куни кечаси бошидан қаттиқ жароҳат олган Бўз туман ҳокими Абдурашид Мамиров Андижон шаҳридаги кўп тармоқли тиббиёт марказига ётқизилган.

Андижон вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасининг Озодлик мухбири 26 июнь куни гаплашган мулозими Мамировнинг 22 июнь куни бошидан операция қилингани ва ҳозирда оғир аҳволда қолаётганини билдирди.

Айни пайтда Озодлик гаплашган маҳаллий мулозимлар¸ ҳоким бошига етказилган жароҳат сабабини турлича изоҳлашди.

Озодлик суҳбатлашган бир-биридан мустақил уч маҳаллий мулозим ҳокимнинг қаттиқ калтак зарбидан боши ва танасидан кучли жароҳат олганини иддао қилди.

Айни пайтда¸ вилоят ҳуқуқ тизими мулозими Абдурашид Мамировнинг "йиқилиб жароҳат олгани" ва воқеада жиноят аломатлари йўқлиги боис¸ жиноий иш очилмаганини билдирди.

Ҳокимлик расмийси: Ҳоким касалхонада!

Озодлик Бўз туман ҳокимининг кучли жароҳат билан касалхонага ëтқизилгани хабарига аниқлик киритиш мақсадида 26 июнь куни Бўз туман ҳокими қабулхонаси билан боғланди.

Гўшакни кўтарган мулозим Абдурашид Мамировнинг қаттиқ жароҳат олиб, Андижондаги касалхонага ётқизилганини тасдиқлади¸ воқеанинг бошқа тафсилотларини очиқлашни истамади.

“Ҳа, ҳозир касалхонадалар. Лекин нимадан жароҳат олганлари тафсилотини билмайман”, деди ўзини таништирмаган ҳокимлик мулозими.

Тиббиëт ходими: Ҳоким бошидан операция қилинди!

Абдурашид Мамировнинг касалхонага олиб келинганидан кейинги вазиятидан бевосита хабардор Андижон вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси мутахассиси, унинг зудлик билан операция қилингани ва ҳозирда оғир аҳволда қолаëтганини билдирди.

“22 июнь, шанба куни жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Бош суяги бир неча жойидан синиб кетган, мия лат еган, қовурғалар ҳам синган. Ҳозир ҳушига келган, лекин аҳволи оғир”, деди шахси очиқланмаслигини сўраган тиббиëт мутасаддиси.

Айни пайтда бу расмий ҳам ҳокимнинг бошига ким томонидан¸ қандай жароҳат етказилгани¸ қовурғалари синишига қандай зарба сабаб бўлгани ҳақидаги саволларни очиқ қолдирди.

“Буни мен билмайман. Бу томони ички ишларнинг вазифаси”, деган бу суҳбатдош¸ жароҳат ортида жиноий сабаблар борлигига ишорат қилди.

Ҳуқуқ тизими расмийси: Ҳоким йиқилиб тушган!

Андижон вилояти ҳуқуқ тизимидаги мулозим Абдурашид Мамировнинг жароҳат билан касалхонага ётқизилганини тасдиқлар экан, ҳокимнинг калтаклаб кетилгани ҳақидаги хабарларни инкор қилди.

“Абдурашид Мамиров йиқилиб тушиб, жароҳат олган. Шунинг учун касалхонада даволанаяпти. Бу воқеа юзасидан жиноят иши очилмаган”, деди бу мулозим.

Абдурашид Мамировнинг айнан қаерда¸ қандай вазиятда жароҳат олгани ҳақида Озодликка бир-бирига зид хабарлар келмоқда.

Айрим маҳаллий мулозимлар воқеанинг ҳоким селектордан қайтаëтганда йўлда рўй берганини айтса¸ бошқалари ҳокимнинг ўзига ажратилган икки қаватли намунавий уйда содир бўлганини иддао қилди.

"Ҳокимнинг оиласи Марҳамат туманида яшайди. 21 июнь куни кечқурун селектордан уйига қайтган. Эртасига¸ 22 июнь куни уни уйидан¸ қонга беланган¸ беҳуш ҳолда топишган. Расмийлар¸ ҳокимнинг ўзи иккинчи қаватдан йиқилиб тушиб¸ жароҳат олган¸ деяпти. Лекин халқ орасида бошқача версиялар тарқаган"¸ деди ҳоким билан бир маҳаллада яшовчи бўзликлардан бири.

(Бу версиялардан қай бири ҳақиқий эканига Озодлик ҳозирча ойдинлик кирита олмади. Воқеа тафсилотларидан бевосита хабардор бўлсангиз¸ уларни Озодликка йўллашингиз мумкин.)

Андижонда танилган сўконғич ҳоким

Абдурашид Мамиров 2017 йилнинг февралида Бўз тумани ҳокими этиб тайинланган эди.

Бундан аввал у Андижон вилояти ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган.

Мамиров ҳоким бўлганидан сўнг маҳаллий ташкилот раҳбарларини урганлиги ва ҳақорат қилганлиги ҳақида Озодлик бир неча бор хабар берган.

Жумладан, Бўз тумани ҳокими Абдурашид Мамиров 2017 йил апрель ойида ўтказилган йиғилишда Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғи Улуғбек Фармоновни ҳақорат қилиб, ўз ходимларига калтаклатган эди.

2017 йил декабрь ойида ҳокимликда ўтказган йиғилишнинг Озодликка юборилган аудиоëзувида эса, Абдурашид Мамиров боғчаларга тунги навбатчи қўймаган ва йиғилишга кеч қолган мудираларни боғча, мактаб ва коллеж раҳбарларини “наҳс, тварь, итдан тарқаган, ҳаром” каби сўзлар билан ҳақорат қилган эди.

XS
SM
MD
LG