Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:50

Тожикистоннинг толиблар Афғонистони билан алоқалари қандай бўлади?


Президент Эмомали Раҳмон Тожикистон чегара қўшинларини зиёрат қилмоқда - 16 июль, 2021
Президент Эмомали Раҳмон Тожикистон чегара қўшинларини зиёрат қилмоқда - 16 июль, 2021

Афғонистонда Толибон ҳаракати тузган ҳукумат, жаҳон ҳамжамияти ва қўшни мамлакатлар кутганига ва ҳатто талаб қилганига қарамай, мутлақ толибпараст ҳукумат бўлди.

Аввалроқ Тожикистон бу тариқа шакллантирилган ҳукуматни тан олмаслигини очиқ айтган эди. Хўш, Душанбе янги воқеликка рози бўладими, Тожикистоннинг толиблар ҳукумати билан ўзаро алоқалари қандай бўлиши мумкин?

Толибон Афғонистоннинг янги ҳукуматини тузгани ҳақида 7 сентябрь куни ҳаракат матбуот котиби Забиҳулла Мужоҳид эълон қилган эди. Тайинловларга қараганда барча муҳим вазирликлар толиблар вакилларига тақсимлаб берилган. Вазир ёки унга тенглаштирилган бошқа лавозимларга ўтирганлардан айримлари террорчилик хуружларида иштирок этганликда гумон қилиниб, яқин-яқинларгача халқаро қидирувда эди.

Толибон ўз ҳукуматини Афғонистоннинг бир қатор шаҳарларида бўлиб ўтган аксилтолибон ва аксилпокистон норозилик чиқишлари манзарасида ҳамда дунё ва минтақадаги етакчи давлатларнинг инклюзивлик борасидаги умидларига зид ўлароқ шакллантирди. Айни чоғда Толибон ушбу тайинловларни “вақтинча” деб атамоқда.

Душанбенинг қаршилиги

Тожикистоннинг Толибон муваққат ҳукуматига нисбатан муносабатини 8 сентябрь куни, Афғонистонга қўшни мамлакатлар ташқи ишлар вазирларининг онлайн учрашуви чоғида Тожикистон ТИВ раҳбари Сирожиддин Муҳриддин яна бир карра маълум қилди. “Биз референдумсиз ва барча этник гуруҳлар вакилларисиз шакллантирилган ҳеч бир ҳукуматни тан олмаймиз”, деди мамлакат ташқи сиёсат маҳкамаси бошлиғи.

Аввалроқ, Покистон ташқи ишлар вазири Шоҳ Маҳмуд Қурайший билан учрашуви чоғида президент Эмомали Раҳмон ҳам айни мазмунда баёнот берганди.

Мустақил сиёсатшунос Парвиз Муллажонов тожик расмийлари Афғонистондаги толиблар ҳукуматини узил-кесил тан олиш ёки олмаслик масаласини КХШТ ва ШҲТдаги иттифоқчиларининг кайфиятига, хусусан Москва, Пекин ва Теҳроннинг бу борадаги муносабатига кўра ҳал қилиши мумкинлигини таъкидлайди.

“Аммо ҳар қандай ҳолатда яхши алоқалар бўлмайди, ҳатто Тожикистон уларни тан олган тақдирда ҳам. Қолаверса, Толибон ҳам турфа экстремистик гуруҳлардан халос бўла олмайди, бинобарин бирор мамлакат улар билан чинакамига дўстлашиши маҳол”, тахмин қилади эксперт.

Бошқа қўшнилар толибларга мойилми?

Бу орада Тошкент толиблар муваққат ҳукумати тузилганини олқишлаб Душанбега тамом терс позицияни танлади. “Умид қиламизки, мазкур қарор мамлакатда кенг кўламли миллий келишувга эришилиши ҳамда мустаҳкам тинчлик ва барқарорлик ўрнатилиши томон илк қадам бўлиб қолади”, дейилади Ўзбекистон ТИВ расмий сайтида 8 сентябрь куни эълон қилинган хабарномада.

Ўзбекистон “Афғонистоннинг янги давлат идоралари билан конструктив мулоқот ва амалий ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр”лигини билдирди.

Хитой ҳам Афғонистондаги Толибон ҳукумати билан мулоқот олиб боришга тайёрлигини эълон қилди.

Пекин толиблар тузган ҳукумат терроризмга қарши кураш олиб боришига умид қилади, дея баёнот берди 8 сентябрь куни ХХР Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Ван Вэньбинь.

