Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:58

Тошкентда ЙПХ инспекторларига "бўйсунмаслик” бўйича “қонунбузар”ларни ушлаш кунлик режаси белгилаб берилди (АУДИО)


Ўзбек милицияси автомобилни текширмоқда, Тошкент.
Ўзбек милицияси автомобилни текширмоқда, Тошкент.

"Ҳар биринг эрталабгача камида бир кишини “милиция ходимининг қонуний талабига бўйсунмаслик” моддаси бўйича “қонунбузарлар”да айблаб, ушлайсан. Ушлаб келганлар рағбатлантирилади".

Бу Озодликка келиб тушган аудиоёзувдаги овоз эгаси берган буйруқнинг мағзидир. Овоз эгаси, аудиони юборганнинг иддао қилишича, Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Азизхон Умархоновдир.

​Овоз эгаси инспекторларга қоидабузар ҳайдовчини бўйсунмаслик ҳолатига қандай олиб келиши лозимлигини айтади, бунга эришган йўл ҳаракати инспектори алоҳида рағбатлантирилишини ваъда қилади.

Озодлик Умархоновнинг овози деб иддао қилинаётган аудио юзасидан Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси матбуот хизматидан изоҳ сўраб ёзма мурожаат қилди, лекин жавоб бўлмади.​

Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Азизхон Умархонов​нинг овози деб иддао қилинаётган аудиоёзув Озодлик таҳририятига 21 апрель куни келиб тушди.

Овоз эгаси гаплари мазмунидан аудио апрель ойи бошида ёзилганини англаш мумкин.​

Озодлик тасарруфидаги аудиода овоз эгаси йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторларидан қоидабузар ҳайдовчини баённома тўлдиришгача бўлган вазиятга қандай олиб келиши лозимлигини айтар экан бундай дейди:

"Эй, нима девотсиз", деб бошлайди, тўғрими? Шу жойда қўполлик қиладиган бўлса, дарров ҳудудий ППС ёки гврадияга шартта олиб кириб, наручник и сразу ГОМга.

"Эрталабга битта минимум неподчинение қилиб берсангизлар ўша кунга кўп ишладинглар қилиб қўйиб бераман. Неподчининие, яхшилаб тушунтирасизлар. "Ҳурматли фуқаро, огоҳлантирилган эди, қўполлик қилманг, давлат идорасини ходимиман, давлат идораси ходимини қонун талабини бажармаслик маъмурий жавобгарлик кодексининг фалончи моддаларини келтириб чиқаради". "Эй, нима девотсиз", деб бошлайди, тўғрими? Шу жойда қўполлик қиладиган бўлса, дарров ҳудудий ППС ёки гвардияга шартта олиб кириб, наручник и сразу ГОМ (шаҳар милиция бўлими)га. Бир ҳафта ўн кундан бери огоҳлантириляпти халқ. Ҳайдовчилар огоҳлантириляпти, қўлга тушдими до конца жойида босилади", дейди. Тошкент шаҳар Ички Ишлар Бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Азизхон Умархонов​нинг овози деб иддао қилинаётган аудиоёзувда овоз эгаси.​

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:00 0:00
Бевосита линк

Озодлик Умархоновнинг овози деб иддао қилинаётган аудио юзасидан Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси матбуот хизматидан изоҳ сўраб ёзма мурожаат қилди, лекин жавоб бўлмади.

"Мақсад бюджетга тушумни кўпайтириш"ми?

Овозли ëзувни Озодликка жўнатган ИИБ ходимининг айтишича¸ бу аудиони унинг ўзи развод пайти ёзиб олган.

Милиция ходимларидан бўйсунмаслик ҳолатлари ҳақида "результат" талаб қилаётган амалдор эса, унинг иддаосича, Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Азизхон Умархоновдир, мақсад эса - бюджетга тушумни кўпайтириш:

Мақсад бюджетга тушумни кўпайтириш эмиш. Аммо бундай виждонни қийнайдиган ишларни қилишдан бош тортаётган инспекторлар ҳам бор.

“Одамлар тирикчилик билан кўчага чиқади. Биз уларни бўйсунмади мазмунидаги протоколлар билан штрафнойга тиқишимиз керак. Бу билан бизнинг баллар ошиб, бизни рағбатлантиришади. Мақсад бюджетга тушумни кўпайтириш эмиш. Аммо бундай виждонни қийнайдиган ишларни қилишдан бош тортаётган инспекторлар ҳам бор. Ахир, одамлар қийналишмоқда”, деди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда ИИБ ходими.

