Халқаро турк маданияти ташкилоти (ТУРКСОЙ) бош котиби ёрдамчиси Билол Чакичи Туркистон шаҳрида Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев ҳайкалини ўрнатиш таклифи билан чиқди. Бу ҳақда расмий ахборот агентликлари хабар берган.
Хабарга кўра, Чакичи “Туркистон – Турк дунёсининг маънавий пойтахти: интеграция ва ҳамкорлик истиқболлари” онлайн анжуманида Назарбоевнинг “туркий халқлар бирлигини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш”даги хизматларини алоҳида таъкидлаган.
“Турк дунёсининг маънавий пойтахти – Туркистон шаҳри марказида ушбу шаҳарга ўтмишдаги шавкатини қайтаришга, шунингдек, туркий халқлар интеграциясини амалга оширишда бемисл ҳисса қўшган инсон – Нурсултон Абишевич Назарбоев ҳайкалини ўрнатишни таклиф қиламан. Бу фикр менда у давлат раҳбари бўлган йилларида туркий халқлар бирлиги йўлида жонбозлик қилган, қозоқ халқининг фаровонлиги ва хотиржамлигини, унинг мустақиллигини таъминлашга интилган бу арбобга, турк оламининг донишманд оқсоқолига айрича ҳурматим важидан дунёга келди”, - деган Чакичи.
Конференция иштирокчилари таклифни “бир овоздан маъқуллаганлар”.
Қозоғистонда халқаро аэропорт, университетлар, мактаблар ва спорт иншоотларига Назарбоев номи берилган. Бундан ташқари, қатор кўчалар ҳам унинг номи билан аталади. Бир неча шаҳарда биринчи президент номи қўйилган боғлар, Назарбоев музейлари, пойтахтда эса унинг номидаги кутубхона бор.
Назарбоев истеъфога чиққанидан сўнг, у ўз ўрнига қолдирган Қасим-Жомарт Тоқаевнинг президент лавозимидаги илк фармонларидан бири пойтахт Астана шаҳри номини Нурсултон деб ўзгартириш ҳақида бўлган.
Мухолифлари собиқ президент лавозимдан кетганига қарамай ҳамон кенг ваколатларини сақлаб қолганини ва давлат аппаратига таъсир этиб келаётганини таъкидларкан, мамлакатда Назарбоев шахсига сиғиниш мавжудлигини иддао қиладилар.
Қарийб 30 йиллик ҳукмдорликдан сўнг 2019 йилда президентлик лавозимини тарк этган Назарбоев қатор ваколатларини сақлаб қолган. У амалдаги президент муҳим давлат лавозимларига тайинловларни келишиб оладиган тузилма – Хавфсизлик кенгашидан ташқари, мамлакат сиёсий майдонидаги етакчи куч бўлмиш “Нур Отан” партиясига ҳам раҳбарлик қилади.
Нурсултон Назарбоев “элбоши” унвонига эга бўлиб, унга ва унинг оила аъзоларига ҳар қандай фуқаровий ёки жиноий жавобгарликдан умрбод иммунитет ва мулкий дахлсизлик кафолатланган.