Кремлнинг матбуот котиби Дмитрий Песковга кўра, Россия ҳозирча Афонистон янги ҳукуматининг дастлабки қадамларини кузатади. “Ушбу ҳукуматнинг илк ва кейинги қадамлари қандай бўлишини ва келгусида Афғонистонда нималар юз беришини тушуниб олиш биз учун муҳим”, урғулади у.

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен эса АҚШ ва унинг ҳамкорлари бўлмиш 20 дан ортиқ мамлакат Толибон ўз зиммасига олган мажбуриятларини бажаришини кутишаётганига шама қилди.

“Афғонистон мавзусида 20 дан зиёд иттифоқчиларимиз ва ҳамкорларимиз иштирокида вазирлар даражасида сермаҳсул учрашув ўтказдик. Фикрларимиз бир жойдан чиқди. Биз Толибоннинг инклюзивлик, йўллар хавфсизлиги, инсон ҳуқуқлари ва терроризмга қарши кураш борасида халқаро ҳамжамият олдида ўз зиммасига олган мажбуриятларини бажаришини кутяпмиз”, деб ёзган юқори мартабали америкалик мулозим “Twitter”даги саҳифасида.

Душанбе ўз муносабатларини қай тарзда қуради?

Душанбелик сиёсатшуносга кўра, Тожикистоннинг толиблар ҳукуматига муносабати кўплаб омилларга боғлиқ бўлиб, ҳозирча комил ишонч билан бирор нима дейиш қийин. “Башарти толиблар ҳокимиятни тўла-тўкис ўз қўлларига олишни қасд қилган бўлса, биз, ўзбеклар ва туркманлар каби, бунга рози бўла олмаймиз ва сўнгги 25 йил мобайнида тутган ёндашувимиздан воз кечолмаймиз. Агарда қаршилик давом этса, Тожикистон Афғонистонга нисбатан сиёсатини ривожлантирса керак”, дейди суҳбатдошимиз.

Шу билан бирга, Парвиз Муллажонов айтишича, таҳдидлар қаторида муайян истиқболлар ҳам мавжуд. “Хитой билан Покистон биргалашиб Кулма – Ишкашим – Файзобод – Кобул транспорт йўлаги қурилишини тезлаштириши мумкинки, агар бу йўлак Читрол билан боғланса, биз учун катта иқтисодий устунлик беради. Илгари Кобул мазкур лойиҳага тўсқинлик қилар эди, ҳозир эса афғон сиёсатининг калити Покистон қўлида”, урғулайди эксперт.

Бироқ Душанбенинг толибларни тан олмасликка уринишини республика раҳбарияти учун сиёсий имконият ўлароқ кўраётган таҳлилчилар ҳам бор.

“Толибонни мутлақо тан олмаслик ва афғон тожиклари билан бирдамлик Миллат Пешвоси учун тилла топилмадек бўлди. У анчадан бери жамиятни Тожикистоннинг ўз муаммоларидан чалғитиб, бу қадар жипслаштира олмаётган эди”, деб ёзди “Telegram”даги каналида Афғонистонга оид масалалар бўйича россиялик эксперт Александр Князев.

8 сентябр куни Тожикистон мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан ўтказилган тантанали йиғилишда сўзлаган нутқида Эмомали Раҳмон Афғонистондаги беқарорлик ва фожиа – хорижий мамлакатлар аралашувининг натижаси эканини айтиб, “афғон халқига кўмак беришда ташаббус кўрсатмаётгани учун” халқаро ҳуқуқбонлик ташкилотларини танқид қилди.

Сиёсатшунос Парвиз Муллажонов Тожикистон акситолибон мухолифатни дастаклаш майдони бўлиши мумкинлигини истисно этмайди. “Эҳтимол, Россия Тожикистонни афғон мухолифати билан норасмий алоқа платформаси сифатида қўллаши мумкиндир. Бир томондан, бундай ёндашув Россиянинг Афғонистондаги манфаатлари хавфсизлигини кафолатласа, иккинчи томондан – мувозанатни сақлашга ва вазият ўзгаришига тайёр туришга имкон беради”, мулоҳаза қилади эксперт.

Аввалроқ Озодлик радиоси тожик хизматининг Афғонистондаги манбалари Панжширни макон тутган аксилтолибон қаршилик фронти вакиллари Россия махсус хизматлари ва ҳарбийлари билан алоқада бўлиб, улар билан Душанбеда учрашганини маълум қилганди. Шунга қарамай, расмий Москва Панжширдаги воқеалар юзасидан анчагина босиқ баёнот берди.

Бугунги кунда дунёнинг ҳеч бир мамлакати Кобулдаги Толибон ҳукуматини расман тан олмаган.

XS
SM
MD
LG