Тошкентда ЙПХ инспекторларига "бўйсунмаслик” бўйича қонунбузарларни ушлаш кунлик режаси белгилаб берилганини шаҳар Ички ишлар бошқармасининг яна бир ходими Озодликка тасдиқлади.

Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик кодексининг 195-моддасида ИИБ ходимининг қонуний талабларини бажармаслик ёки унинг ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солиш ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олиш назарда тутилган.

Мазкур ҳолатда ИИБ ходимлари маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузади, бундай ишлар маъмурий судларда кўриб чиқилади.

Ўзбекистоннинг пойтахт Тошкентдан ташқари бошқа ҳудудларида ҳам йўл патруль хизмати ходимларига “милиция ходимининг қонуний талабига бўйсунмаслик” моддаси бўйича, “қонунбузарлар”ни ушлаш тўғрисида кунлик режа белгилаб берилгани ҳақида Озодлик маълумотга эга эмас.

Лекин, Озодлик билан суҳбатда бўлган вилоятлик ҳайдовчилар "арзимаган сабаблар билан" жаримага тортиш ва уловларнинг жарима майдончасига олиниши холатлари кўпайганини айтишган.

Андижоннинг Избоскан туманилик 35 ёшли ҳайдовчи 21 апрель куни Озодлик билан суҳбатда карантин талабларини бузиб, махсус руҳсатномасиз машина ҳайдагани учун 9 миллион сўмлик жаримага тортилгани, машинаси карантин муддати тугагунга қадар жарима майдончасига олинганини айтди:

- 9 миллион штраф ҳам ёзишди. Буни устига карантин тугагунга қадар машина жарима майдонида қолади, дейишяпти. У ерда туриши кунига 15 минг сўмдан бўлади. 10 майгача карантин бўладиган бўлса қанчага тушишини ҳисоблайверасиз.

Бухоронинг Вобкент туманида эса карантин қоидаларини бузган ҳолда машина бошқарган 42 ёшли тадбиркор Исмат Жумаевнинг машинаси жарима майдонига олиниб, ўзи 7 кунга қамалди.

Қариндошлари иддаосича, тадбиркор юзида ниқоб йўқлиги учун тўхтатган йўл-патруль хизмати ходимлари билан тортишган. маъмурий кодекснинг 54-моддаси ёнига 183-модда, яъни майда безорилик, жамоат жойида уятли сўзлар билан сўкинишда айблаб қамашган, машинасини жарима майдонига олишган.

- Уни махсус руҳсатномаси бор, лекин юзингда ниқобинг йўқ, деб тўхтатишган. Рулда ўтирган пайтда ниқобни нима кераги, бор деса, орқа сидения нега олинмаган, орқа эшик нега печатланмаган, деган. Буни жаҳли чиққан. Безориликни қўшиб, 7 суткага қамаворишди. Ҳозир рухсатномаси борларга йўлда йўловчи олмасин, деб орқа сиденияни олдиришяпти, орқа эшикларни печатлашяпти. Орқа сидения олинса машина носоз ҳисобланадику. Носоз машина ҳайдаш ҳам қоидабузарликку, ЙПҲ ходимларидан бу ҳақда сўрасангиз тушунтириб беролмайди, ўртада жанжаллар келиб чиқяпти, - дейди 7 кунга қамалган бухоролик тадбиркорнинг қариндоши.

Инстаграмдаги Interesting.uz канали фойдаланувчилари жарималар эвазига Ўзбекистон ҳазнасига 38 миллион АҚШ доллари тушган бўлиши ҳақда ёзиб чиқишди.

Инстаграмдаги Interesting.uz канали фойдаланувчилари карантин даврида жарималар эвазига давлат ҳазнасига таҳминан қанча тушум қилинганини ҳисоблаб чиққан.
Инстаграмдаги Interesting.uz канали фойдаланувчилари карантин даврида жарималар эвазига давлат ҳазнасига таҳминан қанча тушум қилинганини ҳисоблаб чиққан.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги 22 апрель куни ўз расмий сайтида карантин тадбирлари эълон қилинган вақтдан бугунги кунга қадар мамлакат бўйича карантин қоидаларига амал қилмаслик билан боғлиқ 90 мингга яқин ҳолат аниқланганини маълум қилди.​

Озодлик коронавирус пандемиясининг Ўзбекистонга кириб келиши ортидан мамлакатда юзага чиққан вазиятни кузатишда давом этади. Вазиятга оид факт ва маълумотларни Озодлик орқали жамоатчилик билан ўртоқлашишингиз мумкин.

Бунинг учун Озодликнинг Telegramдаги @ozodnews каналига хабар юборинг.

XS
SM
MD
LG